Линклар

Шошилинч хабар
21 май 2024, Тошкент вақти: 07:49

Tолибон Афғонистонда гўзаллик салонларини тақиқлади


Толибон ҳукумати қарори билан 26 июлдан бошлаб Афғонистонда гўзаллик салонлари ёпилди.
Толибон ҳукумати қарори билан 26 июлдан бошлаб Афғонистонда гўзаллик салонлари ёпилди.

Толибон ҳукумати қарори билан 26 июлдан бошлаб Афғонистонда гўзаллик салонлари ёпилди. Бу Афғонистонда аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи навбатдаги тақиқдир.

Афғонистон Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги қарорида визажист ва сартарошлар 25 июлгача ўз салонларини ёпишлари кераклиги айтилган.

Бу қарор кўплаб афғон аёлларининг эътирозига сабаб бўлди. Вазирлик фармонга риоя қилмаганларга нисбатан куч ишлатиладими ёки йўқлигига ойдинлик киритмади.

“Нафақат зарар кўраётганимдан хафаман, балки орзуларим ҳам пучга чиқди”,- дейди беш йил аввал ўз салонини очган пойтахтлик визажист Нада.

Толибон ўз қарорини салонларда бўяниш учун жуда катта миқдорда пул сарфланиши билан изоҳлади. Қош териш ва соч улаш каби баъзи процедуралар ноқонуний ҳисобланади, демоқда ҳукумат. Толибон шунингдек, салонларни тақиқлашга сабаб сифатида тўй тантаналари куёв оиласи учун қимматга тушаётганини кўрсатмоқда.

Ўнлаб аёллар норозилик билдириб кўчаларга чиқди. Бироқ хавфсизлик кучлари уларни сув ва огоҳлантирувчи ўқ билан тарқатиб юборди.

"Қанчалик эътироз билдирмайлик, бизни ҳеч ким эшитмайди. Ҳамма изтиробда ва бу ёлғиз Худога аён. Салонни йиғлаганча бўшатяпман". — дейди яна бир салон эгаси Роя.

"Ҳукумат бизни иш билан таъминлаши керак. Мен билан йигирма киши ўз оиласини боқиш учун ишлайди. Ҳукумат бизни ўйлайдими? Ишсиз қолганимиздан кейин уйда нима қиламиз?" дея таъкидлади исми сир қолишини сўраган аёл.

Афғонистон Савдогарлар уюшмаси маълум қилишича, Толибон ҳукуматининг буйруғи билан 60 мингга яқин аёл ишлайдиган 12 мингга яқин гўзаллик салонлари ёпилади.

Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги матбуот котиби Акиф Муҳожир Tolo News телеканалига берган интервьюсида салонлар вазирлик тавсияларига амал қилмаганини айтди.

Айтилишича, бу тавсиялар косметологлар намоз ўқиши, аёллар бўянишдан олдин таҳорат олишлари, ҳар бир гўзаллик салонида таҳорат олиш учун жой бўлиши, аёллар эса ишхонада ҳижоб ёки рўмол ўраши кабилардан иборат бўлган.

Гўзаллик салонлари эгалари кўпчилик бу қоидаларга риоя қилганини айтмоқда. Уларнинг айтишича, Толибон тавсиялари бажарилишини текширишдан кўра барча салонларни ёпишни афзал кўрган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси (UNAMA) расмийларни гўзаллик салонларини ёпиш фармонини бекор қилишга чақирди.

"UNAMA афғон расмийларига аёллар ҳуқуқларини чеклаш иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатишини ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қарши чора эканлигини айтди. Биз тақиқларни бекор қилишга интиламиз", - деди БМТ матбуот котиби ўринбосари Фарҳан Ҳақ.

Human Rights Watch ташкилотининг аёллар ҳуқуқлари бўйича директори ўринбосари Хизер Барр Афғонистондаги вазиятни аёллар ҳуқуқлари борасида “дунёдаги энг жиддий инқироз” дея баҳолади

"Афғонистондаги инқироз жуда катта. Толибоннинг тақиқлари мавжуд гуманитар инқирозни янада чуқурлаштирмоқда", - дея қўшимча қилди Барр.

Форум

XS
SM
MD
LG