Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:01

ЗИЛЗИЛА: Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 37 мингдан ошди. БМТ ҳисобича ҳалок бўлганлар сони 50 мингдан кўпроқ


  • Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Туркиядаги зилзила оқибатида ҳалок бўлган тўрт ўзбекистонликнинг жасади ватанига жўнатилганини билдирди.
  • Туркия ва Cурияда 6 февраль куни юз берган зилзила қурбонлари сони 30 мингдан ошди. Улардан 29,5 мингги туркиялик, 4,5 мингга яқини суриялик экани айтилмоқда.
  • Икки давлатнинг зилзила эпицентрига яқин ҳудудларида икки бор кучли ер қимирлади - эрталаб 7,8 магнитуда ва куннинг иккинчи ярмида 7,6 магнитудали силкиниш қайд этилди.
  • 7,4 магнитудали биринчи зилзиладан сўнг, биргина Туркиянинг ўзида 32 та зилзила содир бўлди, улардан олтитаси 6 баллдан юқори.
  • Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, жами 23 миллион одам, шу жумладан 1 ярим миллионга яқин ёш бола зилзиладан жарб кўрган.
  • Дунё давлатлари, хусусан Ўзбекистон ҳукумати ҳам зилзиладан жабрланганларни қутқарув учун Туркия ва Сурияга ёрдам йўлламоқда.
Зилзила нобуд бўлган ёки жабр кўрган ўзбекистонликлар ҳақида
Озодликка маълумот бермоқчи бўлсангиз, бизга боғланинг:
Телеграм: @ozodnews
SMS ва қўнғироқлар учун: +420 724 971 539; +420 608 549 460

Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 37 мингдан ошди

Хабарларда билдирилишича, Туркияда 30 мингдан кўпроқ, Сурияда эса камида 6 минг киши ҳалок бўлган. БМТнинг билдиришича, ўлганлар сони 50 мингдан ошиши мумкин.

Қутқарувчилар ҳалигача вайронлалар остидан тирик одамларни топмоқдалар, бироқ бу каби хабарлар оқими камайди. 13 февраль куни Туркияда вайроналар остидан уч аёл ва 4 ёшли бола чиқариб олингани хабар қилинди. Улар вайроналар остида 170 соат қолиб кетган.

Туркия ҳуқуқ-тартибот органлари сифатсиз биноларни қурганликда гумонланган 131 киши қўлга олинганини маълум қилди. Уларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Reuters агентлигининг ёзишича, XXI зилзилалар энг кўп ўлимларга сабаб бўлувчи табиий офатлар рейтингида 6-ўринни эгаллади. Авввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Туркия ва Сурияда 6 февраль куни юз берган зилзилада камида 26 миллион киши жабрлангани тўғрисида билдирган эди.

Яна бир ўзбекистонликнинг жасади Туркиядан Тошкентга жўнатилди

Зилзила оқибатида Шонлиурфа шаҳрида вафот этган яна бир наманганлик 42 ёшли аёл М.Б.,нинг жасади Тошкентга жўнатилгани тўғрисида 13 февраль куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.

“Дарё” нашрининг аниқлашича, М.Б., Наманган вилоятининг Норин туманидаги “Боёвул” маҳалласида истиқомат қилган. У 2022 йил ноябрида Туркияга меҳнат муҳожирлигига кетган.

“Яқинларининг билдиришича, у 6 февраль куни рўй берган зилзиладан соғ-омон чиққан, бироқ ўзи ишлаётган хонадон вакиллари билан машинада кетаётган пайт зилзиладан қулаётган уйларни кўриб юраги дош бермаган ва шу ердаги касалхонада вафот этган. Унинг аввалдан юраги заиф бўлгани айтилмоқда”, дейилади хабарда.

Аввалроқ андижонлик 56 ёшли У. Ҳ.,нинг жасади Ҳатайдаги, наманганлик 40 ёшли Н. М.,нинг жасади Каҳраманмарашдаги вайроналар остидан топилгани ҳамда уларнинг жасадлари 11 февраль куни Ўзбекистонга жўнатилгани хабар қилинган эди.

8 февраль куни Малатья шаҳрида бир ўзбекистонлик жасади топилгани билдирилган.

Туркиядаги зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони якшанба кунги маълумотда 29,5 мингга етгани айтилди. Al Jazeera телеканали Сурияда зилзиладан 4,5 минг киши деган рақамни келтирмоқда.

Ўзбекистонлик ошпазлар Газиантеп аҳолиси учун кунига икки маҳал овқат тайёрламоқда

Туркиянинг зилзиладан жабрланган Газиантеп шаҳрида Ўзбекистондан ёрдамга келган ошпазлар ҳар куни камида 6 та катта қозонда кунига 2 маҳал палов ва миллий таомлар пишириб, халққа тарқатмоқда. Бу таомларни пишириш учун масаллиқлар гуманитар ёрдам сифатида Ўзбекистондан келтирилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги элчихонаси 12 февралда маълум қилди.

ЖССТ: Туркия ва Сурияда зилзиладан 26 минг киши жабрланди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг билдиришича, 6 февралда Туркия ва Сурияда юз берган ер қимирлаши оқибатида жами 26 миллион киши жабрланди. Ташкилотнинг шанба куни маълум қилишича, ҳар икки давлатда камида 28 мингдан кўпроқ киши ҳалок бўлган.

ЖССТ табиий офатдан жабрланганларга ўта зарур ёрдамларни уюштириш учун тез орада 42, 8 миллион доллар ажратишга чақирди.

ЖССТ маълумотларига қараганда, Туркияда зилзиладан зарар кўрган камида 15 миллион киши, Сурияда 11 миллионга яқин киши ёрдамга муҳтож.

Туркиядаги зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 24 617 кишига етгани тўғрисида шанба оқшомида Туркия бош вазири ўринбосари Фуат Ўқтай маълум қилган. Якшанба кунги маълумотда эса, ҳалок бўлганлар сони 29,5 мингга етгани айтилди. AFPнинг хабар беришича, Сурияда 3 553 минг кишининг жасади топилган. Al Jazeera телеканали эса 4,5 минг киши деган рақамни келтирмоқда.

Туркиядаги зилзилада ҳалок бўлган икки ўзбекнинг жасади ватанига келтирилди

Туркиядаги зилзила оқибатида ҳалок бўлган икки нафар ўзбекистонликнинг жасади ватанига юборилди, деб хабар берди Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси.

Андижонлик 56 ёшли У. Ҳ.,нинг жасади Ҳатайдаги, наманганлик 40 ёшли Н. М.,нинг жасади Каҳраманмарашдаги вайроналар остидан топилган. Уларнинг жасадлари 11 февраль куни Ўзбекистонга юборилган.

Бош консулхонанинг билдиришича, 10 февралда Адана шаҳридан 2 ўзбекистонлик, 11 февралда Малатя шаҳридан бир оиланинг 5 аъзоси, Газиантеп шаҳридан бир ўзбекистонлик Тошкентга эвакуация қилинди.

Бундан аввал Малатья шаҳрида бир ўзбекистонлик жасади топилгани билдирилган. 8 февраль куни Хатай, Қаҳрамонмараш ва Малатядаги вайроналар остидан ўзбекистонлик бир аёл ва икки эркак топилгани, улар касалхонага ётқизилгани хабар қилинган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг билдиришича, 6 февралда Туркия ва Сурияда юз берган ер қимирлаши оқибатида жами 26 миллион киши жабрланди. Ташкилотнинг шанба куни маълум қилишича, ҳар икки давлатда камида 28 мингдан кўпроқ киши ҳалок бўлган.

Туркияда уч ўзбекистонлик қутқарилди

Туркиядаги Ўзбекистон консуллиги берган маълумотга кўра, Қаҳрамонмараш вилоятида бедарак йўқолган ўзбекистонликлардан бири - Бойбеков Рашид Анвар ўғли топилгани хабар қилинди.

1996 йилда туғилган Aкрамжон Хошимов Малатя вилоятидаги вайроналар остидан чиқарилган ва ҳозир Медипол Мега шифохонасида даволанмоқда.

1982 йил Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида туғилган Шотирбекова Aсал Ҳатай вилоятида бинолар орасидан қутқариб чиқарилган.

ТИВ: Туркияда 13 ўзбекистонлик қидирилмоқда

Туркиянинг зилзила содир бўлган ҳудудида 13 нафар ўзбекистонлик қидирилмоқда.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонасига кўра, қидирилаётган икки ўзбекистонлик топилган.

Ер силкинишлари бўлган ҳудуддан 17 нафар ўзбекистонлик олиб чиқилиб, уларнинг Истанбулга келишига кўмак берилгани қайд этилди.

Аввалроқ МОҚ Қаҳрамонмараш шаҳридаги халқаро мусобақада иштирок этган 13 нафар ўзбекистонлик ёш курашчи зилзила марказидан олиб чиқиб кетилганини маълум қилган эди.

ТИВ томонидан 7 февраль куни тарқатилган маълумотда эса зилзила ҳудудида ўзбекистонлик бир фуқаро ҳалок бўлгани, яна 4 нафари бедарак йўқолгани айтилганди.


Ўзбекистон ФВВ вакиллари 7 февраль куни Хатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлаган.

10 минг нафардан ортиқ этник ўзбек истиқомат қилаётган бу ҳудудда ўзбекистонлик қутқарувчилар ишламоқда.

Консуллик: ўзбек қутқарувчилар 9 кишини қутқарди

Ўзбекистоннинг Анқарадаги консуллиги берган маълумотга кўра, ўзбекистонлик қутқарувчилар 8 февраль соат 8:00 га қадар 132 квадрат метр майдонда 430 метр куб вайроналарни тозалашган.

Турли даражада тан жароҳатлари олган 9 кишини қутқаришган, яна 12 кишининг жасадини вайроналар остидан олиб чиққан.

ТИВ: Малатяда бир ўзбекистонлик нобуд бўлди

Туркиянинг Малатя вилоятида зилзила оқибатида ўзбекистонлик бир фуқаро ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ТИВ қайдича, 7 февраль соат 10.00 (Тошкент вақти) ҳолатига кўра, зилзила ҳудудидаги тўрт нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолган.

“Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда”, дейилади хабарномада.

Айни пайтда Туркиядаги зилзила оқибатида зарар кўрган ўзбекистонликларга тегишли ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган штаб ташкил этилгани билдирилган.

Хабарномада президент Мирзиёев топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлагани, бу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилиши қўшимча қилинган.

Анқарадаги штаб: ўзбеклардан ўнлаб мурожаат бўлди

Ўзбекистон ҳукумати томонидан Анқарада ташкил қилинган штабдан олинган маълумотга кўра, Туркияда содир бўлган зизиладан кейин ёрдам сўраган ўнлаб ватандошдан телефон бўлган.

Штаб вакили, яқинларини қидираётган ва шу каби масалада ёрдам сўраётган ўзбекистонликлар телефон қилаётганини билдирди.

Вакилнинг Озодликка айтишича, қурбонлар ва бедарак йўқолган ўзбекистонликларга оид маълумотлар пайдо бўлиши билан эълон қилиб борилади.

"Батафсил маълумот учун Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига боғланинг", деб тавсия қилди штаб вакили.

Бу вакилдан олинган яна бир маълумотга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ёрдам учун йўллаган 100 кишилик делегация бугун Овакентга етиб борган ва асосан этник ўзбеклар яшайдиган бу ҳудудга бориш қарори Туркия томони тавсияси билан қабул қилинган.

Хитой Туркияга $6 млн. ёрдам беради

Хитой ҳукумати Туркияда зилзила оқибатларини бартараф этиш учун 5 миллион 600 минг доллар ёрдам ажратганини маълум қилди.

Хитой Ташқи ишлар вазири Мао Нингга кўра, ўз ҳукумати Туркиядаги Қизил ярим ой ташкилоти орқали ёрдамни етказаётгани, айни шаклда Сурияга ҳам ёрдам етказилаётганини маълум қилди.

Вазирга кўра, Хитой раҳбари Туркия ва Сурия давлат раҳбарларига қўнғироқ қилиб, ўз ҳамдардлигини билдирган.

Сурияда ўлганлар сони 1600дан ошди

Суриянинг Жандарис шаҳридаги вайроналар остидан тортиб олинган ёшгина қизалоқ видеоси жаҳон ахборот воситаларида берилмоқда.

Юзларини чанг қоплаган қизалоқнинг танаси кўкрагигача синиқ бетонлар остида қолган эди. Улар қизалоқни тезроқ тортиб олиш учун, вайрона қолдиқларини қўллари билан кавладилар.

Кейин маълум бўлишича, вайрона остидан тортиб олинган Нур қаттиқ лат етмаган.

Қутқарувчилар шу шаҳарда Хорун исмли ёш болани ҳам вайронлар остидан тортиб олишди.

"У қимирласин, шунда олдидан жой очилади, кейин олдинга силжиши мумкин. У ерда ҳеч нарса йўқ. Бўла қол Хорун, қимирла. Майли, бироз дам олсин. Кел энди Хорун, менга қараб юр. Секин! Кела қол, кел”, дейди қутқарувчи.

Ўтган тунда қутқарувчилар вайроналар остидан кўплаб одамларни қутқариб олишди. Ҳаво кескин совигани, айрим ҳудудларда қор ёққанига қарамай, қидирув-қутқарув ишлари тинимсиз давом этмоқда.

7 февраль эрталабгача, Суриянинг ўзида қурбонлар сони 1600 дан ошди, Туркия билан бирга жами қурбонлар сони 5 мингга етди.

Қурбонлар сони 5 мингдан ошди

Сўнгги маълумотларга кўра, 6 февраль куни Туркия ва Сурияда юз берган зилзилада қурбон бўлганлар жами сони 5 минг нафардан ошди.

Туркиянинг ўзида қурбонлар сони 3 минг 419 нафарга етган, 20 минг 426 киши жароҳатланган. Қидирув-қутқарув ишларига 24 минг одам жалб қилинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотга кўра, жами 23 миллион одам, шу жумладан 1 ярим миллионга яқин ёш бола зилзиладан жарб кўрган.

Хатай, 7 февраль, 2023
Хатай, 7 февраль, 2023

Туркияда камида 10 та йирик шаҳар жабрланган, камида 1700 та уй вайрон бўлган.

Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳрида бутун бир турар-жой майдони вайрон бўлганини воқеа жойидан олинган суратлар кўрсатади.

Диярбакирда катта вайронагарчилик қайд этилди. Ижтимоий тармоқларда вайронагарчилик акс этган сурат ва видеолар жойлаштирилмоқда, айрим видеоларда эса уйларнинг қулаши жонли акс эттирилган.

Хатай - зилзиладан энг кўп жабр кўрди

Туркиянинг Хатай вилояти зилзиладан энг кўп жабр кўрган ҳудуд бўлиб қолмоқда.

Сурияга чегарадош бу вилоятда камида 872 киши зилзилада нобуд бўлгани аниқланди.

Бу ерда аҳоли ҳануз қутқарув ёрдам етарли эмаслигидан шикоят қилмоқда, қутқарувчилар эса уларда воситалар етмаётганини айтмоқда.

Хатайда қулаган бино, 7 февраль, 2023
Хатайда қулаган бино, 7 февраль, 2023

Туркия Табиий офатлар ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти жами 13 минг 740 ходими қутқарув ишларига жалб қилингани, аммо вайроналар қўлами жуда катта эканини билдирди.

Расмий маълумотга кўра, Туркия жанубида 6 мингга яқин бино вайрон бўлган, биргина Хатайда 1200 бино қулаган.

Хатай вилоятининг маъмурия маркази - Антакияда 10 қаватли бинолар тўлиқ қулаб тушган, қутқарувчилар бу вайроналар остида қолганлар қидириш учун жиҳозлар етишмаётганини айтмоқда.

Бундан ташқари, Хатайда 400 мингдан ортиқ суриялик қочқин жон сақлаётган эди.

Эрдўғон: 1939 йилдан бери энг кучли зилзила

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 1939 йилги зилзиладан сўнг энг кучли зилзила деб атади.

Сейсмологларнинг қайд этишича, бу охирги пайтларда Туркиядаги энг ҳалокатли зилзилалардан бирига айланиши мумкин.

Туркия табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (АФАД) маълумотларига кўра, тебранишлар магнитудаси 7,4 баллни ташкил қилган.

Хатайда қулаган бино, 7 февраль, 2023
Хатайда қулаган бино, 7 февраль, 2023

Аввалига Зилзила Қаҳрамонмараш вилоятининг Пазаржик туманида маҳаллий вақт билан соат 4:17 да 7 км чуқурликда содир бўлган.

Кейинроқ Газиантеп вилоятида 6,4-6,6 магнитудали яна учта зилзила содир бўлди. Шунингдек, сейсмологлар 22 та ер силкинишини қайд этишган.

7,4 магнитудали биринчи зилзиладан сўнг, биргина Туркиянинг ўзида 32 та зилзила содир бўлди, улардан олтитаси 6 баллдан юқори.

Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу зилзила Қаҳраманмараш, Газиантеп, Ҳатай, Усмония, Адияман, Малатя, Диярбакир каби ўнта вилоятда сезилганини маълум қилди.

Сулаймон Сойлу камида 10 та шаҳар зарар кўрганини айтди. Диярбакирда савдо маркази қулаб тушди.

Ер силкиниши бир неча давлатда қайд этилди

Ер силкинишлари бир қанча ҳудудларда – Адана, Анқара, Анталия, Газиантеп, Кайсери, Мерсин, Трабзон, Урфа, шунингдек, бутун минтақада – Кипр, Ливан ва Сурияда сезилиб, Туркиядаги каби кўплаб одамлар ҳалок бўлди.

Рейтерс хабарига кўра, Сурия давлат матбуоти Алеппо вилоятида кўп сонли бинолар қулаганини маълум қилган.

Сурия ҳукумати маълумотларига кўра, 237 киши зилзила қурбони бўлган, яна 639 киши жароҳатланган.

Суриянинг Хама шаҳрида саккиз қаватли бино қулаб тушди. Қутқарувчилар вайроналарни тозаламоқда. SANA агентлигига кўра, Латакияда ҳам вайронагарчиликлар кузатилмоқда.

Сурия, 6 февраль, 2023
Сурия, 6 февраль, 2023

Гувоҳларнинг айтишича, Дамашқда, шунингдек, Ливаннинг Байрут ва Триполи шаҳарларида одамлар уйлар қулаб тушишидан хавфсираб, машинларда узоқроқ жойга борганлар. Ер силкинишлари Арманистон-Грузия чегарасида ҳам сезилган.

Турк Қизил ярим ой жамияти раҳбари Керем Киник Туркия халқаро ёрдамни қабул қилишга тайёрлигини билдирди.

ЮНЕСКО рўйхатидаги қалъа қулаб тушди

Ғазиантепада ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий қалъа зилзила оқибатида қулаб тушди.

Бу ҳақда Туркиянинг Yeni Safak газетаси хабар берди. Қалъанинг деворлари ва миноралари вайрон бўлган, уларни қайта тиклаш мумкинми ёки йўқми, ҳали номаълум.

У илк бор Хет подшоҳлиги даврида қурилган. II-III асрларда қалъа римликлар томонидан қайта қурилиб, кенгайтирилган.

Ўз тарихи давомида қалъа кўп марта қайта тикланган ва 2000-йилларнинг бошларида амалга оширилган реставрация натижасида ўзининг якуний шаклини олган. У панорамали музей сифатида ишлатилган.

Сурияда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Ҳалаб қалъаси ҳам вайрон бўлди.

Туркия дунёдаги энг фаол сейсмик зоналардан бирида жойлашган. 1999 йилда мамлакат шимоли-ғарбидаги Измир минтақасида содир бўлган кучли зилзила оқибатида 17 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган эди.

АҚШ Геология хизмати, Қаҳраманмарашдаги зилзила Туркияда охирги юз йилдаги энг кучли зилзилалардан бири эканлигини қайд этди.

Америкалик геологлар буни 1939 йилда Туркия шарқида содир бўлган ва 30 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган 7,8 магнитудали зилзилага таққослаган.

Форум

XS
SM
MD
LG