Линклар

Шошилинч хабар
29 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:36

Қашқадарёлик тадбиркорлар Жиззахдаги ободончилик ишларига пул ўтказишга мажбурланяпти


Қурилиш моллари дўкони. Иллюстратив сурат.
Қурилиш моллари дўкони. Иллюстратив сурат.

Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туман солиқ инспекцияси ходимлари тадбиркорларни Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги ободонлаштириш ишларига пул ўтказишга мажбурлаяпти.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган тадбиркорларнинг айтишича, солиқ инспекцияси ходимлари ҳар бир савдо дўконига бирма-бир кириб, пул ўтказилиши лозим бўлган ҳисоб рақамини тақдим қилмоқда ёки нақд пул олиб кетмоқда.

Яккабоғ тумани солиқ инспекцияси бошлиғи бу ҳақда Озодлик билан гаплашишдан бош тортди.

Хайрия пул маблағлари тушадиган жамоат бирлашмаси раҳбари бу тадбир "мутлақо ихтиёрий тарзда" амалга оширилаётганини айтди.

Яккабоғ туманида савдо дўкони бор, солиқ инспекцияси томонидан босимга учраши мумкинлигидан исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бирининг айтишича, у солиқ инспекцияси ходимларига 300 минг сўм нақд пул беришга мажбур бўлган:

“Солиқчилар ҳар битта дўконга кириб, “Ҳудудлар ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш” жамоат бирлашмасининг банк ҳисоби ёзилган қоғозни тақдим қилиб, энг ками 300 минг сўм пул ўтказиш лозимлигини айтишмоқда. Бу ихтиёрийми ёки мажбурий, деб сўрасам, ихтиёрий-мажбурий қандай тушунсангиз, шундай тушунинг”, деб айтяпти. Бу дегани ўтказмасанг, ўзингдан кўр, барибир битта айбингни топиб, жазолаймиз дегани. Буни тадбиркорлар яхши билади. Шунинг учун 300 минг сўм нақд чиқариб бердим. Лекин, бунча пулни олгани ҳақида бирорта ҳужжат бермади”.

Жамоат бирлашмаси мактуби
Жамоат бирлашмаси мактуби

​Исми сир қолишини сўраган бошқа тадбиркор солиқчилар тақдим этган ҳисоб-рақамига 500 минг сўм ўтказганини айтди:

“Менинг дорихонам бор. Солиқчилар келиб, пул ўтказинг деб, туриб олишди. Қоғозни ўқиб кўрсам, Жиззах вилоятидаги Фориш туманини ободонлаштириш учун экан. Мен уларга, ўзимизнинг Яккабоғда ҳам кам таъминланган оилалар бор, кўчаларга қараб бўлмайди, нега энди ўзимизга эмас, бошқа вилоятга йиғяпсизлар, десам, бизга шундай топшириқ бўлган, дейди. Мажбур ўтказиб бердим. Каримов давридан бери бор бу одат, гоҳ унга, гоҳ бунга пул ўтказ, ихтиёрий, дейди. Ҳозир ҳам давом этяпти. Лекин, қанақа “ихтиёрий” эканлигини яхши биламиз. Ўтказмасам, улар қасдлашиб қолади”.

Ҳомийлик пуллари ўтказилаётган “Ҳудудлар ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш” жамоат бирлашмасининг (Тошкент шаҳри) раҳбари Худойберди Холбоев, Озодлик билан суҳбатда бу тадбир мутлақо ихтиёрий тарзда амалга оширилиши лозимлигини айтди:

- Биз президентимизнинг Жиззахда айтган гапларидан келиб чиқиб, туманларни обод қилиш учун имконият доирасида ҳомийлик ёрдами кўрсатилишини сўраймиз, деб республика ташкилотларига хат чиқарганмиз. Биров 50 минг, биров 100 минг, биров бир миллион сўм беряпти. Ҳеч қанақа мажбурлаш йўқ, бу ерда, ҳаммаси ихтиёрий, ҳомийлик, ҳомийлик ва яна ҳомийлик.

Яккабоғ туман солиқ инспекцияси бошлиғи Аслиддин Рустамов, тадбиркорларнинг шикоятларига оид Озодлик саволини эшитиб, алоқани узиб қўйди ва кейинги қўнғироқларга жавоб бермади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг ноябрида Самарқанд вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида яна тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган маҳаллий раҳбарлар ва ҳокимларни яна бир огоҳлантирган эди:

“Масалан, бизнес соҳасида жорий этилаётган янгиликлар жойларда, жумладан, Самарқанд вилоятида қандай қўлланмоқда, тадбиркорлар берилаётган енгилликларни амалда сезмоқдами ёки йўқми, деган саволларга, афсуски, тўла ижобий жавоб тополмаймиз. Шу муносабат билан барча бўғиндаги раҳбарлар, айниқса, жойлардаги ҳокимлар ва мансабдорларни огоҳлантириб айтмоқчиман: тадбиркорга мадад бериш ўрнига унинг йўлига тўсиқ қўйиш – бу Президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланади ва шунга яраша чора кўрилади", деган эди президент.

XS
SM
MD
LG