Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:03

Фарғона “ЦУМ”и собиқ эгаси вилоят ҳокими устидан Президентга видеомурожаат йўллади


Тадбиркор Ҳамидулла Топволдиев
Тадбиркор Ҳамидулла Топволдиев

Фарғонадаги Марказий универмагнинг (ЦУМ) собиқ эгаси тадбиркор Ҳамидулла Топволдиев вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг устидан арз қилиб, Ўзбекистон президентига видеомурожаат йўллади.

Тадбиркорнинг айтишича, "ўзини вилоятнинг ҳам ҳокими, ҳам судьяси, ҳам прокурори сифатида тутаётган" Шуҳрат Ғаниев ўзи истаган ҳар қандай тадбиркорлик объектини ноқонуний тортиб оляпти.

Топволдиевнинг иддаосича, унинг хусусий мулки бўлган Фарғонадаги “ЦУМ” биноси ноқонуний кимошди савдосида сотиб юборилган.

Тадбиркорнинг бу ҳақда вилоятдаги суд ва прокуратура идораларига қилган мурожаатлари қониқарсиз қолган ва иш Олий судгача етиб борган.

Олий Суд қайта кўриб чиқиш учун ишни Андижон вилоят Иқтисодиёт судига юборган.

Тадбиркорнинг айтишича, суд яна вилоят ҳокимининг фойдасига қарор чиқарган. Андижон вилоят Иқтисодиёт суди судьяси Ориф Қўлдошев Озодлик билан суҳбатда, ўз қарори тўғри чиқарилганини айтди.​

Ва ниҳоят, Ҳамидулла Топволдиев вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев устидан президентга видеошикоят йўллади

Президентга мурожаат қилган фарғоналик тадбиркор
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:28 0:00
Бевосита линк

Фарғоналик 55 яшар тадбиркор Ҳамидулла Топиволдиевнинг Ўзбекистон президентига видеомурожаатида иддао қилишича, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев унинг хусусий мулки бўлган ЦУМни “Mehnat OIL” ташкилотига 2016 йилда ноқонуний соттириб юборган.

Ҳамидулла Топиволдиев таъсис қилган “Мисс Нозилабегим” МЧЖга қарашли бу бино 2012 йилда Бош Вазирнинг топшириғи билан реконструкция қилинадиган бинолар рўйхатига тушган эди.

Бош вазир протоколига асосланиб, бино реконструкциясига Ипотека банкидан 7 миллиард сўм кредит ажратилган.

Бунча пулни олиш учун гаровга қўйиладиган объекти бўлмагани сабабли, тадбиркор, аввал банкдан 3 миллиард сўм кредит олиб, ўз маблағини қўшган ҳолда жами 5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажарган.

Банк иккинчи муддатга бериладиган 4 миллиард сўмни беришдан бош тортгани сабабли, реконструкция ишлари тўхтаб қолган.

Аввалги кредит қайтарилмагани учун банк МЧЖни вилоят хўжалик судига берган.

Тадбиркорнинг иддао қилишича, суд томонидан баҳолатишга берилган экспертиза ташкилоти, бузиб ташланган бинолар қийматини жуда кам - 3,3 миллаирд сўмга баҳолаган.

Тадбиркор бу юзадан вилоят прокуратурасига арз қилган, прокурор протестидан сўнг, апелляция суди асосий бинонинг ўзини 6,7 миллиард сўмга баҳолаган.

"Лекин, - дейди Ҳамидулла Топиволдиев, - биз қилган сарф-ҳаражатларни инобатга олмай, банк бинони биржа савдосига чиқариб юборган".

2016 йилнинг 9 августида “EFFECT REAL GROUP” МЧЖ бинони аукционга қўйган. Бу ҳақда газеталарда эълон берилган.

Тадбиркорнинг айтишича, бу аукционда қатнашмоқчи бўлган бир қанча ташкилот вакиллари корхона аҳволини кўриб ва унинг раҳбари билан суҳбатдан сўнг қайтиб кетган:

“Аукционга бир кун қолганида “Агрофирма меҳнат” МЧЖга қарашли “ASVEN DISILLERIS” ва “MEHNAT OIL” МЧЖлар ЦУМ биноси ва ҳолатини ўрганмасдан аукционда қатнашиш учун пул маблағларини ўтказишди. Биз бундан норози бўлиб, хўжалик судига даъво аризаси киритдик. Суд жараёнида бу икки МЧЖни эгаси бир одам эканлиги аниқланди. Лекин шундай бўлса ҳам, Шуҳрат Ғаниевнинг тазйиғи билан “MEHNAT OIL” МЧЖ фойдасига суд қарор чиқариб берди. Шундай қилиб, 10 миллиард сўм турадиган бино-иншоотларимизни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 4,089 миллард сўмга соттириб юборди”, дейди Ҳамидулла Топиволдиев.

Тадбиркорнинг айтишича, у шундан сўнг вилоятдаги барча суд ва прокуратура идораларига шикоят қилган, лекин улар суднинг қарорини тўғри деб топган:

“Менга Шуҳрат Ғаниев тўғри юзимга айтган, агар ташкилотингни бермасанг сени қаматаман, деган. Лекин мен президент порталига мурожаат қилдим. Портал шикоятимни Бош прокуратурага чиқарди. Бош прокуратура бу ишни кўриб чиқиб республика Олий Судига протест киритди. Олий суд ишни кўриб чиқиб Фарғона вилоятида чиқарилган барча суд ажримларини бекор қилди ва қайтадан кўриб чиқиш учун Андижон вилоят Иқтисодиёт судига юборди”, дейди Ҳамидулла Топиволдиев.

Андижон вилоят Иқтисодиёт суди бу ишни кўриб чиқиб, “Мисс Нозилабегим” МЧЖга қарашли бўлган барча бино ва иншоотларни қайтадан экспертиза қилиш учун 2017 йилнинг 27 августида қарор чиқарган.

“Андижон вилоят Иқтисодиёт суди материални олти ой судраб юриб, республика Бош прокуратураси ва Олий суди қарорларини инобатга олмай, Шуҳрат Ғаниевнинг одамлари фойдасига қарор чиқариб берди. Судья Ориф Қўлдошев давлат божи тўлаганимизга қарамасдан яна давлат божи тўлаш ҳақида ажрим чиқарди. Фарғона вилоятида муҳит шунақаки, ким Шуҳрат Ғаниевни моддий қизиқтирса ўшанинг гапи гап бўлиб чиқяпти. Бизнинг давлатимиз ва президентимиз чиқарган қонунлар Фарғона вилоятида ишламаяпти”, деди тадбиркор Ҳамидулла Топиволдиев.

Андижон вилоят Иқтисодиёт суди судьяси Ориф Қўлдошев Озодлик билан суҳбатда, бу ҳақдаги қарор тўғри чиқарилганини айтди:

- Биз бу иш бўйича экспертиза тайинлаган эдик, экспертизадан кейин шу аниқ бўлдики, шу олдинги тарафлар ўртасидаги келишувни экспертиза паст баҳолаган экан, ҳозирги ҳолат бўйича у ерда таъмирлаш ишлари бораётганлиги сабабли. Шунинг учун биз тарафлар фикрини инобатга олдик, экспертиза хулосаларини инобатга олмадик ва келишув баҳосини белгилаб қўйдик.

Озодлик: Даъвогар олдинги экспертиза хулосасидан норозилик билдирганку?

Ориф Қўлдошев: Раёсат қарори бўйича янги экспертиза тайинлашди, ҳаммаси назоратда. Биз эскспертиза тайинласак янада нархидан пастлаб қўйдида, шунинг учун экспертизанинг хулосасини инобатга олмасдан, тарафларнинг келишувини инобатга олдик ва олдинги сумма бўйича қарор чиқариб бердик. Агар норози бўлишса, қайтадан шикоят қилиш ҳуқуқи бор, бизда ҳеч қанақа чеклов йўқ.

Озодлик: Даъвогар экспертиза холис бўлмаган, нега суд яна аввал экспертиза қилганларга бу ишни топширди. Холис бир экспертиза қилишнинг имкони йўқмиди?

- Бизлар экспертизани Тошкентга берганмиз, улар ўз ваколати доирасида Фарғонага берган. Биз республикага чиқариб берганмиз, ажримнинг ўзини. Улар энди, Фарғонадаги филиалига юклаб қўйганда. Бизлар айнан Фарғонага берилсин демаганмиз, бу республикадан кўрсатилган, деди Андижон вилояти Иқтисодиёт суди судьяси Ориф Қўлдошев.

Тадбиркор республика Олий суди қарорини бажармаган Андижон вилоят Иқтисодиёт суди қарори устидан яна Бош прокуратура ва Олий Судга шикоят аризаси киритганини айтди.

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевдан тадбиркор иддаоларига муносабат олишнинг имкони бўлмади. Ҳоким, одатдагидек, Озодлик радиосидан эканлигимизни билгач, алоқани узиб қўйди.

XS
SM
MD
LG