Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:38

Telegram ва Дуров иши: Ўзбекистондаги энг оммабоп мессенжерга нима бўлади?


Шу йил июнида Ўзбекистонга сафар қилган Telegram асосчиси Павел Дуров Тошкентда президент Мирзиëевнинг кенжа куëви хамда президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров билан учрашган. 27 июнь, 2024
Шу йил июнида Ўзбекистонга сафар қилган Telegram асосчиси Павел Дуров Тошкентда президент Мирзиëевнинг кенжа куëви хамда президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров билан учрашган. 27 июнь, 2024

Telegram асосчиси Павел Дуров Францияда қисқа муддатга ушланиб, терговга тортилганидан буён Ўзбекистондаги энг оммабоп ижтимоий тармоқ истиқболи борасида саволлар пайдо бўлди.

Аслида Дуров лойиҳалари – Telegram ижтимоий тармоғи, шунингдек, TON криптовалютаси доим баҳсу мунозаларга сабаб бўлиб келган.

Аммо бу гал Францияда 12 та жиноятда гумон қилиниб қўлга олинган бир шахс иши доирасида Дуровнинг ҳам қўлга олингани вазиятни жиддийлаштирмоқда.

Аммо зиддиятлар бугун пайдо бўлгани йўқ. Хусусан, Дуровнинг олдинроқ Ўзбекистонга сафар қилиб, президентнинг зиддиятли куёви Отабек Умаровнинг VIP - меҳмони бўлгани ўз фойдаланувчиларига оид шахсий маълумотларни махсус хизматларга бермагани билан ном қозонган тармоқ асосчисига ўзбекистонлик тармоқ фойдаланувчиларида бўлган ишончга ҳам соя солган эди.

Аммо бу тармоқнинг Ўзбекистондаги оммабоплиги ва хусусан, Телеграмда гуллаб-яшнаётган бизнесга таъсир кўрсатгани йўқ.

---------------------------

Telegram ижтимоий тармоғи ўзбекистонликларнинг асосий виртуал ,бозорига айланиб улгурган. Жумладан, қуйидаги каналда Тошкентнинг қадимий Чорсу бозоридаги тилла тақинчоқлар сотилмоқда.

Тилла дўконининг виртуал бозорида харидор сероб, сотувчилар эса ҳозиржавоб. Онлайн тилла дўконга кириб, қуруқ чиқолмаганлар ёқтирган тақинчоғини танлаб билдирса, яъни "личка"га ёзса, қисқа муддатда уйигача олиб боришади.

Қуйидагиси эса Намангандан туриб аёллар кўйлакларини сотаётган Телеграм-канали. Бу каналдаги маҳсулотларнинг ҳам, халқ тили билан айтсак, "доставкаси" бор.

50 ёки 100 фоиз ҳақи тўланган маҳсулотни такси ҳайдовчиларидан бериб юборишади. Мижозлар ҳам хурсанд. Таксичи ҳам қўшимча даромаддан мамнун.

Телеграм бозорида онлайн ўтирган юз минглаб ўзбекистонликнинг аксари Парижда Павел Дуров қўлга олиниб, терговга тортилганидан бехабар бўлиши мумкин.

Дуров шу йилнинг 25 августга ўтар кечаси Озарбайжондан хусусий учоғи билан Парижга қўнганида ушланди. Париж прокуратураси Telegram платформасида содир этилган эҳтимолий жиноятларни тергов қилмоқда. Бу ишда 12 хил жиноят ҳақида гап бориши расман айтилган.


Дуровнинг ушланиши Европада ҳам Telegram мессенжерига қизиқишни ошириб юборди. Ўзбекистон ва бошқа пост-совет давлатларида эса бу мессенжер анчадан бери оммабоп.

Жумладан, Ўзбекистонда Telegram - кенг аҳоли қатлами учун кўпроқ виртуал бозор, яъни тирикчилик манбаига айланган, дейиш мумкин.

“Ҳозирги кунда Туркиядан, Самарқанддан, Тошкентдан маҳсулот олиб келамиз. Телеграм саҳифамизга жойлаштирган ҳолда онлайн иш олиб борамиз. Онлайн буюртма қилганлар пластик картамизга маҳсулот нархининг 50 фоизини тўлов қилади. Магазинимизда бир кунда 20 та маҳсулот кетса, Телеграм группамизда юзлаб маҳсулот сотилиши мумкин”, дейди Telegram'даги олди-сотди гуруҳларидан бирининг администратори, шахсини сир сақлаган ҳолда.

Виртуал савдоси реал дўкондаги савдодан бир неча баробарга кўплигини аксар савдогарлар айтади. Уларга кўра, Ўзбекистонда ҳам 2019 йилдаги ковид пандемиясидан сўнг онлайн савдо кўлами кескин ошган.

Дунёнинг турли давлатларида бу савдо кўпроқ интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларн мижоз йиғувчи реклама эълонлари воситасида юритилмоқда.


Ўзбекистонда эса йирик савдо муассасаларидан тортиб, якка шахсларга қадар Телеграмдан тўғридан-тўғри савдо растаси сифатида фойдаланмоқда.

Озодликка гапирган сотувчига кўра, Telegram'нинг афзаллиги нафақат қулайлиги, балки Ўзбекистонда мавжуд ҳисобсиз назорат механизмларидан ҳозирча четдалигидир.

Савдо - Telegram мессенжерининг Ўзбекистонда қўлланаётган ўнлаб функцияларидан бири, холос.
----------------------------------------------

Ўзбекистонда Telegram'нинг энг кўп қўлланган функцияси гуруҳ чатлари:

  • синфдошлар, курсдошлар, ҳокимият, шифохона, мактаб ёки бозор жамоаси гуруҳлари.

Иккинчи кўп қўлланилган функция Телеграм бозорлари:

  • турли йирик савдо ширкатлар каналлари, алоҳида кичик савдогар ёки чайқовчилар гуруҳлари, ишлаб чиқарувчи ёки алоҳида шахслар саҳифалари;

Учинчиси - ахборот йиғиб тарқатиш ва бу аснода пул ишлаш:

  • aлоҳида ОАВ ва Интернет нашрлари, агентликлар каналлари; алоҳида жамоалар - таксичилар, бозорчилар, шифокорлар; журналист, иқтисодчи, блогер, депутат ёки таниқли бошқа жамоат фаоллари ва арбоблари шахсий каналлари.

----------------------------------------------
Ўзбекистонлик журналист Илёс Сафаров учун Telegram'даги саҳифаси - матбуотга сиғмаган эркин фикрлари учун бир майдон:

"Телеграм каналимдан шахсий фикрлар, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан муносабатимни ёзиб бориш учун фойдаланаман. 21-асрда ҳаммада бундай қизиқиш, истак бўлса керак. Ёзганларинг бошқаларни қизиқтира олса, одам йиғолсанг бўлгани. Уни очишимга шунингдек, ОАВга нисбатан цензуранинг кучлилиги ҳам сабаб бўлган. ОАВда чиқмай қолган ёки ўчирилган материалларимни шу тармоқ орқали бераман. Бу дастлаб шунчаки қизиқишдан кейин одатийликка айланган бўлса керак".

Аслида Telegram дунёга келган 2013 йил - Ўзбекистонда Интернетнинг тизгини ўта таранг тортилган палла эди.

Ўша вақтда авторитар бошқарувини фавқулодда кучайтирган марҳум президент Ислом Каримов режими ижтимоий тармоқларни бўғиб ташлаганди.

2016 йилда Каримов ўлгач, Ўзбекистонда ҳокимият алмашинуви фонида нисбий эркинлик пайдо бўлди ва ижтимоий тармоқлар, хусусан Telegram учун кенг йўл очилди.

Ҳозир Facebook'да кўпроқ ўзбекистонлик зиёлилар, X (собиқ Twitter) да эса экспертлар, Instagram ва TikTok'да ёшлар яққол кўзга ташланса, Telegram барча қатламни бирдек қоплаган.
------------------------------------------
DataAI маълумот базасига кўра, ҳозир Telegram дунёда энг кўп юклаб олинган 5-мобил дастур. 950 миллиондан ортиқ фаол фойдаланувчиси бор.

Баъзи очиқ интернет манбалари, Telegram 2023 йилда энг кўп Ҳиндистонда - 33 миллион марта юклаб олинганини қайд этади.

Кейин Россия - 35 миллион, кейин АҚШ - салкам 30 миллиондан ортиқ. Қозоғистон саккизинчи ўринда - 9 миллион 300 минг марта юклаб олинган.

Telegram асосчиси собиқ матбуот котиби Георгий Лобушкинга кўра, аслида Ўзбекистонда Telegram'нинг салкам 741 млн аудиторияси бор.

Лобушкин, Ўзбекистонда 123 мингдан ортиқ Telegram- канали, 18 мингга яқин чат борлигини, битта «миллионер» канал - Kun.Uz номини қайд этади.
-----------------------------------------


«Кўпчилик билмайди, лекин ҳозир Ўзбекистон Telegram каналлари сони ва уларнинг аудиторияси бўйича (Россиядан кейин) иккинчи ўринда туради. Ўзбекистонда Telegram каналларининг умумий аудиторияси 740 990 000 кишини ташкил қилади», дейди Лобушкин.

Telegram'нинг Ўзбекистонда қанчалик оммалашгани ҳақида расмий маълумот йўқ. Халқаро дата-базаларда ҳам маълумот жуда оз.

Биргина DataAI базаси Telegram'да фаол қўлланган 19 тил орасида сўнггиси сифатида ўзбек тилини ҳам қайд этади.

Financial Times нашрининг ёзишича, ҳозир Еврокомиссия ҳам Telegram мессенжери устидан тергов бошлаган, қанча фойдаланувчиси борлиги аниқланмоқда.

Еврокомиссия иттифоқдаги фойдаланувчилари сонини Telegram атайлаб камайтириб кўрсатган бўлиши мумкин, дея гумон қилмоқда.

Европа иттифоқида шу йил кучга кирган Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга биноан, ойига 45 миллион аудиторияси бўлган платформалар фаолиятига чекловлар қўйилади.

Еврокомиссия буни қачон ва қандай аниқлайди - бу ҳозирча номаълум. Чунки Telegram'да фойдаланувчи тўлиқ анонимликни сақлаб қолиши мумкин.

Францияда Тelegram асосчиси Дуров терговга тортилган жиноят иши доирасида:

  • ҳуқуқ-тартибот идоралари сўраган маълумотни беришдан бош тортиш,
  • кибержиноятлар,
  • пул ювиш,
  • аввалдан декларация қилмасдан криптологик жиҳоз импорт қилганлик,
  • болалар порно суратларини тарқатишда иштирок этганлик кабилар бор.

Ўзбекистон ҳукуматининг асосий эътирози ҳам тақиқланган диний, экстремистик ёки криминал контентнинг Telegram'да тарқалишига қаратилган.

Ўзбекистон ҳукумати эълон қилган бир расмий маълумот Telegram бу соҳада ҳам назорат қилиш мушкул бўлган тармоқлигича қолаётганини кўрсатади.
-------------------------------------------
Ўзбекистонда тақиқланган диний адабиётлар рўйхатига киритилган онлайн манбаларнинг асосий қисми - 511 таси Telegram'да.

Қиёс учун: Facebook'да 156 та, Instagram'да 152 та, YouTube'да 109 та, Одноклассникида 27 та. Тақиқланган сайтлар сони эса 13 та.
--------------------------------------------

Telegram'га аксар ҳукуматлар билдираётган асосий эътироз мессенжердаги ёзишмаларнинг махфийлигидир.

Махсус хизматлар шахсий ёзишмаларни кузатишни хоҳлайди. Лекин, Дуров бунга қаршилигини айтиб келади.

Жумладан, 2018 йилда Россия ҳукумати мессенжердаги шифрлар калитини сўраганида, Дуров йўқ, деган ва бу уни сўз эркинлиги қаҳрамонига айлантирганди. Ўшанда Россия ҳукумати роса 2 йил мессенжерни блоклашга уринди. Фойдаланувчилар ҳар гал тўсиқларни айланиб ўтиш йўлини топди.

Яқинда америкалик телебошловчи Такер Карлсонга берган интервьюсида Дуров бундай босимга АҚШда ҳам дуч келганини айтган:

“АҚШнинг қаерида бўлмайлик, ФҚБ, хавфсизлик хизматлари бизга ортиқча эътибор қаратади. Бир мисол келтираман: охирги марта АҚШда бўлганимда Телеграмда ишлайдиган муҳандисни олиб боргандим. Ўшанда киберхавфсизлик ходимлари ёки агентлари, қандай номланишидан қатъи назар, орқамдан яширинча уни ёллашга ҳаракат қилишди”.

Telegram асосчиси ҳеч бир давлатда бундай босимларга бўйин эгмаганини айтиб келади. Аммо 2020 йилда Роскомнадзор блоклашни бекор қилганди. Нега - бунинг сабаблари ҳақида турли тахминлар бор.

Ўшанда Дуров Россия махсус хизматларига Telegram калитини берган, деган тахмин эса шу кунда яна кучайиб бормоқда.

"Менда бундай тахминлар бор, улар шунчаки тахмин, бирор жойда бу исботлангани йўқ-ку. Лекин агар бу исботланса ва хабарларимизни кимдир ўқиётган бўлса, бу даҳшат. Лекин агар кенгроқ таҳлил қилсак, мен ҳеч қачон тармоқларда ўзимни эркин ҳисобламаганман. Тармоқлардан фойдаланишнинг, нима ёзиб, нима ёзмасликнинг ўз қоидалари, чегараси бўлиши керак. Шунинг муҳимроқ суҳбатларда юзма-юз кўришишни маъқул биламан. Дуров атрофидаги вазиятни кузатиб боряпман. агар у ФCБга ишлаётган киши бўлиб чиқса, бу 21 асрнинг энг шов-шувли ишларидан бири бўлади", дейди журналист Илёс Сафаров.

Дуроқ яқинда Тошкентга бориб, Ўзбекистон президентнинг зиддиятли кичик куёви Отабек Умаров билан апоқ-чапоқ суратларини тармоқларда улашганида, Ўзбекистонда ҳам бу мессенжерга ишонч қолмади, дегувчилар кўпайди.

Мавзудан чал четлашиш бўлса ҳам эслатиш мумкин: Ўзбекистонда президент оиласининг ижтимоий тармоқлар менежменти билан алоқани қуюқлаштиришга уриниши кузатилади.

Масалан, президентнинг ёрдамчиси ва де-факто вориси кўрилаётган қизи Саида Мирзиёева Google вакиллари билан учрашганди.

Ўшанда ҳам тармоқлар “Гуглдаги ҳамма шахсий маълумотларимиз махсус хизматларга қўш қўллаб берилдими?” деган кинояларга тўлган.

Айниқса, Россиянинг Украинага босқини ортидан россиялик IT- мутахассисларининг ёппасига Ўзбекистонга кўчиб ўтгани фонида Дуровнинг ҳукмрон элита билан яқинлиги, бошқа ижтимоий тармоқларда бўлгани каби Telegram'га бўлган ишончга соя солгандек бўлди.

Ўзбекистонда ҳукумат сиёсатига зид гапирганлар бу тармоқда ҳам ўзбек махсус хизматларининг манзилли зарбаларига нишон бўлмоқда.

Мухолифат фаоли, профессор Хидирназар Аллақулов ва унинг издошлари шулар жумласидан.

Ёки катта шов-шувга сабаб бўлган KompromatUzb ишини эслаш мумкин.

Telegramэнинг Ўзбекистонга хос бўлган яна жиҳати - унинг ёпиқ чат ва ёпиқ гуруҳлар функциясидан давлат идоралари ходимларию амалдорларининг фаол истифода қилишидир. Telegram давлат бошқарувининг янгича реал-виртуал воситасига айланди.

Айни пайтда, ҳукуматнинг реал-виртуал, янгича омухта сиёсатидаги икки хил стандартни фош қилди.

Жумладан, Telegram'даги ички ёзишмалар ва гуруҳларда раҳбарларнинг буйруқлари, Мирзиёев ҳукумати таг-туги билан йўқ қилинди, дея иддао қилган мажбурий меҳнатнинг ҳануз кенг қўлланилаётганини ўртага чиқарди.

Telegram'ни назоратга олиш мумкинми-йўқми - бу шу кундаги катта савол. Чунки, мутлақо анонимликни сақлаш мумкин бўлган месенжерда жиноятлар, жумладан фирибгарлик, товламачилик, одам савдоси, порнографик ёки эстремистик контентни тарқатиш каби ўнлаб жиноят ҳам урчиб бораётгани ҳукуматлар учун жиддий муаммога айланган.

Ҳозир Франция прокуратураси Дуров жалб қилинган терговда кибержиноятлар, пул ювиш, болалар порнографияси сингари жиноятларни тергов қилмоқда.

Икки йил аввал Telegram Германия қонунчилигига риоя қилмагани учун 5 миллион евро жарима тўлаган. Энди Францияда ҳам жазога тортилиши мумкин.

Аммо Ўзбекистонда Telegram ёки ундаги жиноятчиларни жазолаш учун жиддий қадам ташланадими ёки ҳукумат ўз мухолифларини манзилли йўқотиш билангина шуғулланадими - бу саволга аниқ жавоб йўқ.

Павел Дуровнинг ўзи Францияда қўлга олинганидан кейинги илк постида уни жиноятда гумон қилаётган Париж прокуратураси ҳаракатини “хато ёндашув”, деб баҳолади.

Дуров ўзига билдирилган эътирозлар унинг учун “кутилмаган” бўлганини қайд этди.

“Смартфон давридан олдинги қонунчиликдан фойдаланиб, раҳбарни у бошқараётган платформада учинчи томон содир этган жиноятда масалага хато ёндашувдир. Бирор технологияни ишлаб чиқишнинг ўзи мураккаб. Агар, охир-оқибатда бу технологиянинг суиистеъмол қилинишига жавобгар кўриладиган бўлса, ҳеч бир инноватор янги технология ишлаб чиқишга қўл урмайди”, деди Дуров.

Шунингдек у, турли давлатлар назорат органлари билан фойдаланувчилар конфиденциаллигини сақлаш борасида зиддият борлигини қайд этди:

“Бундай вазиятда мамлакатдан чиқиб кетишга тайёрмиз. Кўп марта шундай қилганмиз. Масалан, Россия биздан “шифрлаш калитлари”ни топширишни сўраганида, бундан бош тортганмиз ва охир-оқибат, Telegram Россияда тақиқланди. Эронда ҳам тинч намойишчиларга оид каналларни блоклашни талаб қилишганида, рад этдик ва Telegram Эронда тақиқланди. Биз принципимизга зид бозордан кетишга тайёрмиз. Чунки бу ишни пул учун қилаётганимиз йўқ”.

Айни пайтда Telegram асосчиси дунё бўйлаб 950 миллиондан ортиқ одам фойдаланаётган платфорамада жиноятлар олдини олиш устида ҳам жиддий изланаётгани ва тез орада, бунинг натижасини жамоатчиликка очиқлашини билдирди.

Форум

XS
SM
MD
LG