Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:51

Тожикистон армияси шай турибди: чегарада худкуш террорчилар бўлинмаси ва “Ансоруллоҳ” фаоллашган


Толибон ҳаракати расмийлари Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош Тоҳар вилоятига “минглаб” аскар йўллаганини билдирди. Ундан олдинроқ эса тожик-афғон чегара ҳудудларида Маҳдий Арсалон бошлиқ “Ансоруллоҳ” гуруҳи фаоллашгани ва Тожикистонга ҳужум қилишни кўзлаётгани ҳақида хабарлар чиққан эди. Бу таҳдидлар ортидан Тожикистон ҳукумати барча хавфсизлик кучларини тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтиргани айтилмоқда.

Худкуш террорчилар бўлинмалари – Тоҳарда

Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг мамлакатда ислом амирлиги тузилганини эълон қилган Толибон ҳаракати сўнгги кунларда “хавфсизликка таҳдидларни ва бошқа потенциал таҳдидларни бартараф этиш учун” Тоҳар вилоятига аскарий бўлинмаларни жўнатди.

Тожикистон ҳукумати ушбу хабар “бир оз бўрттирилган” деб ҳисобламоқда, аммо, шу билан бирга, “чегаранинг нариги тарафидаги экстремистик гуруҳларнинг хатти-ҳаракатларини назорат қилаётганини” айтган.

Толибон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид 25 сентябрь куни “Twitter”даги саҳифасида ҳарбий машиналар ва ҳарбий уст-бошли одамлар суратларини эълон қилиб, остига “Ислом Амирлиги Мансурий армияси”нинг махсус вазифани бажарувчи минглаб жангчилари хавфсизликка потенциал таҳдидлар ва бошқа муаммоларни бартараф этиш учун Тоҳарга юборилди”, деб ёзди.

Ислом Амирлиги Мансурий армияси асосан худкуш террорчилардан ташкил топган. Ўтган ҳафтада толиблар ушбу қўшинлар Бадахшон вилоятига киритилгани ҳақида эълон қилган эди.

26 сентябрь куни Тожикистон чегара қўшинларининг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги вакилларидан бири ўз исми сир қолиши шарти билан Озодлик радиосининг тожик хизматига “минглаб аскарлар” ҳақидаги маълумот хавотирли эканини, бироқ улар чегаранинг нари томонида юз бераётган воқеаларни диққат билан кузатишаётганини айтди.

“Бизга маълум бўлишича, минглаб аскар келган эмас, лекин у томонда ўн киши тўпланиб турган тақдирда ҳам биз буни таҳдид деб қабул қиламиз ва шайликни оширамиз. Чегарачиларимиз ваҳимага тушмайди ва ёлғон хабарларга парво қилмайди, реал аҳволдан келиб чиқиб ҳаракат қилади”, дейди чегара қўшинлари мулозими.

“Улар бир балони бошламоқчи”

Озодлик радиоси тожик хизматининг Тожикистон чегара қўшинларидаги манбаси 22 сентябрь куни олинган тезкор маълумотларга кўра, “тожик толиблари” (“Ансоруллоҳ” гуруҳи жангариларини шундай атайдилар – Озодлик изоҳи) тожик-афғон чегарасининг Бадахшон бўлагига ҳужум қилишни режалаётганини айтди.

“Шунақа маълумот бор. Аммо чегарачиларимиз шай турибди... Биз нариги соҳилдан бўладиган хавфни дарҳол сезамиз ва ҳар қандай ҳужумни даф этишга тайёрмиз”, деган манба.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон ҳукумати маълумотни ўрганмоқда, бироқ, ҳар эҳтимолга қарши, мамлакатдаги кучишлатар тузилмалар юқори шайлик ҳолатига келтирилган.

Озодлик радиоси тожик хизмати Толибон афғон-тожик чегараси участкаларидан бирини қўриқлашни Тожикистонда тақиқланган “Ансоруллоҳ” гуруҳига топширганини аниқлаган эди. Ушбу гуруҳнинг кўплаб жангчилари Душанбе томонидан халқаро қидирувга берилган.

Муҳаммад Шарифов (Маҳдий Арсалон) Тожикистон шарқидаги Нуробод туманига қарашли Сафедчашма қишлоқ жамоати Шербегиён қишлоғида туғилган¸ “Ансоруллоҳ” гуруҳи етакчиси
Муҳаммад Шарифов (Маҳдий Арсалон) Тожикистон шарқидаги Нуробод туманига қарашли Сафедчашма қишлоқ жамоати Шербегиён қишлоғида туғилган¸ “Ансоруллоҳ” гуруҳи етакчиси

“Ансоруллоҳ” гуруҳи етакчиси Маҳдий Арсалон амалда Кўфоб, Шикай, Нусай, Маймай ҳамда Хохон каби беш афғон уездининг “амири” ҳисобланади. Мазкур уездлар Дарвоз тумани ҳамда Тожикистоннинг Шамсиддин Шоҳин тумани билан чегарадош.

Озодлик манбаларига кўра, Маҳдий Арсалон – Тожикистон шарқидаги Нуробод туманига қарашли Сафедчашма қишлоқ жамоати Шербегиён қишлоғида туғилган Муҳаммад Шарифовнинг тахаллусидир. Маҳдий Арсалон ва унинг тобелари “Ансоруллоҳ” гуруҳи жангариларининг иккинчи авлодига мансуб.

“Ансоруллоҳ” (“Жамоати Ансоруллоҳ”) гуруҳи – таркибида тожикистонликлар мавжуд ягона террорчилик ташкилоти бўлиб, ўтган бутун вақт мобайнида толиблар тарафида урушган. Тожикистон чегарасида Толибон байроғини айнан Маҳдий Арсалон ва унинг жангарилари кўтарган эди.

Афғонистоннинг Дарвоз туманида яшовчилар Толибон ғалабасидан сўнг Кобулга кетган Маҳдий Арсалон шу кунларда яна Дарвозда пайдо бўлганини билдирганлар.

Афғонистон хавфсизлик кучларининг юқори мартабали ходимларидан бири эса Озодликнинг тожик хизматига унинг одамларидан бири яқинда тожик-афғон чегарасидаги ҳудудда “тожик толиблари” ва “кавказлик толиблар”нинг махфий кенгашига гувоҳ бўлганини маълум қилган.

“Улар бир балони бошламоқчи. Жангарилар маҳаллий аҳоли орасидан Тожикистон ҳудудига элтадиган қулай йўлни биладиган одамни суриштириб юрибди, дейишяпти”, деган афғон махсус хизмати собиқ мулозими.

Толибон Тожикистонни қўрқитмоқчими?

Айрим экспертлар толибларнинг тожик чегарасидаги хатти-ҳаракатларини Тожикистоннинг Толибонга муносабати билан боғламоқдалар.

Афғонистон шимолига “Мансурий армияси” худкуш террорчилари жўнатилгани, Тожикистон чегараларида “Ансоруллоҳ” жангарилари фаоллашгани тўғрисидаги хабарлар тожик ҳукумати толибларнинг Афғонистондаги хатти-ҳаракатларини танқид қилаётган бир пайтда пайдо бўлмоқда. Президент Эмомали Раҳмон Толибоннинг “жабр-зулм билан тузилган” ҳукуматини тан олмаслигини рўй-рост билдирган эди.

Шунингдек, Тожикистон ҳукумати Афғонистонда толибларга қарши курашаётган ягона куч бўлмиш Панжширдаги Қаршилик жабҳасини дастаклашини яширмайди. Ўтган ҳафтада Тожикистон раҳбари Панжшир аҳолиси озиқ-овқат ва энг зарур маҳсулотлар, шунингдек, инсонпарварлик ёрдамидан тўсиб қўйилганини “халқаро инсон ҳуқуқларининг фожиали тарзда бузилиши” деб атаган эди.

Бундан ташқари, Эмомали Раҳмон Афғонистонда инклюзив ҳукумат тузилиши ва мамлакат аҳолисининг 46 фоиздан ортиғини ташкил қилувчи тожиклар, бошқа этник гуруҳлар билан бир қаторда давлат бошқарувида муносиб ўрнини эгаллаши лозимлигини бир неча марта таъкидлаган.

Фаридун Ҳодизода
Фаридун Ҳодизода

Тожик эксперти Фаридун Ҳодизода “Ансоруллоҳ” гуруҳи жангарилари тожик ҳудудига ҳужум қилишни кўзлаётганини истисно этмайди. Унинг фикрича, толиблар Тожикистон ҳукуматининг танқидий муносабатидан хурсанд эмаслиги табиий, шу боис, катта эҳтимол билан, Душанбенинг “попугини пасайтиришга уринишади”. Эксперт ҳужум “Ансоруллоҳ” гуруҳи жангарилари томонидан, гўёки Толибон ҳаракати раҳбарлари изнисиз амалга оширилиши мумкинлигини ҳам назардан соқит қилмайди.

Аввалроқ Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид “Афғонистондан қўшни мамлакатларга ҳужум қилишда фойдаланишларига йўл қўймаймиз. Бунга ҳар қандай уринишнинг олдини олиш учун барча ишни қиламиз”, дея баёнот берган эди.

Эслатиб ўтамиз, Забиҳуллоҳ Мужоҳид Озодлик радиоси тожик хизматининг Афғонистон шимолидаги бешта уезд асосан тожикистонликлардан тузилган “Ансоруллоҳ” гуруҳига топширилгани ҳақидаги саволига жавобан ушбу маълумотни ўзрганишини айтган эди.

“Хорижликлар бизнинг номимиздан иш кўришига рухсат бермаймиз. Суриштирув ўтказилади. Агар сафимизда ажнабий жангарилар борлиги аниқланса, улар мамлакатдан бадарға қилинади”, деган эди Толибон матбуот котиби.

Бу суриштирув ўтказилдими ва унинг якунлари бўйича бирон қарор қабул қилиндими, йўқми – маълум эмас.

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси узунлиги 1400 километрдан ортиқ. Сўнгги пайтларда Тожикистон Россия ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг бошқа аъзолари билан биргаликда тожик-афғон чегара бўйлаб қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда.

XS
SM
MD
LG