“Ашхобод-сити” лойиҳаси қурилиши мўлжалланган ҳудуднинг каттагина қисмида ер юзасига яқин қатламда сизот сувлари борлиги аниқланди. Шу муносабат билан лойиҳачилар ўнлаб баланд иморатларни ўз ичига олган бундай йирик мажмуа қурилиши катта муаммолар туғдириши мумкинлигидан чўчимоқдалар. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизматига мажмуани лойиҳалашга жалб қилинган бир неча мутахассис маълум қилди.
Уларнинг айтишича, қурилиш мутасаддилари бу янгилик билан президент ҳузурига киришга қўрқади.
Озодлик кўп йиллар Туркманистонда гидрогеология муаммолари билан шуғулланган мустақил мутахассис билан гаплашди. У юзага яқин ер ости сувлари аниқланганидан эмас, балки бу сизот сувлари борлигини лойиҳачилар шунча вақт ўтганидан сўнг билиб қолишганидан ҳайратда эканини айтди.
Озодликнинг Ашхобод мэриясига яқин манбаларига кўра, ер юзасига яқин қатламда жойлашган сизот сувлари пойдевор учун чуқур қазиш бошланган пайтда аниқланган.
“Энди улар бу янгилик билан президент ҳузурига боришга қўрқишяпти. Аммо барча лойиҳачилар бунақа вазиятда қиммат турадиган юқори технологик насос қурилмаларисиз мажмуа қурилишини давом эттириб бўлмаслигини айтмоқда. Янги халқаро аэропорт биноси расман очилганидан кейин кўп ўтмай чўка бошлаган ва деворларида чуқур ёриқлар пайдо бўлганди, бу ўша вазиятни ёдга соляпти. Лекин, мутахассислар айтишича, “Ашхобод-сити” Қорақум каналидан шимолроқда қурилаётгани учун вазият анча жиддий, бу ерда 35 қаватли бино тугул, пастроқ иморатларни ҳам қуриш мумкин эмас”, дейди манбаларимиздан бири.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил сентябрда фойдаланишга топширилган янги халқаро аэропорт биноси 2017 йил январга келиб жиддий чўка бошлагани маълум бўлганди. Ўшанда муаммога ечим топиш учун Франциянинг “Bouygues Construction” қурилиш ширкати мутахассисларини жалб қилишган.
Озодлик Туркманистонда узоқ йиллар гидрогеология муаммолари билан шуғулланган ва Ашхободнинг шимолий туманларидаги ер ости сувлари билан боғлиқ вазият билан яхши хабардор мутахассисга мурожаат қилди.
Суҳбатдошимиз “Ашхобод-сити” лойиҳачилари ер ости сувларини пойдевор чуқури қазила бошлаганидан кейингина пайқаб қолишганидан ҳайратда эканини айтмоқда.
“Қорақум каналидан шимолроқдаги ҳудудлар ярим сув босган зонада жойлашгани барчага маълум ва машҳур факт. Баъзи жойлар борки, бир метрча қазишингиз билан ер ости сувларига дуч келасиз. Буни билиш учун пойдевор чуқурини қазиш шарт эмасди. Ҳатто аэропорт ҳам каналдан жануброқда, тоғлардан оқиб келган ер ости сувларини канал ўзига тортиб оладиган ҳудудда қурилганига қарамай, сизот сувлари кеча-кундуз насос билан сўрилиб олинаётгани ҳисобига ишлаши мумкин. Шундай бўла туриб 2017 йил бошларида аэропорт биноси чўкаётгани ва деворларда ёриқлар пайдо бўлгани аён бўлган эди. Каналдан шимолроқда эса вазият янада жиддий бўлади, албатта. Мутахассислар аэропортдаги вазият такрорланишидан хавфсираётгани менга ғалати туюлади. Агар улар ростдан ҳам мутахассис бўлишса, бунга шубҳа қилмасликлари лозим эди. “Ашхобод-сити”ни айнан ўша ерда қуришга қарор қилишгани сабабини мен бошиданоқ тушунмаганман. Бу мазкур қарорни қабул қилган мулозимларнинг саводсизлигидан далолат беради”, дейди мутахассис.
“Ашхобод-сити” лойиҳаси Туркманистон пойтахтининг шимолий қисмида, Гуртлин сув омборига яқин ҳудудда қурилмоқда. Жорий йилнинг 25 май куни президент Бердимуҳамедов катта тантана билан мажмуа қурилишини бошлаб берган эди.
Расмий хабарларга кўра, умумий майдони 744 гектарга тенг мажмуа 200 бинони, жумладан, баландлиги 12 дан 35 қаватгача бўлган ва жами 107 минг киши истиқомат қилишига мўлжалланган 180 та турар-жой иморатларини ўз ичига олади. Аввалроқ мутахассислар тез-тез зилзила бўлиб турадиган Ашхободдек шаҳарда 35 қаватли бинолар қуриш мақсадга мувофиқ эмаслигидан хавотир билдирган эди.
Гидрогеология мутахассиси Озодлик билан суҳбатда Ашхободнинг мазкур туманида бу қадар йирик қурилишни давом эттириш бошқа муаммоларни туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирди.
“Бу ерда сизот сувларига бевосита дахлдор ўзга муаммо ҳам бор. Бу – шўрланиш. Туз нафақат экилган дов-дарахтлар ва ўсимликларга хавф солади, балки келтириб тўкилган тоза тупроққа ҳам кириб бориб, иморатларни нуратади. Бунақа туманларда тузга чидамли махсус бетон ишлатиш керак ва у жуда қиммат туради. Шунингдек, ер ости сувлари яқин бўлгач сейсмик хавф-хатар ҳам кескин ортади”, дейди мутахассис.
Бошқа манбамиз президент администрацияси катта эҳтимол билан муаммодан хабардорлигини иддао қилмоқда. Афтидан, Шомуҳаммад Дурдилиевнинг бош вазир ўринбосари лавозимидан бўшатилиб, “Ашхобод-сити” қурилиши дирекциясига раҳбар этиб тайинланиши шундан дарак беради.
“Дурдилиев шаҳар ҳокими бўлиб ишлаб юрган кезларда “Ашхобод-сити” лойиҳаси муаллифларидан бири эди. Барча меъморчилик ҳужжатлари унинг қўлидан ўтган, қурилиш учун Қорақум каналидан шимолроқдаги илгари Чўғанли чорбоғ участкалари жойлашган мазкур туманни танлаган ва президентга таклиф қилган ҳам унинг ўзи. Шунга кўра, президентга муаммо ҳақида маълум қилинганини ва Дурдилиев “ўзи пиширган ошни ейиши учун” қурилишга жўнатилганини тахмин қилиш мумкин”, деб мулоҳаза қилади Ашхобод шаҳри маъмуриятига яқин манбамиз.
Ташаббускори президент Бердимуҳамедов бўлмиш миллиардлаб доллар қийматли навбатдаги мегалойиҳа қурилиши Туркманистон оғир иқтисодий инқирозга юз тутиб, аҳолининг асосий қисми қашшоқлашиб кетган пайтга тўғри келди.
Бердимуҳамедовнинг қарийб 15 йиллик бошқаруви даврида ўнлаб миллиард сарфлаб қурилган иншоотларнинг аксарияти йил бўйи фойдаланилмайди.
Расмий қайдларга кўра, сўнгги беш йил давомида Туркманистонда қурилиш лойиҳаларига 50 миллиард доллардан зиёд маблағ харжланган. Айни даврда, яна ўша расмий маълумотларга кўра, давлат бюджети йилига ўртача 10 фоиздан қисқариб бориб, 2017 йилдаги 104 миллиард манатдан 2021 йилда 79 миллиард манатга камайиб кетган.