Линклар

Шошилинч хабар
08 октябр 2024, Тошкент вақти: 23:08

Швед суди Гулнора Каримовага $350 млн пора беришда айбланган Telia собиқ раҳбарларини айбсиз деб топди


15 февраль куни Стокҳольм суди Telia (эски номи TeliaSonera-таҳр.) ширкатининг уч собиқ раҳбари устидан ҳукм чиқарди.

2007-2010 йилларда Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун ўшандаги президентнинг қизи Гулнора Каримовага қарaшли оффшор ширкатларига 350 миллион доллардан кўпроқ пора берганликда айбланган Telia ширкатининг собиқ бош ижрочи директори Ларс Нюберг¸ ширкатнинг собиқ молиявий директори ва вице-президенти Теро Кивисаари ва Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош маслаҳатчи Ули Туималар¸ маҳкама ҳукми билан¸ гумон қилинган жиноятларда айбсиз деб топилди.

Mаҳкама жараëнининг 19 декабрь кунги сўнгги эшитувида прокурорлар айбланувчиларга швед қонунчилигида коррупция учун белгиланган энг оғир жазо берилишини сўраган эди.

Швеция қонунчилиги коррупция билан боғлиқ жиноятларга 6 ойдан 6 йилгача қамоқ жазоси белгилашни кўзда тутади.

Ҳукмга изоҳ

Стокҳольм маҳкамаси ҳукмининг Озодликка юборилган нусхасида¸ ҳакамларнинг бундай қарорга келишига изоҳ берилган.

Бу изоҳга кўра¸ пора деб аталган юзлаб миллион доллар берилган йилларда швед қонунчилигига кўра¸ у ëки бу давлат расмийсига пул ëки бошқа нарса беришгина коррупция ҳисобланган ва айблов томони маҳкама давомида Гулнора Каримованинг давлат расмийси бўлганини шубҳа қолдирмайдиган даражада исбот қила олмаган.

Учала собиқ мулозимининг айбсиз деб топилиши ортидан швед суди акцияларининг учдан бир қисми швед ҳукуматига қарашли Telia компаниясига қўйилган айбларни ҳам рад этди.

2018 йилнинг 4 сентябрида бошланиб 19 декабрга қадар 42 кун давом этган маҳкамада¸ ҳукмда ëзилишича¸ айблов ва оқлов томони келтирган далиллар атрофлича ўрганилган.

Маҳкама раиси Tomas Zander Telia ширкатининг 2007-2010 йиллар давомида асосан Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant Ltd ширкати ҳисобига юзлаб миллион доллар ўтказгани ва Takilantнинг Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли экани прокурорлар тақдим этган ҳужжат-далилларда исботини топганини эътироф қилади.

Аммо прокурор айбловнинг қолган қисмлари¸ хусусан¸ бу пул ўтказмаларининг¸ ўша йиллардаги швед қонунчилиги талаб қилган каби¸ айнан ваколатли давлат амалдорига тўланганини далиллай олмади¸ дейилади маҳкама ҳукмида.

Прокурорлар ҳукм устидан шикоят қиладими?

2012 йил сентябрида TeliaSonera раҳбарларининг Ўзбекистонга кириши катта миқдордаги коррупция билан бошланганига оид гумонлар юзасидан жиноят иши очган Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси раҳбари Гуннар Стетлер 15 февраль кунги ҳукмдан қаттиқ афсусда эканини яширмади.

Прокурорга кўра¸ Telia собиқ раҳбарларини катта миқдордаги коррупцияда айбдор деб топиш учун 2012 йилга қадар бўлган швед қонунчилиги¸ қолаверса халқаро қонунчилик ҳам асос беради.

Стетлер¸ Telia собиқ раҳбарлари Ўзбекистонга кириш учун юзлаб миллион доллар пул берган шахс¸ яъни Гулнора Каримова 2007-2010 йилларда Ўзбекистонда давлат арбоби¸вазир ўринбосари ва элчи лавозимларида ишлаганини таъкидлайди ва Стокҳольм суди буни инобатга олмаганидан таажубда эканини айтади.

"Гулнора Каримова, менинг билишимча¸ Ўзбекистон миллий телекоммуникация агентлигини назорат қилган ва 3 миллиард швед корунаси¸ унинг банк ҳисобларига ўтказилган”¸ деди 15 февраль кунги маҳкама ҳукмига нисбатан матбуотга берган қисқа баëнотида Стетлер.

Бундан ташқари¸ прокурор таъкидича¸ расмий амали бор-йўқлигидан қатъий назар¸ қарор чиқариш жараëнида таъсирга эга бўлган шахслар имтиëзи ва ҳимоясини қозониш учун қилинадиган ҳар қандай олди-берди БМТ конвенциясига кўра¸ пора ҳисобланади.

"Швеция бу конвенцияга аъзодир"¸ деб таъкидлади яна Стетлер.

“Стокҳольм суди ҳукми устидан аппелляция киритасизми?” деган саволга Гуннар Стетлер¸ бу масаладаги қарорни бироз сўнгроқ беражагини билдирди.

XS
SM
MD
LG