Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:38

Тожикистон мусулмонлари диний идораси ҳарбий хизматга оид фатво чиқарди


Тожикистон. Ҳарбий хизматга чақирилувчилар йиғини. Душанбе шаҳри, 2019, 14 апрель.
Тожикистон. Ҳарбий хизматга чақирилувчилар йиғини. Душанбе шаҳри, 2019, 14 апрель.

Тожикистон мусулмонлари диний идораси - Уламолар кенгаши куни кеча чиқарган фатвода ҳарбий хизматдан бўйин товлаш катта гуноҳ экани, чақирув ёшидаги йигитларнинг ҳарбий хизматдан бўйин товлашига ёрдам берганлар, шу жумладан ота-оналар ҳам гуноҳга ботиши уқтирилди.

Тожик руҳонийларининг фикрича, армияда хизмат қилиш – жамиятда тутган мавқеидан қатъиназар жисмонан соғлом бўлган ҳар бир мусулмон олдидаги бурчдир. Ватанга муҳаббат, миллатга ва ўз маданиятига садоқат, мамлакат ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш – ҳақиқий иймоннинг белгисидир. Ҳарбий хизматдан бўйин товлаш ҳақиқий мусулмоннинг иши эмас, дейилган Тожикистон Уламолар кенгаши фатвосида.

Кенгаш фатвоси республикада чақирув кампанияси давом этаётган вақтга тўғри келди.

"Қачонки ёш йигит ўзини касалга солиб ёки қобилиятсизлигини намоён этса, турли сабаблар билан армия хизматидан қочса, у даҳшатли гуноҳга ботади ёки гуноҳкор бўлади", – деди Ислом маркази фатво бошқармаси раҳбари Жамолиддин Хомуши. Унинг фикрича, бу каби одамлар диний нуқтаи назардан ватан хоинлари ҳисобланади.

Сўнгги тўрт йилда мамлакатда армияга чақирув режаси муддатдан аввал бажарилмоқда. Расмийлар буни “ёшларни тўғри тарбиялаш” билан изоҳлашмоқда. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари фуқароларнинг онгли равишда тушуниб етишларидан бошқа сабаблар ҳам борлигини айтишади.

"Комиссариатлар чақирув ёшидагиларни кўчаларда ўтказиладиган ноқонуний рейдлар ёрдамида армияга олиб кетишади, тўғри, бу каби ҳолатлар йил сайин камайиб бормоқда. Шу билан бирга Тожикистон аҳолисининг учдан бир қисми қашшоқликда кун кечиради, ёшлар, айниқса қишлоқ ёшлари тўйиб овқат ейиш мақсадида армияга кетмоқда. Бу ҳарбий қисмлардан бирида Фуқаро эркинликлари Офиси томонидан ўтказилган мониторинг вақтида олинган интервьюда маълум бўлди", - деди ташкилот юристи Ўғулой Бобоева.

Душанбе аҳолиси кўпинча ўз фарзандлари армия хизматига боришни истамайди. Биринчи навбатда уларни тожик армиясида юз берадиган тартиббузарликлар хавотирга солади.

Айни пайтда Тожикистонда чақирув кампанияси натижаларига бағишланган оралиқ ҳисоботлар тайёрланмоқда. Умуман олганда республикада режа бўйича чақирув ёшидагиларнинг 36% хизматга йўл олган.

Фатво у ёки бу масала юзасидан муфтий ёки ислом руҳонийлари томонидан чиқариладиган қарор бўлиб, мусулмонларнинг турмуш тарзини мувоффиқлаштириб туради. Агар мамлакат дунёвий бўлса фатвони бузганлар жазога тортилмайди, аммо диний жамиятда гуноҳкорлар жазоланади. Тожикистон, аҳолисининг катта қисми мусулмон бўлишига қарамай, дунёвий давлат ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG