Линклар

Шошилинч хабар
24 май 2022, Тошкент вақти: 10:51

Таҳлил: Хорижий инвесторлар Қозоғистонда нимага эътибор қаратмоқда?


“Eurasianet” нашри Лондонда истиқомат қилувчи журналист ва сиёсий таҳлилчи Максимилиан Хесснинг Қозоғистондаги қўзғолонларнинг мамлакат иқтисодиёти ва хорижий инвесторларга таъсири ҳақидаги мақоласини эълон қилди.

Қозоғистонда жорий ойда содир бўлган ҳодисалар мамлакат иқтисодиёти ва унинг хорижий капитал бозорларидаги обрўсига ўз таъсирини кўрсатиши шубҳасиз.

Ўтган ҳафта КХШТ ёрдамида назоратни тиклаганидан сўнг президент Қасим-Жомарт Тоқаев коррупцияни йўқ қилиш ҳамда турмуш шароитини яхшилашга ваъда берди. Тоқаев бу мақсадларга эришиш йўлида устози ва салафи Нурсултон Назарбоев атрофидаги элитадан фойдаланмоқчи.

Тоқаев парламентда қилган чиқишида “биринчи президент – элбоши шарофати билан мамлакатда ўта сердаромад ширкатлар гуруҳи ва ҳатто халқаро ўлчовлар бўйича ҳам ўта бадавлат кишилар қатлами пайдо бўлди”, деди.

Тоқаев 11 январь куни парламент мажлисида Назарбоевнинг кенжа қизи Алияга алоқадор дея кўриладиган хусусий ширкатнинг утиллаштириш тўловлари йиғишига чек қўйиш тўғрисида фармойиш берди. Қозоғистон президенти, шунингдек, мамлакатнинг 65 миллиард долларлик “Самрук-Қазина” миллий жамғармаси аудит қилинишини эълон қилди.

“Самрук-Қазина” ўнлаб йилдан бери шубҳаларга дучор бўлиб келади. Ўтмишда Назарбоевнинг куёви Тимур Кулибоев бошқарган жамғарма Назарбоевнинг иқтисодий тизими билан чамбарчас боғлиқ ташкилотдир. Жамғарма нафақат мамлакатнинг энергия бойликларини бошқаради, балки кўплаб йирик давлат ширкатлари учун холдинг компанияси сифатида ҳам хизмат қилади.

15 январь куни Назарбоевнинг бошқа икки куёви республика миқёсидаги ширкатлардаги лавозимларидан кетди: “ҚазТрансОйл” ширкати раиси Димаш Досанов ҳамда “Казахгаз” ширкати раиси Қайрат Шарипбаевлар вазифаларидан бўшатилди.

Қайрат Шарипбаев Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариғанинг эри экани айтилади. Димаш Досанов эса Назарбоевнинг кенжа қизи Алиянинг турмуш ўртоғидир. Кулибаев собиқ президентининг ўртанча қизи Динарага уйланган. Кулибаевлар жуфтлиги Марказий Осиёдаги энг бадавлат кишилардан бўлиб ҳисобланади – эр-хотин “Forbes” журналининг миллиардерлар рўйхатига киритилган.

Назарбоевнинг икки куёви лавозимидан четлатилгани “де-назарбоевизация” жараёни бошланганини яққол кўрсатади.

Тартибсизликлар бошланганидан бери Назарбоев ва унинг оиласи омма назаридан ғойиб бўлди. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, айрим экспертлар Қозоғистондаги январь воқеалари замирида президент Тоқаев ва Назарбоев тарафдорларининг ҳокимият учун ички кураши ётганига оид тахминларни олға сурмоқда. Бу эса парда ортидаги ҳокимият учун кураш халқаро ширкатлар Қозоғистонга ётқизган миллиардлаб доллар сармояга таҳдид солиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда.

“Eurasianet” мақоласида ёзилишича, инвесторлар Россия қандай ўзини тутишини яқиндан кузатяпти, чунки қозоқ бизнес элитасининг фаолияти Россия иқтисодиёти билан чамбарчас боғлиқ. Масалан, Кулибоев 2011 йилдан бери “Газпром” директорлар кенгаши аъзосидир.

Бу орада Қозоғистон ҳукумати облигациялари нархи тушди. Аммо мамлакатда суверен евробондлари ва йирик захиралари бўлгани ҳамда нефть нархлари юқори бўлиб қолаётгани учун қозоқ облигациялари номиналдан юқори баҳода сотилмоқда. Шундай бўлса-да, Тоқаевнинг иқтисодиётни ислоҳ қилиш режаси Қозоғистон облигациялари нархига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Хорижий сармоядорлар эҳтиёткорлик билан йўл тутаётганини кўрсатувчи далиллар мавжуд. Хабарларга кўра, марказий банк танга курсини ушлаб туриш учун 12 ва 13 январь кунлари 240 миллион доллар сарфлади.

Айни дамда инвесторларни ўйлантираётган савол Тоқаевнинг ислоҳотлари кўлами қандай бўлишидир.

XS
SM
MD
LG