Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2022, Тошкент вақти: 00:24

"Захирадаги дипломатик аэродром". Мирзиёев Туркий саммитдан қандай мақсадни кўзлаганди?


ТДТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилотнинг илк саммитида. Самарқанд, 11 ноябрь, 2022 йил

10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон иштирокида Туркий давлатлар ташкилоти саммити бўлиб ўтди.

Сиёсатшунос Рафаэл Сатторов “Настояшчее время”га берган интервьюсида ушбу саммитга заруратни бир неча омил билан изоҳлайди. Жумладан, президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонни дунёга янгича форматда тақдим этиш, халқаро сиёсатда янги ўйинчига айлантириш истаги.

-Назаримизда, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги пайтларда ташаббусни ўз қўлига олиб, нафақат ўз мамлакатида, балки бутун минтақада лидер бўлиб олишга интилаётгандек. Сиз нима дейсиз?

Рафаэл Сатторов: Мирзиёев Ўзбекистонда Янги Ўзбекистонни қурмоқда, бинобарин мамлакат ўзини янги форматда – халқаро сиёсатдаги янги ўйинчи ўлароқ намойиш этмоғи лозим. Бироқ мен Мирзиёев Марказий Осиё лидерлигига интиляпти, демаган бўлардим. Аммо, рост, у ҳурмат-эътиборли ҳамкор ва халқаро даражадаги муҳтарам президент бўлишни, Марказий Осиё доирасидан ташқарига чиқишни ва бошқа форматларда қандайдир ташаббусларни илгари суришни истайди, албатта. Шу боис ҳам у Янги Ўзбекистон ғоясини, янгича ёндашувларни ўртага ташлади, ўзини янгича фикрловчи раҳбар сифатида кўрсатмоқчи бўляпти. Бу каримовчилик эмас.

-Саммитда асосан тантанавор гаплар айтилди. Шундай бўлса ҳам айтинг-чи, бу тадбир муҳиммиди ёки у навбатдаги сиёсий базмми?

Рафаэл Сатторов: Униси ҳам, буниси ҳам тўғри. Биринчи галда бу аввало, катта сиёсий гурунг – бир неча туркий давлатда электорал жараёнлар бошланиши муносабати билан уюштирилган тадбир. Мен Туркия билан Қозоғистонни назарда тутяпман. Туркий давлатлар саммити долзарблигини йўқотган эски йиғинлар ўрнини эгаллаган янги глобал сиёсий тадбирга айланди.

Иккинчидан, бу у ёки бу дипломатик изоляциядан чиқишга ёрдам берувчи майдондир. Саммит – дипломатиянинг кўпвекторлилиги кўрсаткичи ёки иштирокчи давлатлар, хусусан Туркия, Қозоғистон ва Ўзбекистон учун “захирадаги дипломатик аэродром” каби. Улар туркчилик омилини ёки туркийлар ҳамкорлиги руҳини истаганда кучайтириб ёки пасайтириб туришлари мумкин. Шу нуқтаи назардан мазкур тузилма ҳам сиёсий гурунг, ҳам дипломатик изоляциядан чиқиш воситаси ўлароқ қўлланмоқда. Айниқса, ўз позициясини дунёга етказиш учун турли халқаро минбарларга муҳтож давлатлар, масалан, Озарбайжонга у жуда зарур.

- “Россия Украинага қарши урушда ўралашиб қолганидан фойдаланиб, бошқа давлатлар ундан сиёсий масофаланишга ҳаракат қилиши ва ўзаро алоқаларини кучайтириши керак”, деган фикрда жон борми?

Рафаэл Сатторов: Жон бор. Бироқ Россиядан масофаланишга ҳаракатлар шусиз ҳам бўлаётган эди.

Қозоғистон ва Озарбайжоннинг иқтисодий алоқалари динамикасини кузатсангиз, Қозоғистон экспорт транспорт имкониятлари чекланиб қолгач Озарбайжон билан ҳамкорликни кучайтирганини кўрамиз: ҳозирда икки мамлакат транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа қатор соҳаларда бирга ишламоқда. Демоқчиманки, бу ишларни кўкларга кўтариб мақталаётган туркийлар интеграцияси ғоясисиз ҳам қилиш мумкин, иқтисодий манфаатлар тақозо этганда ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлаверади.

Бошқа тарафдан, туркийлар бирлиги омили Эрдўғоннинг ўзига ҳам доим Туркияда президент ёки парламент сайлови ўтказилиши арафасида керак бўлиб қолади. Эрдўғон бирон партия, масалан, МНР (Milliyetçi Hareket Partisi – Миллиятчи ҳаракат партияси) билан коалиция тузишга мажбур бўлса, баъзида уларга ёқиш учун туркийлар мавзусига яқинлигини кўрсатишига тўғри келади. Аслида эса Туркия президенти, ташбеҳ билан айтадиган бўлсак, туркийлар кўчасининг эмас, араблар маҳалласининг боласи: у араб дунёси ишларига, муаммоларига қаттиқ берилган, уларни – туркий давлатлар ва туркийлар муаммоларидан кўра анча чуқур тушунади.

Самарқанд саммити: Мирзиёев туркий давлатлар лидерларини кутиб олмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:14 0:00

-Туркия туркий дунё лидери ўлароқ Марказий Осиёда Россия ўрнини эгаллашни истайди, дейиш мумкинми? Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон бунга қарши бўлмаса керак?

Рафаэл Сатторов: Ўзбекистон билан Қозоғистонга улардан ҳеч бири минтақага бурун суқмаса ва у ерда лидерлик даъво қилмаса яхшироқ бўлур эди. Марказий Осиё ўзининг “Монро доктринаси”ни ишлаб чиқиши зарур, токи барчага “Марказий Осиё ишлари – Марказий Осиё давлатларининг иши”, деб айтиш имкони бўлсин.

Бироқ Туркиядан ташқари Хитой ҳам бор. У анча яққолроқ ва аниқроқ ўйинчи: молиявий ва ҳарбий ёрдам ҳамда фуқароларни назорат қилишга ёрдам берадиган рақамли технологиялар тақдим этиш билан Марказий Осиёдаги мавқеини жуда мустаҳкамлаб олган.

Форум

XS
SM
MD
LG