Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 01:32

“Бир юрак, бир билак бўлиб”. Нега автократлар табиий офатдан ҳам сиёсий очко ишлашади?


Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмарашда зилзила оқибатларини кўздан кечирмоқда.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмарашда зилзила оқибатларини кўздан кечирмоқда.

Туркияда ўн минглаб одамнинг ёстиғини қуритган кучли зилзила манзарасида Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукумати қаттиқ танқидларга учради. Бироқ президент жамиятни бирликка, ҳамжиҳатликка чорламоқда ва айни чоғда... ижтимоий тармоқларни блоклатмоқда. Нега президентлар ҳатто табиий офатлардан сиёсий фойда чиқаришга уринадилар?

Туркия ва Сурияда юз берган зилзила қурбонлари сони 45 мингдан ошди. 7,8 магнитудали ер силкиниши оқибатларини бартараф этишда 60 дан зиёд мамлакат иштирок этмоқда. Ҳатто Анқара билан азалдан душман бўлган Арманистон билан Греция ҳам ўз қутқарув гуруҳларини кўмакка жўнатди. Фалокатданн икки ҳафта ўтган бўлса-да, харобалар тагидан тирик одамлар топиляпти.

2016 йили, Туркияда давлат тўнтаришига уриниш бўлганида президент мобил телефон ва ижтимоий тармоқлар орқали халққа мурожаат қилган эди. Аммо 6 февралдаги зилзиладан сўнг Анқара ижтимоий тармоқлар, жумладан TikTok ва Instagram’га киришни чеклаб қўйди, бир неча кун олдин эса Twitter’ни блоклатди. Интернетга кириш чеклангани ҳукумат устига “танқид тошлари ёғила бошлаганидан сўнг” сезилди. 8 февралда кўп одамлар Тармоққа прокси-серверлар орқали киришга мажбур бўлишди. Кейинроқ интернетга қўйилган тўсиқлар бирмунча юмшади. Умуман, Туркия табиий офат ва фавқулодда ҳолатлар чоғида ижтимоий тармоқларни чеклашда катта тажрибага эга.

ЗИЛЗИЛА: Даҳшатли офатни яшаган Туркия ва у ердаги ўзбеклар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:03 0:00

Ҳозирда мамлакатда вайронкор зилзила оқибатларини ёритган мухбирлар сўроқ қилинмоқда, ТВ эфирлари жонли ёйин вақтида узиб қўйиляпти. Бош прокуратура ҳукуматни танқид қилган журналистлар – Мердан Янардағ ва Анвер Айсеверга қарши жиноят ишлари очган, уларни “адоват ва нафрат қўзғатиш”да айблашмоқда. Терговга тортилганлардан яна бири – сиёсатшунос Ўзгун Эмре Коч.

9 февралда турк расмийлари “аҳолини ваҳима ва қўрқувга солганлик ҳолатлари”дан 274 та аниқланганини эълон қилишди. Шу муносабат билан ўнлаб одам ушланган, бир неча киши ҳибсда тутилмоқда.

Эрдўғон ва унинг танқидчилари: ким нима дейди?

Шу аҳволда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон халққа Twitter орқали мурожаат қилиб, аҳилликка чорлаётир.

Зилзиладан сўнг президент Тармоқда қолдирган постлардан айримлари булар:

“Миллат ва давлат ўлароқ бирлигимиз ва аҳиллигимиз соясида, иншааллоҳ, бу фалокат кунларидан ўтиб оламиз. Бу кун – бизнинг бир юрак ва бир билак бўладиган кунимиздир...”

“Биз миллат сифатида ўз тарихимиздаги энг буюк офатлардан бирига юзма-юз келдик. Бироқ биз юракларимизга инган бу мусибат ўтини ўчирмоққа қатъий жазм этганмиз. Бирлик ва бирдамликда собит эканмиз, Аллоҳнинг инояти билан, бу балоларни ҳам енгажакмиз”.

“Биз – ҳар бир мушкулот ортидан енгиллик келишига ишонувчи халқмиз. Бу оғир кунларни биргаликда енгиб ўтамиз”.

Рақиблари Эрдўғоннинг бу каби сўзларини “баландпарвоз” ва сайлов арафасида “очко олиш учун” айтилган сўзлар деб ҳисоблашади. Мухолифат эса “ҳукумат тўғри ҳаракат қилганида талафот бу қадар катта бўлмасди”, деган фикрда қаттиқ туриб олган.

Мухолифатдаги Халқ-демократик партияси лидери ва президентликка муҳтамал номзодлардан бири бўлмиш Кемал Қиличдароглу табиий офат жойини бориб кўрганида даҳшатга тушганини айтди. У Эрдўғон мамлакатни 20 йил бошқарганига ишора қилиб уни “аср фалокати” деб атади.

Туркия суди сиртдан 27 йилга ҳукм қилган, ҳозирда Германияда истиқомат қилувчи журналист Жан Дундер Эрдўғон “1999 йилги зилзила оқибатларидан фойдаланиб” ҳокимият тепасига келганини эслатди.

“Афтидан, унинг ҳокимияти 2023 йилги зилзила харобалари остида қоладиганга ўхшайди. Минглаб инсонни ҳаётдан олиб кетган зилзила вайроналари унинг учун сиёсий вайроналар бўлади”, деб ёзди қувғиндаги журналист.

1999 йилги ер силкинишларидан сўнг Туркияда “зилзила солиғи” жорий қилинганди. Эджевит ҳукумати киритган ушбу “муваққат” солиқ миқдори кейинроқ, Эрдўғон ҳукумати даврида оширилган. 2018 йилда эса Эрдўғон ҳукумати, сайловчилар кўнглини қозониш мақсадида ноқонуний қурилишларга амнистия эълон қилган эди.

Эрдўғоннинг ўзи вайронкор зилзила оқибатларини атом бомбаси портлашига менгзар экан, қулаб тушган иморатларнинг 98 фоизи 1999 йилга қадар қурилганини таъкидлайди. 14 февралдаги чиқишида у рақибларини туҳматда ва зилзиладан сиёсий очко ишлашга уринаётганликда айблади.

Бунга қадар Туркияда энг кучли зилзила 1999 йилда содир бўлган. Ўшанда 17 минг киши ўлган эди.

Бу йил мамлакатда президент сайлови ўтказилади. Сайлов 14 май куни – қонунда белгиланган муддатидан бир ой олдин бўлади. Салкам 20 йилдан бери ҳокимиятда (2003 йилдан – бош вазир, сўнгра – президент) бўлган Эрдўғон бу гал ҳам номзодини қўймоқчи. Зилзиладан кейинги чиқишларида у жамиятни ўз атрофида жипслашишга чорлай бошлади.

Айни чоғда Эрдўғон фавқулодда вазият билан боғлиқ масалаларни сиёсийлаштирмасликни илтимос қилади. Унинг коалициядаги иттифоқдоши, “Миллий ҳаракат” партияси етакчиси Давлет Бахчели “ҳозир мунозара фурсати эмас”, дея президент тарафини олди.

OzodNazar: Ўзбекистон Қурилиш вазири муовинининг ғалати баёноти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:01 0:00

Туркия ва Марказий Осиё: Умумий ўхшашликлар

2020 йили Ўзбекистоннинг Сардоба сувомбори тўғони ўпирилиши натижасида олти киши ўлиб, қарийб 70 минг киши эвакуация қилинганди.

Сардоба сувомбори 2010 йилда қурилган, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев у пайтлар бош вазир эди.

Сардобадан тошган сув Ўзбекистон билан чегарадош Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларигача қамраб олди. Мирзиёев сувомборига ва зарар кўрган ҳудудларга бир неча марта борди. У аҳоли билан учрашувларда мазкур туманларда илгари сув танқис бўлганини урғулаб, сувомбори қурилиши тўғри қарор бўлганини исботлашга тиришди. Президент янги уйларга ишора қиларкан, “бир ёмоннинг бир яхшилиги бор”лигини, яъни тошқин “шарофати билан” одамлар яхшироқ шароитда яшай бошлашини айтди.

“Янги шаҳар, янги туман, янги кўча ва обод маҳаллалар қурамиз – бу яхши. Сизлар хотиржам бўласиз, менинг ҳам кўнглим тинчийди”, деди у.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳар йили “бу йил қиш қаттиқ келади”, дея огоҳлантиради, лекин аҳоли эҳтиёт чораларини амалда кўрмаяпти. Мамлакатнинг тоғли ҳудудларида одамлар табиий офатлардан жабрланмоқда, мол-мулкидан айрилмоқда.

2010 йилда Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги Қизилоғоч қишлоғида сувомбори тўғони ёрилиб кетиб, камида 45 киши нобуд бўлди. Қишлоқни сув босди, тошқиндан сўнг эса янги уйлар қурилди.

Қизилоғочга қайта қурилганидан кейин Нурсултон Назарбоев қишлоққа бориб, тошқин қурбонлари хотирасига ўрнатилган ёдгорликни очади. Ўша маросимда Назарбоев барча автократларга каби ҳукмфармолик оҳанггида нутқ сўзлар экан, қишлоқ аҳлининг аксари “Қозоғистонга бирон хизмати сингмаган” оралманлар эканини айтади.

Президент ўз чиқишида одамларга “давлат иқтисодий қийинчиликларга қарамай улар учун уйлар қуриб берганини унутмаслиги керак”лигини эслатаркан, “бунақа яхши уйларда яшаш хаёлингизга ҳам келмагандир”, дея қўшиб қўяди. Назарбоевнинг ўша фожиадан сўнг айтган бу такаббурона сўзлари жамиятда катта резонанс чиқарган эди.

Кейинроқ, 2015 йилда Олмаотадабўлиб ўтган ёшлар форумида Қозоғистон президенти мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир қилувчи омиллардан баҳс этаркан, Қозоғистон халқи Ғарбий Европа, БАА ва АҚШ аҳолиси каби фаровон яшамаслигини иқтисодиёт ва иқлим мамлакатни кўп энергия сарфлашга мажбур этаётгани билан изоҳлайди.

“Бизга улги бўлаётган энг бой 30 мамлакатда иқлим Қозоғистондагидан анча қулай... Биз барча корхоналаримизни, шаҳар ва қишлоқларимизни йилда етти ой иситишга мажбурмиз”, дейди у.

Назарбоев, шунингдек, Қозоғистон иқтисодиёти ва аҳолисининг турмуш даражасига ноқулай иқлим, масофалар узоқлиги ва денгизга чиқиш имкони йўқлиги салбий таъсир этаётганини айтади.

Тўғри, Туркиядаги вайронкор зилзила ва Марказий Осиёда содир бўлган табиий офатларни ҳеч нима билан қиёслаб бўлмайди. Бироқ ушбу мамлакатлар раҳбарларининг фалокат кезларидаги баёнотлари уларнинг ҳақиқий вазиятдан огоҳ эмаслигини ва узоқ вақт ҳокимиятда қолиш натижасида бошқа воқеликда яшаётганини кўрсатади.

Зилзила рўй беришидан олдин Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг рейтингги тушиб кетган эди. Бунга иқтисодий тушкунлик ва тизгинсиз инфляция сабаб бўлди. Бироқ бўсағадаги сайловларда қатнашишдан энг кўп манфаатдор бўлган Эрдўғон зилзила оқибатларига қарши курашдан ўз обрўсини тиклаш йўлида фойдаланишга уринаётганга ўхшамоқда.

Туркияда президент беш йилга сайланади. Бир киши икки муддатдан ортиқ президент бўлиши мумкин эмас. 2017 йилда Туркия Конституцияга тузатишлар киритиш бўйича референдум ўтказиб, бошқарувда парламент республикасидан президентлик республикасига ўтган.

Айрим маълумотларга кўра, 14 майда Туркияда бир пайтнинг ўзида ҳам президент, ҳам парламент сайловлари ўтказилади.

2023 йил октябрда Туркия Республикаси ташкил топганига 100 йил тўлади. Ушбу катта сана ва сиёсий кампания арафасида Эрдўғоннинг хатти-ҳаракатлари ва баёнотлари у автократизм йўлидан қайтмаслигини кўрсатмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG