Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 07:17

“Толиблар билан урушиш ўзини ўлдириш билан баробар”. Тожикистонга қочиб ўтган афғон аскарлари ҳикоялари


Яқинда бошпана излаб Тожикистонга қочиб ўтган бир неча афғон аскари “Озодлик”нинг тожик хизматига Афғонистонда қолиш ва “Толибон” кучлари билан жанг қилиш улар учун фожиа билан тугаши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди.

Афғонистон шимолида “Толибон” ҳаракати ҳужумлари шиддатли тус олган паллада Муҳаммад Зоҳир қўшни Тожикистонга қочиб ўтиш – унинг учун ягона нажот йўли бўлишини тушуниб етади.

Шимоли-шарқдаги Бадахшон вилоятининг Хвахан туманида жойлашган чегара қўшинлари алоқачилар бўлинмасига бошчилик қилган Зоҳир июнь ойи охирларидан буён бошпана излаб Тожикистон чегарасини кесиб ўтган юзлаб афғон ҳарбий хизматчиларидан биридир.

6 июль куни Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамидулла Моҳиб Тожикистон ҳудудига қочиб ўтган 2300 чоғли афғон ҳарбий хизматчилари яна Афғонистон мудофаа ва хавфсизлик миллий кучларига қўшилганини айтган эди. 7 июлда эса Тожикистон хавфсизлик кучлари “Озодлик”нинг тожик хизматига 600 нафарга яқин афғон ҳарбийлари Афғонистонга қайтариб юборилганини маълум қилди.

Зоҳирнинг айтишича, толибларга қарши урушиш – ютиб бўлмайдиган уруш бўлган, чунки маҳаллий Халқ қўзғолончилари лашкари кучларининг катта қисми жангарилар тарафига ўтиб, ҳукумат кучларига қарши урушга киришга қарор қилган. Кўнгилли аскарлардан тузилган Халқ лашкари ҳукумат ҳарбийлари раҳбарлигида жанг қилиб, мамлакатнинг турли ҳудудларида хавфсизликни таъминлашга ёрдам беради.

Зоҳир жангариларга қўшилган гуруҳнинг қўлида анча-мунча қурол ва ўқ-дори бўлганини айтади.

“Халқ қўзғолончилари лашкари кучлари ҳукуматга қарашли ҳарбий техникаларни эгаллаб олиб, сўнг толиблар билан тил бириктирган. Қаршилик кўрсатиш учун бизнинг ортиқ кучимиз қолмади ва Тожикистонга чекинишга мажбур бўлдик”, деган Зоҳир Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда.

Бошқа бир афғон ҳарбий хизматчиси Муҳаммад Вали, Зоҳирнинг гапларини тасдиқлаб, деярли ҳеч қандай дастаксиз “Толибон” кучлари билан урушиш “ўзини ўлдириш” билан баробар бўлганини айтади. Шу боис у ва хизматдошлари Тожикистон ҳудудига чекинган эмиш.

Зоҳир ва Вали “Озодлик”нинг тожик хизмати мухбири билан 5 июль куни Кўлоб шаҳрида суҳбатлашган эди. Ҳозирда улар Афғонистонга қайтган бўлиши тахмин қилинмоқда.

Бироқ Афғонистондаги қуролли ҳаракатлар бошқа аскарларни ҳам Тожикистон ва қўшни мамлакатларга чекинишга мажбур этиши мумкин. Хусусан, Ўзбекистонга ҳам анча-мунча афғон ҳарбийлари бошпана излаб қочиб борган эди.

Жадал ҳужум

Бадахшон маҳаллий маъмурлари “Озодлик” радиосига мазкур шимолий вилоятнинг 28 туманидан 26 таси толиблар томонидан ишғол этилганини маълум қилди. Тожикистон расмийлари эса икки мамлакат ўртасидаги 1357 чақирим чегаранинг 900 чақиримини “Толибон” кучлари назорат қилаётганини билдирди.

Бугунги кунда Афғонистоннинг 398 туманидан ярмидан кўпроғи толиблар назоратига ўтган – уларнинг аксари 1 майда АҚШ ва бошқа халқаро кучлар ўз қўшинларини ушбу мамлакатдан олиб чиқиб кетишни бошлаганидан сўнг таслим бўлган.

АҚШ қўшинларининг қарийб тўлиқ чиқиб кетиши манзарасида жангари экстремистларнинг шиддат билан олға силжиши Афғонистон ва унга ёндош мамлакатларда жиддий хавотир уйғотмоқда. Жумладан, қўшни давлатлар уларга қочоқлар ёпирилишидан ва жамиятда вазият беқарорлашуви эҳтимолидан таҳликага тушган.

“Қуролли кучларнинг жангсиз чекиниши ва Бадахшоннинг [ҳукумат кучлари томонидан] эвакуация қилиниши одамларда савол ва шубҳалар туғдирди”, деб ёзади Кобулда чиқадиган “Hashte Sobh” газетаси.

Нашрнинг урғулашича, Бадахшоннинг кўплаб туманлари бир неча кун ичида домино соққалари каби бирин-кетин қулаб, толиблар ихтиёрига ўтган.

Афғон қочқинлари жойлашган Тожикистоннинг Хоруғ шаҳридаги лагер.
Афғон қочқинлари жойлашган Тожикистоннинг Хоруғ шаҳридаги лагер.

Афғон ҳукумати томонидаги айрим кучларнинг чекиниши, баъзиларининг таслим бўлиши манзарасида толибларнинг алоҳида ҳужумларига жиддий қаршилик кўрсатилмади. Афғонистон расмийлари айрим ҳолларда ҳукумат кучлари тактик чекиниш қилганини билдирган.

8 июль куни толиблар Афғонистоннинг Эрон билан чегарасидаги асосий назорат-ўтиш нуқтасини босиб олдики, бу хорижий давлатлар қўшинлари олиб чиқиб кетилишидан журъатланган қуролли гуруҳнинг ҳукумат назорати остидаги туманларда эришган энг сўнгги жиддий ютуқларидан биридир.

Шунингдек, айрим афғон чегарачилари ва ҳарбий хизматчилари Эрон ҳудудига қочиб ўтгани тўғрисида хабарлар бор. Маҳаллий маъмурият мамлакат ғарбидаги Ҳирот вилоятининг икки туманида ҳукумат кучлари тинч аҳоли жабр кўриши олдини олиш мақсадида чекинганини маълум қилди.

Афғонистон парламенти вакиласи Масъуда Кароҳий баъзи туманларда ҳукумат ҳарбийлари толибларга қарши курашиш беҳуда, деб билишини айтади.

“У ерларда ҳарбийларга ҳеч бир дастак йўқ: уларни озиқ-овқат билан таъминлашмаяпти, зарур шарт-шароит қилиб беришмаяпти, шу боис ҳам улар: “Нега энди мен бу ерда ҳеч вақосиз ўтирганим ҳолда “Толибон” кучлари билан жанг қилишим керак?” деб ўзларига савол бермоқда. Дарҳақиқат, эс-ҳушли одам бунақа ҳолатда қуролни ташлаб, қочади”, деган Кароҳий “Noor TV” каналига берган интервьюсида.

Туманлар мағлубияти сабаби

Айрим ҳолларда афғон кучлари толибларни сиқиб чиқаришга ва туманлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди. Чунончи, шимоли-ғарбдаги Бадғис вилояти маркази Қалъаи Навда маҳаллий расмийлар ҳукумат кучлари шаҳарга кириб олиб, ҳукуматга қарашли бир неча бинони эгаллаб олишга муваффақ бўлган жангари толиблар гуруҳини қувиб юборганини “Озодлик”нинг туркман хизматига маълум қилган.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Хост халқаро аэропорти очилиш маросимида¸ 10 июл 2021 йил
Афғонистон президенти Ашраф Ғани Хост халқаро аэропорти очилиш маросимида¸ 10 июл 2021 йил

Кобулдаги Уруш ва тинчликни ўрганиш институти асосчиси ва бош директори Иноят Нажафийзода Озод Европа/Озодлик радиосига Америка қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши афғон аскарларининг жанговар руҳига таъсир этганини айтади.

“Самараси паст ҳарбий бошқарув ҳамда маҳаллий даражадаги сифатсиз идора услуби – туманлар ҳамда армия блок-постлари енгилишига олиб келган омилларнинг айримларидир. Шунга қарамай, афғон мудофаа ва хавфсизлик миллий кучлари ва маҳаллий кўнгиллилар лашкари биргалашиб “Толибон”га қарши курашган жойларда душман бирон ҳудудни ишғол этиш тугул, тўлиқ тор-мор этилган”, дейди у.

Нажафийзодага кўра, баъзи туманларда, айниқса, шимолда “Толибон” кучлари ҳукумат ҳарбий хизматчиларини толибларга бўйсунишга ва ўз постларини тарк этишга кўндиришлари учун уруғ оқсоқоллари билан ҳамкорлик қилган.

У айрим ҳолларда бу тактика натижа берганини қўшимча қилади:

“Бу оқсоқоллар афғон ҳарбийлари ёнига келиб: “Ким билан урушаётганингизни биласизми ўзи? Иш ҳақингизни вақтида тўламасалар ҳам нега одамларни ҳимоя қиляпсиз?” деб аврай бошлашган.

Шунга қарамай, Нажафийзода Қўшма Штатлар ва НАТО ҳарбий, сиёсий ва техник кўмак кўрсатишда давом этаётгани сабабли афғон ҳукумати тез орада “аҳволини ўнглаб олади”, деб ҳисоблайди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 8 июль куни мамлакат АҚШ қўшинларининг чиқиб кетиши манзарасида оғир аҳволда қолганини тан олган эди. Айни чоғда у ҳукумат армияси “Толибон” кучларига қарши тура олишига ишонишини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG