Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:56

Тожикистонда давлат идоралари ходимларига бир хил либос тайёрланмоқда


Тожикистонда давлат идораларининг ходим ва мулозимлари яқин келажакда бир хил, махсус либос билан ишга кела бошлайдилар. Шу муносабат билан Тожикистон Маданият вазирлиги баъзи миллий либослар намуналарини тайёрлаб қўйган.

Вазирлик ходимининг айтишича, барча қўмита ва вазирликлар ўз ходимлари учун ягона либос дизайнини тайёрлайди.

Маданият вазирлиги, Аёллар қўмитаси ва Ёшлар ишларига оид қўмита вакилларидан ташкил топган давлат комиссияси қизлар ва аёллар учун миллий либос намуналарини тайёрламоқда.

Намуналарни тайёрлаш чоғида аёлларнинг ёши ва йилнинг тўрт фаслида фойдаланишлари ҳисобга олинади.

Аёллар қўмитаси масъул ходими Сабоҳат Маҳмадалиеванинг Озодлик радиосига айтишича, бундай тадбирга халқ орасида миллий либосни тарғиб этиш жараёнида илгари сурилган таклифлар сабаб бӯлган.

Ушбу йиғилишларда баъзи аёллар “агар ҳижоб кийиш мумкин бўлмаса, қандай миллий кийиш лозим?”- деб савол берганлар.

Шунингдек, аёллар миллий либос намуналарини таклиф қилишни сўраганлар.

“Бегона либос ӯрнига миллий либос кийиш чақириқлари ортидан биз “Тожикистон қизлари ва аёллари либослари ҳақидаги тавсиялар” номли ҳужжатни тайёрладик. Бу ҳужжат китоб шаклида келгуси ой чоп этилади. Унда барча ёшдаги қизлар ва аёлларга йилнинг тўрт фаслига мос либослар кўрсатилган,”- деди Сабоҳат Маҳмадалиева.

Унинг таъкидлашича, ҳужжатнинг бир боби вазирлик ва қўмиталар ходимларининг ягона либос ёки униформаларига бағишланган.

Айни дамда, таниқли дизайнер Мукаррама Қаюмованинг айтишча, ҳозирча аёлларнинг қиш мавсумидаги миллий либоси масаласи ҳал бӯлгани йўқ.

Унинг билдиришча, Тожикистонинг тоғли минтақаларида, масалан, Тоғли Бадахшонда аёлларнинг қиш либоси намуналари мавжуд, аммо бундай либосларни замонавийлаштириш ва мамлакатнинг бошқа минтақаларидаги аёлларга тавсия қилиш қийин кечмоқда.

2014 йилТожикистонда “Оналар куни” сифатида нишонланадиган 8 март байрамида президент Имомали Раҳмон фаоллар билан учрашар экан, мамлакат шаҳар ва қишлоқларида “тожик маданияти ҳамда анъаналарига зид равишда” қора кийим кийиб юрган тожик аёллари пайдо бўлганидан ташвиш билдирган эди.

Бундан авваллари ҳам Тожикистонда “тожикча анъаналар ва қадриятларни тарғиб қилишга” қаратилган қатор қонунлар қабул қилинганди.

Жумладан, қонунлардаисломий экстремизм ва фундаментализм рамзи сифатида кўрилаëтган аëлларнинг узун қора кийим ва ҳижоблари тақиқланган эди.

2017 йилда эса Диний қўмита азада қора кийишни ҳам тақиқлаб¸ тожикистонликларга мотам маросимларида ота-боболаридан қолган кўк чопон кийишни тавсия қилди.

2016 йил бошида Тожикистон парламенти арабча ва “ажнабий” исмларни ман қилувчи қонун лойиҳасини қабул қилганди.

Исмларни тожикчалаштиришни фамилиясидан русча “-ов” қўшмчасини олиб ташлаш билан 2007 йилда мамлакат президенти Эмомали Раҳмон бошлаб берди.

Ўша йили собиқ маориф вазири Абдужаббор Раҳмонов ўқувчи ва талаба қизларга ҳижоб ўрашни, Ислом университетида таҳсил олаётган йигитлар учун эса соқол қўйишни тақиқлаган эди.

Охирги 5 йил давомида Тожикистон ҳукумати диний экстремизмга қарши курашиш важи билан барча турдаги диний фаолиятни ӯз назорати остига олди: жомеъ масжидлар имомларини тайинлашдан бошлаб, аёллар либоси, эркаклар соқоли, масжид ва ҳажга борувчилар ёши устидан назоратни кучайтирди.

XS
SM
MD
LG