Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:00

Тоғли Қорабоғ можароси: Тинчлик битимидан норози минглаб арманистонлик намойишга чиқди


Арманистон полицияси Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш битимига қарши намойиш қатнашчисини ҳибсга олмоқда, Ереван - 11 ноябрь, 2020
Арманистон полицияси Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш битимига қарши намойиш қатнашчисини ҳибсга олмоқда, Ереван - 11 ноябрь, 2020


Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш битими имзоланганидан норози минглаб одам Арманистон пойтахти Ереванда намойишга чиқди. Улар бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилмоқдалар.

Мамлакатда норозилик намойишларини ўтказишни ман этувчи ҳарбий ҳолат жорий қилинган бўлишига қарамасдан, 11 ноябрь куни Еревандаги Озодлик майдонига минглаб одам тўпланиб, «хоин» Пашинян истеъфосини талаб қилди.


Оломон тўпланишига тўсқинлик қилишга уринган полиция намойишчилар билан тўқнашди. Бир неча намойишчи, жумладан, «Обод Арманистон» мухолиф партияси етакчиси Гагик Царукян ҳибсга олинди.



Намойиш бошланишидан олдин ҳукумат мухолифатни «тўнтариш» амалга оширишга уринмасликка чорлаб, огоҳлантирди.

Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш битимини Арманистон бош вазири ҳамда Озарбайжон ва Россия президентлари имзолагани 10 ноябрда маълум қилинган эди.
Тоғли Қорабоғдаги муҳим шаҳарнинг Озарбайжонга ўтгани ҳамда минтақада ўт очишни тўхтатиш битими имзолангани ҳақидаги хабарни бокуликлар байрам кайфияти билан кутиб олишди.
Аммо бу янгилик Ереванда сиёсий бўҳрон келтириб чиқарди. Пойтахт Ереванда норозилар ҳукумат уйига ҳамда бош вазир қароргоҳига бостириб кирдилар.

17 та мухолиф партия вакиллари келишув туфайли Арманистон катта йўқотишга йўлиққанини айтиб, Пашинян истеъфосини талаб қилдилар.

Еревандаги оломон олдида сўзлаган «Арманистон инқилобий федерацияси» етакчиси Ишхан Сагателян урушни «бошимизга Пашинян солди», деди.

«Уруш давомида у ҳаракатсизлик ва хиёнат кўрсатди», - деди Сагателян.
Сагателян Пашинян тунги соат 00:00 га истеъфога чиқиши кераклигини, парламент эса у вақтгача шошилинч йиғин ўтказиб, бош вазирни четлатиш масаласини кўриб чиқиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, акс ҳолда 12 ноябрь куни «Пашинян муаммосини бартараф этиш учун» қўшимча чоралар кўрилади.

Тоғли Қорабоғдан жорий йилнинг 27 сентябрида тўқнашувлар бошланиб кетиши ортидан Арманистонда ҳарбий ҳолат жорий қилинган эди.

Давлат телевидениеси орқали сўзлаган бош вазир ўринбосари Тигран Авинян ҳукумат истеъфо бериши мумкинлиги айтди, аммо «тўнтариш» уриниши оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.

Бу орада президент Армен Саркисян офиси президент маъмурияти сиёсий зиддиятни бартараф этиш ҳамда миллий «бирдамликни» сақлаб қолиш учун бир неча партия вакиллари билан музокара олиб бораётганини маълум қилди.

Имзоланган битимга кўра, Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги туманларни тарк этиши керак. Ҳарбий тўқнашувлар бошланганидан бери Озарбайжон қўшинлари қўлга киритган барча ҳудудлар, жумладан, Шуша (арманча Шуши деб аталади-таҳр.) шаҳри Боку назоратида қолади.

Битимга биноан, Россия минтақага тинчликпарвар қўшинларни юборади. Бугунга қадар 400 нафар россиялик ҳарбий минтақага юборилди. Пировардида уларнинг сони 2 мингга етади.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади.

Сентябрь ойида бошланиб кетган ҳарбий тўқнашувлар бугунга қадар бир неча минг одам умрига зомин бўлди, минглаб одам Тоғли Қорабоғни тарк этишга мажбур бўлди.

Пашинян келишув ҳақида эълон қилар экан, у «ҳозирги вазият учун энг мақбул ечим» эканлигини таъкидлади.

Озарбайжон президенти Арманистон томонидан битимнинг имзолангани Ереван «капитуляциясига» тенг эканлигини айтди.

Озарбайжонни дастаклаб келаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон оташкесимни Туркия билан Россия ҳамкорликда назорат қилишини айтди.

Кремль Туркия президентининг бу шарҳини ҳали изоҳлагани йўқ. Аввалроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков туркиялик тинчликпарвар кучлар Россия билан бирга Қорабоққа жойлаштирилиши тўғрисидаги саволга салбий жавоб берган эди.

XS
SM
MD
LG