Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:15

The Insider: Навальнийни заҳарлаган гуруҳ рус шоири Биковга ҳам суиқасд қилган (ВИДЕО)


Рус ёзувчиси ва шоири Дмитрий Биков
Рус ёзувчиси ва шоири Дмитрий Биков

Рус ёзувчиси ва шоири Дмитрий Биков 2019 йил баҳорида “Новичок” синфига мансуб модда билан заҳарланган, ушбу суиқасдда ҳам сиёсатчи Алексей Навальний ҳамда мухолифатчи кичик Владимир Кара-Мурзанинг заҳарланишига алоқадор бўлган ФХХ (ФСБ) ходимлари иштирок этган.

“The Insider” ва “Bellingcat” махсус тадқиқот ўтказиб, шу маълумотларни қўлга киритди.

Биков 2019 йил 16 апрель куни китобхонлар билан учрашгани Екатеринбургдан Уфа шаҳрига учиб кетаётиб учоқ бортида ўзини ёмон ҳис қилган. Учоқ Уфага қўниши билан Биковни касалхонага ётқизиб, сунъий кома ҳолатига туширадилар. Унинг аниқ ташхиси очиқланмайди, кейинроқ эса унинг ўзи юз берган ҳодисани “заҳарланиш” деб атайди.

“The Insider” бош муҳаррири Роман Доброхотов “Настояшчее время” билан суҳбатда ФСБ Биковни заҳарланишидан камида бир йил олдин кузатувга олгани ҳақида сўзлаб берди.

Тадқиқотчиларга кўра, Навальний ва Кара-Мурза билан бўлгани каби, ФСБнинг заҳарловчилар гуруҳи ишга “Лаборатория” (ФСБга қарашли 2-сонли илмий-тадқиқот институти) кимёгарларини ҳамда Конституциявий тузумни ҳимоя қилиш хизмати (ФСБнинг 2-бошқармаси) ходимларини жалб қилган.

Заҳарни, катта эҳтимол билан, Дмитрий Биков рафиқаси Екатерина Кевхишвили ва 3 апрель куни бориб ўрнашган Новосибирскдаги Domina меҳмонхонасида ёзувчининг уст-бошига сурганлар.

– Роман, Дмитрий Биковнинг заҳарланиши нега эътиборингизни тортди?

– Россия махсус хизматлари томонидан одамларнинг заҳарланиши воқеалари эътиборга тушганидан сўнг биз дарҳол Россияда кимлар “Новичок” билан заҳарланиш симптомларига ўхшаш белгиларни ҳис қилганини ўргана бошладик. Шунчаки, эълон қилинган маълумотларни, мақолаларни ўрганар эканмиз, ўз симптомларини худди шундай тасвирлаган бир қанча одамлар борлиги диққатимизни тортди. Дмитрий Биков улардан бири эди.

Аслида, Биков заҳарлангани ҳақида очиқ-ойдин ёзганида, оёққа турганидан хабар топганим заҳоти у билан алоқа боғлагандим. Ўшанда унга “Бу махсус хизматлар томонидан заҳарлашга ўхшамаяптими?” деб савол берганман. Чунки ўшанда, 2019 йилнинг апрель ойи эди, Солсбери шаҳрида Скрипаллар оиласининг заҳарланишига бағишланган тадқиқотимиз эълон қилинган ва шунақа судсиз қатл қилиш усуллари мавжудлигини билардик.

Бироқ Дмитрий ўша суҳбатимизда уни қасддан заҳарлаган бўлишлари мумкинлиги тўғрисидаги ҳар қандай фаразни инкор этган, бу ишни давлат қилган бўлиши мумкинлигини эса ақлига сиғдира олмаган. Ўзини махсус хизматлар “овлаши” мумкин бўлган шахс деб ўйламаган бўлса керак-да.

Кейин биз бир талай “фээсбэчи”ларни фош қилиб, уларнинг турли шаҳарлар ўртасида қатнаб юришини аниқлагач, уларнинг парвозларини шу каби шубҳали ҳолатлар билан солиштириб кўра бошладик.

Қолавера, бу пайтга келиб “Новичок” заҳари қандай таъсир этишини, қанақа симптомлар унга хослигини ва қайсилари хос эмаслигини яхши тушуниб олгандик. Ва биз Дмитрий билан юз берган воқеа жуда шубҳалилигига яна бир карра амин бўлдик.

ФСБ ходимларининг сафарларини ўрганар эканмиз, Навальний ортидан ов уюштирган ўша қотиллар тўдасидаги бир йўла уч кимсанинг парвоз йўналишлари ва вақти Биковники билан бир хил эканлиги аён бўлди.

Бизга ҳамма нарса ойдинлашганди. Қолган бир неча ой мобайнида бирор аниқ маълумотни топишга уриндик, хусусан: қачон, соат нечада заҳарлашган, Domina қанақа меҳмонхона, заҳарли модда кийимга қандай суртилгани ва ҳк.

– Сизнинг тадқиқотингизга Биков қандай муносабатда бўлди?

– Ҳозирда бу уни ҳанг-манг қиладиган гап эмас, деб ўйлайман. Чунки Навальний ҳақидаги тадқиқотимиз эълон қилинганидан сўнг у ўзининг заҳарланишига оид фикрини бир оз ўзгартирган ва бу воқеалар, дарҳақиқат, қатор жиҳатларига кўра ўзаро ўхшашлиги, жумладан, у ҳам Навальний тасвирлаганига жуда ўхшаш ҳолатларни бошидан кечирганлиги ҳақида гапира бошлаганди.

Дарвоқе, Биковнинг саргузаштларида ҳам уни қутқариш учун махсус учоқ ҳавога кўтарилган, кейин уни ортига қайтаришга ҳаракат қилиб кўришган. Хуллас, ҳар хил тасодифлар жуда кўп, шу боис у жиддий бир нарсадан шубҳалана бошлаганди.

Тадқиқотимизга муносабатига келсак, кеча унга қўнғироқ қилиб, уни ким ва қачон ўлдирмоқчи бўлганини аниқ билишимизни айтдик. У ташаккур билдирди, аммо ҳайратга тушди, деб айтолмайман.

Менга туюлишича, у бу воқеани жуда ҳассосият билан қабул қилган Владимир Кара-Мурзадан фарқли ўлароқ, одамлар диққат-эътиборини ўзига қаратмасликни хоҳлаяпти.

Бизнинг муайян одамларни аниқлаганимиз Владимир учун учун жуда муҳим эди, ҳозир у шу иш бўйича жиноят иши очтириш ҳаракатида юрибди: аввал жиноят таркиби йўқлигини рўкач қилиб унинг бу талабини рад қилишган эди.

Қисқаси, муносабатлар ҳар хил, иккала ҳолатда ҳам руҳий жиҳатдан буни тушуниш мумкин. Чунки Владимир Кара-Мурза – сиёсатчи, у сиёсий оқибатлар бўлишини хоҳлаши табиий. Дмитрий Биков эса ёзувчи, фаҳмимча, содда-самимий бўлгани учун нега ФСБнинг синчков назарига тушганини у англамайди ҳам.

Бизга ҳам айрим нарсалар бир оз мавҳум бўлиб турибди. Биковни кузатишни, унинг заҳарланишидан бир йил олдин, яъни 2018 йил майда бошлашган. Ўша даврда Биков теварагида сиёсатга дахлдор ҳеч қандай воқеа юз бермаган.

Унинг ҳудудларга сафарлари ҳам ҳеч бир сиёсий мазмун касб этмаган, учрашувларда ёзувчи ҳатто сиёсий сатиралар ҳам ўқимаган, балки Карлсон, шеърият ва шу каби сиёсатдан мутлақо йироқ мавзуларда маъруза қилиб юрган.

– Сизлар ўрганаётган шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар ҳам борми?

– Ҳа, анча-мунча кейслар бўйича изланишлар олиб боряпмиз, айримлари билан ишлаш жуда қийин, масалан, Москвадаги заҳарланиш воқеаларини олайлик. Бу ҳолатда сафар жадвалларини титкилашдан наф йўқ, телефон қайдларидан ҳам бир нима чиқишига кўзим етмайди: Яровая маълумотларни атиги 3 йил сақлашни сўрагани яхши бўлмади, ундан эски барча ёзувлар эндиликда ҳеч қаерда сақланмайди, “Bellingcat” эса қўли қанчалик узун бўлмасин, уларни излаб топа олмайди барибир.

Ишимиз мураккаблашди. Шунга қарамай, у ёки бу заҳарланиш ҳодисасининг Россия махсус хизматлари билан боғлиқлиги ҳақида ҳукм чиқариш учун бир қанча қўшимча далилларимиз бор.

Айни дамда ҳолатларнинг ўзаро алоқадорлигини аниқлашга имкон берувчи ишоралар устида иш олиб боряпмиз. Келгусида яна кўп воқеаларга ойдинлик киритишга муваффақ бўламиз, деб умид қиламан.

XS
SM
MD
LG