Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2022, Тошкент вақти: 19:44

"Ер ости сув сатҳи пасайиб кетган". Ўзбекистонда қудуқ бурғилашга мораторий жорий қилинди


Ўзбекистонда ер ости сувлари сатҳининг кўп йиллик ўртача меъёрдан 5 метр ва ундан ортиқ пасайиб кетгани айтилади.

Президент Шавкат Мирзиёев қарорига кўра 1 августдан бошлаб ер ости чучук сувларига қудуқ бурғилаш ва сувдан махсус фойдаланишга рухсатнома бериш бўйича мораторий жорий қилиш кўзда тутилган.

Бунга айрим ҳудудлардаги ер ости сувлари сатҳининг кўп йиллик ўртача меъёрдан 5 метр ва ундан ортиқ пасайиб, улар ресурсларининг камайиб кетиши сабаб бўлган.

Қудуқдан томорқасини суғорадиган аҳоли вакиллари ва фермерлар, агар қудуқлардан фойдаланиш тўхтатиладиган бўлса, қурғоқчилик даврида экинга бошқа сув манбаси топиш имконсиз эканлигини айтмоқда.

Президент қарорида айтилишича, сўнгги йилларда Давлат геология қўмитасининг ҳудудий гидрогеология станциялари томонидан 1200 дан ортиқ ер ости сувларига рухсатсиз бурғилаш ва улардан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва соҳа мутахассисларининг ер ости сувлари мониторинги натижаларига кўра сўнгги йилларда Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг айрим ҳудудларида ер ости сув сатҳининг 5 метргача ва ундан ортиқ пасайиб кетгани кузатилган.

Шунинг учун ҳам бу ҳудудларда ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларда ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан сув тежовчи технологияларсиз ерларни суғориш тақиқланади.

Бухоролик фермер Шуҳрат Раззоқов фикрича, ҳақиқатан ҳам сўнгги пайтда бурғилаб сув чиқариш ҳолатлари кўпайган, аммо бу бесабаб эмас:

“Ҳукумат аҳолини ва унинг томорқасини сув билан таъминлай олмаганидан сўнг, одамлар ўзлари яшаш учун, шароитини яхшилаш учун қўлидан келган ҳаракатни қиляпти. Чунки ариқларимизда сув йўқ, каналларимизда сув йўқ. Агар бу қудуқларнинг фаолиятини тўхтатса, билмадим бунинг охири нима бўлади?”

Фермернинг айтишича, сувдан рационал фойдаланмаслик, сув таъминотида коррупция сабаб ана шундай муаммо юзага келган:

“Мана яқинда хоразмлик фермер бир видео эълон қилди. Пахтага сув йўқ, лекин минглаб гектар шоли эса сув ичиб ётибди. Бундай ҳолат бизда ҳам бор. Қурғоқчилик деймизу, лекин сувнинг қаерга кетаётганини аниқ ҳисобини бермаймиз. Каримов даврида фақат белгиланган жойларда шоли экиларди. Ҳозир ҳамма шоли экади. Сув тақсимлашда тартиб ҳам йўқ, интизом ҳам йўқ. Қулоқнинг бошидаги пахта ҳам, шоли ҳам, макка ҳам экиб бемалол суғориб оладию, қулоқнинг охиридаги эса ҳатто пахтасига сув тополмайди”.

Шуҳрат Раззоқов фикрича, сув тақсимотида адолатли ва тежамли технология жорий қилинмас экан, вазият кундан кунга оғирлашиб бораверади:

“Қарорда ичимликдан ташқари мақсадларда сув ҳисоблаш воситаларисиз ер ости сувларидан олинганда солиқ тўлови белгиланган солиқ ставкаси 5 баравари миқдорида ундирилади, дейилган. Бу, деҳқоннинг экинидан олган даромади солиқнинг ўзига кетади, дегани. Халқнинг бир парча еридан бошқа даромади йўқ. Бу фермерларга ҳам тегишли. Агар қудуқларга мораторий эълон қилса, унда аввал сув етказиб беришни ташкиллаштириш керак. Сувни тежашни ўрганиш керак, минглаб гектарга шоли, минглаб гектарга тариқ экишни йиғиштириш керак. Бир гектар шолига 20 минг куб сув кетади, тасаввур қиляпсизми?”

Исми сир қолишини сўраган ўзбекистонлик ирригаторлардан бирининг айтишича, ер ости сувлари сатҳининг пасайиб кетаётгани бир неча йилдан буён кузатилмоқда:

“Ер ости сувнинг запасини эътиборга олмасдан, ким сўраб борса, булар бурғилашга лицензия бериб юборишаверди. Бу ўз-ўзидан бўлди, ўзлари билмай рухсат берди, деб ўйлайсизми. Йўқ, албатта, бунинг ҳаммасининг тагида коррупция ётибди. Натижада 3-4 йил аввалгилари эмас, бир-икки йил олдин қазилганлари ҳам қуриб қола бошлади. Айниқса, Самарқанд вилоятининг Қўшработ, Бухоро вилояти ҳудудларида шундай ҳолат рўй берди. Ҳар бир бурғилаш учун давлат 120 миллион сўмдан субсидия ҳам берган”.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси гидрогеология бўлими бош мутахассиси Нодир Бойбобоевнинг Озодликка айтишича, рухсатсиз бурғилаш кўпайиб кетганлиги сабаб ер ости сувлари сатҳи тушиб кетган:

“Бизда, Ўзбекистонда ҳозир рухсатсиз бурғилаш кўпайиб кетди. Вазирлар Маҳкамасининг учта ҳудудга, Самарқанд вилоятининг Қўшработ, Навоий вилоятининг Нурота ва Жиззах вилоятининг Зомин туманига қарори чиққан эди. У ерда деҳқончилик ерларини ўзлаштиришлар кўп, ҳаммаси ўзига рухсатсиз скважина қазиб олган эди. Кейин биз бошқа вилоятларни тўрт йил давомида текширдик ва бугунги ҳолат юзага келганини аниқладик. Яъни ресурсдан кўпроқ сув олиб, самарасиз фойдаланаётганини кўрдик. Энди сув сатҳи беш метрдан тушиб кетса фақат ичимлик сув учун, беш метргача бўлса унда фақат давлат дастурлари доирасида қазишга рухсат берилади”.

Нодир Бойбобоевнинг айтишича, ҳозир ишлаб турган қудуқлар ишлайверади, фақат битта шарт билан:

“Томчилатиб суғориш, сувни тежайдиган илғор технологияларни қўллаган тақдирда рухсат берилади. Эгатлаб суғоришда бир квадрат метрга 600 литр сув кетади, агар томчилатиб суғорадиган бўлса бир гектарга 300 грамм сув кетади. Фарқни кўряпсизми? Бу қарорни кўпчилик нотўғри тушуняпти, бунда аҳолининг ўзининг томорқасини ёки чорвоғини суғориш ҳақида гап бормаяпти. Масалан, сиз ўзингизнинг уйингиздан кунига беш кубометргача сув оладиган бўлсангиз, унга ҳеч қандай рухсатнома шарт эмас”.

Нодир Бойбобоевнинг сўзларига кўра, ер ости сувлари ўзининг барқарор ҳолатига келмагунча мораторий давом этади.

Ер ости сувлари асосан дарёлардан, ёғингарчиликдан тўйинади. Мутахассислар сўнгги йиллардаги глобал иссиқлик, ёғингарчиликнинг кам бўлиши ер ости сувларининг камайишига олиб келганини айтишади.

Форум

XS
SM
MD
LG