Линклар

Шошилинч хабар
07 март 2021, Тошкент вақти: 20:02

Оқ Уйдан кетаётган Трамп маъмурияти Хитойни уйғурларга қарши «геноцид»да айблади


Хитой камида 1 миллион уйғурни қамоқ-лагерларда ушлаб турганини рад этиб келади

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Хитой Шинжонда уйғурларга нисбатан «геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар» содир этган, деб топди.

Бу ҳақда 19 январь куни, яъни Трамп лавозимини бўшатишдан бир кун олдин АҚШ давлат котиби Майк Помпео маълум қилди.

Оқ уйнинг ушбу қарори ҳақида журналистларга маълумот берган расмийларнинг айтишича, Помпео «(Хитойнинг) Шинжондаги сиёсати, амалиёти ва ножўя ишлари бўйича кўплаб ҳужжатларни» кўриб чиқиб, бундай ҳаракатлар камида 2017 йил мартидан бери содир бўлаётганини хулоса қилган.

«Мавжуд фактларни синчковлик билан ўрганиб чиқиб, ХХР [Хитой Халқ Республикаси] ХКП [Хитой Коммунистик партияси] раҳбарлиги ва назорати остида Шинжонда асосан мусулмон динига эътиқод қилувчи уйғурлар ва бошқа этник ва диний озчилик гуруҳларига нисбатан геноцид содир этганини аниқладим», дейилади Помпео эълон қилган баённомада.

«Менимча, ушбу геноцид давом этмоқда ва биз Хитой партия-ҳукуматининг уйғурларни йўқ қилишга қаратилган мунтазам уринишларига гувоҳ бўлиб турибмиз», дея қўшимча қилди АҚШ Давлат котиби.

Оқ Уйнинг ушбу қарори дунёнинг энг қудратли икки мамлакати ўртасидаги алоқаларни янада кескинлаштиришини кутиш мумкин. Вашингтон – Пекин муносабатлари президент Трамп ҳукмронлиги давомида узоқ йиллардан бери кузатилмаган даражада совуқлашиб кетди.

27 декабрь куни АҚШ Конгресси қарор қабул қилиб, Трамп маъмуриятидан 90 кун ичида уйғурлар ва бошқа мусулмон гуруҳлар мажбурий меҳнат қилишга мажбур қилинаётгани ва уларга қарши содир этилгани иддао қилинаётган бошқа жиноятлар инсониятга қарши жиноят ва геноцидга тенг келиши тўғрисидаги айбловларни кўриб чиқишни талаб қилган эди.

Журналистлар билан ўтказилган брифинг давомида АҚШ расмийларидан бири:

«Бу қарорга жиддий ёндашамиз. Унга келишдан олдин жуда кўп босқичдан ўтдик, уни ҳар томонлама таҳлил қилдик. [Давлат] котиби ўз ролида ... ушбу ҳаётий муҳим мақсадни илгари суриш учун биз ҳозирда фойдаланишимиз керак бўлган восита шу бўлиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди», - деди.

Хитой Шинжонда “экстремизмни йўқ қилиш ва одамларни ҳунарга ўргатиш мақсадида қайта тарбиялаш марказларини йўлга қўйгани” учун кескин танқидга учраб келади. Расмий Пекин эса таҳқирлаш айбловларини рад этмоқда.

20 январь қасамёдга келтириладиган президент Жо Байден жамоаси 3 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловдан олдин “Шинжонда геноцид содир этилаётгани”ни таъкидлаган эди.

АҚШнинг ушбу қарори ортидан Хитойга нисбатан автоматик тарзда бирор жазо қўлланилмайди.

Шунга қарамасдан, бошқа мамлакатлар Шинжон билан бизнес юритишга рухсат бериш масаласида жиддий ўйлаб кўриши керак бўлади.

Ўтган ҳафта АҚШ уйғурларнинг мажбурий меҳнати боис Шинжонда етиштирилган барча пахта ва помидор маҳсулотлари импортини тақиқлаганди.

XS
SM
MD
LG