Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:17

БМТ: Тожикистон аҳолисининг 30 фоизи тўйиб овқатланмайди


Тожикистонлик болалар ғишт қуймоқда.
Тожикистонлик болалар ғишт қуймоқда.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури 2017 йил охирида эълон қилган ҳисоботга кўра, Тожикистон аҳолисининг 30 фоиздан ортиғи тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда.

Ҳисоботда, айниқса, Тожикистоннинг қишлоқ жойларида витаминли ва калорияли овқатга тўймагани сабабли 5 ёшга тўлмаган кўп болалар жисмоний ривожланишдан қолган.

Муҳайё Ёқубова Душанбе яқинидаги Варзоб туманида яшайди. Эри ногирон. У тўрт фарзандни тарбия қилади. Эрининг ногиронлик нафақаси 10 АҚШ долларни ташкил этади.

Ўзи машиналар тўхташ жойида қоровуллик қилади. Муҳайёнинг сўзларига кўра, унинг турмуш шароити жуда оғир. Оила гуваладан қурилган мўъжазгина уйда яшайди.

“Бизнинг овқатимиз асосан картошка, пиёз ва нондан иборат. Болаларга янги либос олиш учун кучимиз етмайди. Фарзандларимиз тез-тез касал бўлишади. Ҳатто ёз пайтида ҳам шамоллаб, доим йўталишади,”- дейди Муҳайё Ёқубова.

Унинг фарзандлари ориқ ва жисмоний ривожланишдан қолган. Масалан, катта қизи 10 ёшга тўлган эса-да, 7 ёшли қизчалардек кўринади.

Рўдакий туманидаги Чортут қишлоғида яшовчи Абдулмажид Маҳмадражабов ҳам камбағаллик боис оиласи тўйиб овқатланмаслигини айтади.

“Охирги марта гўштни бир йил олдин, отамнинг жанозасида егандим. Гўшт сотиб олишга молиявий имкониятим йўқ. Тўғри келган ишни қилиб кун кечиряпмиз,”- дейди Маҳмадражабов.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳисоботида айтилишича, Тожикистоннинг 30 фоиздан кўпроқ аҳолиси ёки 2,5 миллион одам озиқ-овқат тақчиллигига дуч келган. Бу рақам Қирғизистонда 6,5, Ўзбекистонда 6,3 фоизни ташкил этади.

Ҳисоботда таъкидлашича, тўйимли ва калорияли овқат емаслиги боис ёши 5га етмаган тожикистонлик ҳар тўрт боладан бири жисмоний ривожланишдан орқада қолган.

Душанбедаги ташхис ва даволаш маркази раиси Мария Шехованинг айтишича, бундай вазият асосан қишлоқ шароитида кузатилиб, шаҳарлик болаларга нисбатан қишлоқ болаларининг бўйи пастроқ ва вазни енгилроқдир.

Ҳозирча Тожикистон расмийлари БМТнинг ушбу ҳисоботига муносабат билдиргани йўқ.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Статистик маълумотлар агентлиги расмийларига кўра, бугун мамлакат аҳолисининг 30 фоиздан ортиқроғи қашшоқлик домида кун кечирмоқда.

Тожикистон расмийлари мамлакатда қашшоқлик даражаси пасайгани, турли соҳаларда ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини қайд этадилар.

Аммо, маҳаллий кузатувчиларга кўра, бу маълумотлар Тожикистондаги реал воқеликни акс эттирмайди.

XS
SM
MD
LG