Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:43

Суриштирув: Туваликлар Украина урушига Қирғизистондаги авиабаза орқали йўлланган


Россия аскарлари Украинада, Мариупол, 13 апрел 2022 йил.
Россия аскарлари Украинада, Мариупол, 13 апрел 2022 йил.

Озодликнинг қирғиз ва тожик хизматлари Украинадаги уруш Россиянинг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базаларига аҳволига қандай таъсир қилганини аниқлаш мақсадида ҳамкорликда кичик суриштирув ўтказди. Биринчи мақолада Тожикистондаги 201-база, иккинчисида эса Қирғизистондаги “Кант” базаси ҳақида сўз боради.

Россия Қирғизистонда жойлашган “Кант” авиабазасидан Украина урушига аскар жўнатган. Озодлик радиоси Бишкекдан 20 чақирим масофада жойлашган Кант шаҳридаги ушбу базада Украинада жанглар бошлангунича Тува Республикасидан бўлган ўнлаб ҳарбийлар хизмат қилганини аниқлади. Уларнинг бир қисми кейинчалик Украинада ҳалок бўлган. Ерлик аҳоли Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг “Кант” авиабазаси сокинроқ бўлиб қолганини айтади.

“Аскарларнинг ярми қирилди, қолгани асирга тушди”

“Туваликлар бизни қардош халқдек кўришарди. Шу боис биз улар билан яхши чиқишамиз. Аммо Украинада уруш бошланганидан кейин уларни кўрмадик”, дейди Кант авиабазаси яқинида яшайдиган қирғиз турғуни.

Озодлик суҳбатдоши хавфсизлигини ўйлаб ўз исм-фамилиясини очиқламади. У билан Кантдаги ҳарбий база атрофидаги далада сўзлашдик. Айтишича, Тувадан чақирилган аскарлар қишин-ёзин авиабаза ҳудудидаги чодирларда яшар эканлар:

– Туваликлар бу ерга 2014 йилдан кела бошлашган. 2021 йилнинг кузида уларнинг сони бирдан кўпайди, бирйўла 300 йигитни олиб келишди. Уларни машқ қилдиришар, қайта-қайта парашют билан сакратишарди. Лекин уруш бошланиши билан кўринмай қолишди. Аввалроқ биттаси билан гаплашганимда “урушга ҳозирлик кўриляпти, балки мен ҳам ўша ёққа жўнарман”, деган эди. Улар яшаган чодирлар ҳозир йўқ – йиғиб олишган. Эшитишимча, тувалик аскарларнинг ярми қирилиб кетган, қолганлари эса асирга тушганлар.

Кант аҳолиси авиабазада Тува Республикасидан келган аскарлар ҳарбий хизматни ўтаётганини билишарди, чунки улар тез-тез шаҳарга чиқиб, база атрофидаги дўконлардан ул-бул харид қилардилар.

Шу ерлик киракаш Ирискелди тувалик ҳарбийлардан бирини машинасида у ёқ-бу ёққа элтиб қўйганини, йўл-йўлакай Украинадаги уруш ҳақида сўзлашганларини айтади:

– Ўшанда у Тувадан хотини келиши кераклигини, қисқа муддатга ижарага уй қидираётганини айтганди. Кўп ўтмай яна учрашиб қолдик. “Квартира топдингми?” деб сўрасам, қўл силтаб: “Бизни Украинага жўнатишяпти, ёппасига”, деб жавоб берди. Бу уруш бошланганидан кейин бўлган гап.

Тувалик ҳарбийлар Россия армиясида шартнома асосида хизмат қилишаётганини айтишар экан, улар аэродром ҳудудида чодирларда турганлар ва ҳарбий база контингенти билан деярли мулоқот қилмаганлар. Объект яқинида истиқомат қилувчи турғунларга кўра, Тувадан чақирилган аскарларнинг тахминий сони 300-500 нафар бўлган. Ушбу маълумотни Россия расмий манбаларидан тасдиқлатиш имкони йўқ.

Яна бир турғун тувалик ҳарбийлар жойлаштирилган ерни харитадан кўрсатар экан, шундай дейди:

– Орасида битта ҳам рус йўқ эди, ҳаммаси туваликлар. Уларнинг тили бизнинг қирғиз тилига ўхшаб кетаркан. Аэродром ҳудудида яшаганлари билан, билишимча, “Кант” авиабазаси таркибига киришмаган. Уларнинг казармалари, ошхонаси ва ҳаммоми алоҳида эди. Техника ва қурол-аслаҳаси ҳам. Улар шуғулланишар, вертолётдан парашютда сакрашарди. Шунингдек, аэродромни қўриқлашарди. Баҳорда ҳаммалари шу ерда эди, ҳозир кўринмай қолишган.

Тувалик аскарлар “Кант” авиазабасини қачон тарк этишгани ҳақида аниқ маълумот йўқ, шунингдек, урушга ҳаммалари кетганми-йўқми, буни ҳам билмаймиз. Google Earth Pro дастурида шу йилнинг июнь ойида олинган суратларда авиабаза ҳудудида 10 тача катта ва 12 та кичикроқ чодир бўлганини кўриш мумкин, худди шу чодирларда тувалик ҳарбийлар истиқомат қилишган.

Юқоридаги сунъий йўлдош тасвирида Россиянинг Қирғизистондаги Кант авиабазасида ўрнатилган чодирлар борлигини кўриш мумкин. Сурат 2022 йл июн ойида олинган.
Юқоридаги сунъий йўлдош тасвирида Россиянинг Қирғизистондаги Кант авиабазасида ўрнатилган чодирлар борлигини кўриш мумкин. Сурат 2022 йл июн ойида олинган.

Сентябрда Озодлик мухбирлари “Кант” авиабазаси атрофини айланиб, Украинага қарши уруш бошлангунича тувалик аскарларнинг чодирлари тикилган жой бўшаб қолганига амин бўлишди.

Чодирлар ана шу дарахтлар орқасида эди.
Чодирлар ана шу дарахтлар орқасида эди.

Тува Россия Федерацияси таркибидаги энг камбағал ҳудудлардан биридир. Республикада ўртача ойлик иш ҳақи тахминан 10-15 минг рублни ташкил қилади. Шу боис кўп эркаклар пул топиш учун армияда шартнома асосида хизмат қилишни афзал кўрадилар.

“Янги Тува” топган далиллар

Тува Республикасидан чақирилган ҳарбийлар Россиянинг “Кант” авиабазаси ҳудудидан Украинадаги урушга жўнатилганини яна бир неча мустақил манба тасдиқлади. “Янги Тува” бирлашмаси урушга боришдан бош тортган туваликларга кўмаклашади. Бирлашма фаоли Аяна (хавфсизлик важидан асл исми сир тутилмоқда – Таҳр.) Озодлик билан суҳбатда РФ фуқароси бўлган ва Қирғизистон ҳудудида хизмат қилган аскарлар ҳақида сўзлаб берди.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 21 июнида тувалик ҳарбийлардан бири ташкилот билан боғланиб, хизмат сафари билан Қирғизистонда бўлиб турганини, Украинага боришни истамаслигини айтган. У ва ўша пайтда “Кант” авиабазаси ҳудудида бўлган бир неча хизматдоши шартномани бекор қилишни режалаганлар, аммо раҳбарият уларни қўйиб юбормаган. Маълум бўлишича, уларга Украинага бориб келгандан сўнггина хизматдан бўшашлари мумкинлиги айтилган.

Қирғизистондан алоқа чиққан туваликлар ўзларининг доимий дислокация жойлари Қизил шаҳридаги (Тува Республикаси) 55-махсус мотоўқчилар бригадаси эканини айтганлар.

“Бу йигитларни Қирғизистонга декабрь-ноябрь ойларида жўнатишган. Ўша ерда ўтираверишган. Ниманидир қўриқлашган. Айнан қанақа вазифани бажаришганини билмайман. Аммо ёзда уларни Украинага жўната бошлаганлар”, дейди Аяна.

“Янги Тува” фаоллари ёрдам сўраб мурожаат қилган юртдошларига шартномани бекор қилиш ҳақидаги аризани Тувада беришлари мумкинлигини тушунтириб, зарур ҳужжатлар намуналарини жўнатганлар.

Олинган маълумотга кўра, Қирғизистондаги авиабаза ҳудудига жойлаштирилган тувалик аскарларнинг паспортлари ҳарбий қўмондонликда сақланган. Тўққиз аскар “уйга посилка юбормоқчиман” деган баҳона билан ўз ҳужжатларини қайтариб олишга муваффақ бўлган ва дарҳол “Бишкек – Красноярск” поездига ўтириб, 29 июнда Қизил шаҳрига етиб келган.

“Тувага келишганида уларга “урушга боришдан бош тортиб ва бу ерга келиб яхши қилибсизлар”, дедик. Чунки улар билан бўлган хизматдошларини тузоққа туширишди: кўпи Украинада ўлиб кетди ёки ярадор бўлди”, дейди Аяна.

Унга кўра, 2022 йилнинг июнида Қирғизистондан Украинага икки гуруҳга бўлиб камида 90 нафар туваликни йўллаганлар. Улардан чамаси 10 нафари ҳалок бўлган, тахминан 20 аскар яраланган. 30 дан зиёд тувалик эса Украинага боргандан сўнг жанг қилишдан бўйин товлаган ва Россияга қайтган.

“Ўша ҳарбийлар, яъни Қирғизистонда бўлган туваликлар 29 июнь куни Лисичанскда тутдек тўкилганидан хабарим бор. Лисичанск остонасида қаттиқ жанглар бўлган. Уларни қириб ташлаганлар. Россия пропаганда каналларида уларга бағишланган қатор лавҳалар чиқди, ўлганидан сўнг қанақадир медаллар беришди”, дея аниқлик киритади Аяна.

Дарҳақиқат, Россиянинг қатор ОАВлари “Лисичанск шаҳри учун қақшатқич жангларда тувалик ҳарбийлардан тузилган 55-тоғ мотоўқчилар бригадаси қаҳрамонлик кўрсатган”и ва “республиканинг фидойи жангчилари ҳалок бўлишгани, ярадорлар ҳам бор”лиги тўғрисида хабар қилган эди.

Аяна Қирғизистон ҳудудида хизматни ўтаган ҳарбийларнинг бари шартнома асосида хизмат қилаётган аскарлар бўлганини, у таниганлардан икки нафари тахминан 30 ёшда бўлганини айтади. Аяна улардан бирининг Бишкекда ва “Кант” авиабазасига жуда ўхшаш жойда тушган суратларини кўрсатди. Бироқ таҳририят, аскарнинг хавфсизлигини ҳисобга олиб, суратларни эълон қилмасликка қарор қилди.

“Янги Тува” фаоллари Қирғизистондаги авиабазадан Украина урушига йўлланган тувалик ҳарбийлардан бири ҳақидаги таъзияномани ҳам кўрсатишди. “Озодлик” ҳалок бўлган аскарнинг беваси билан телефон орқали боғланди. Аёл марҳум эри 55-тоғ мотоўқчилар бригадасида хизмат қилганини, шу йилнинг баҳорида “Кант” авиабазасига қайта дислокация қилинганини тасдиқлади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан биз ўлган ҳарбий ва унинг рафиқаси шахсий маълумотларини очиқламаймиз.

“У март ойида Қирғизистонга командировка қилинган эди. Уч ой ўша ерда бўлди. Уч ойдан сўнг уларга таътил беришлари керак эди, лекин беришмади. Ва Қирғизистондан тўппа-тўғри Украинага юборишди. Эрим 19 июнь санасида Украинага кирган бўлса, 26 июнда ҳалок бўлди”, дейди ўз ҳикоясида аскар беваси.

Марҳумнинг ёш болалари етим қолди. Бева аёл эри ўз эркига зид ўлароқ Украинага урушга жўнатилганини айтади.

“Мажбурлашган. Улар “бормаймиз”, деб ариза беришган эди. Командирлари рози бўлмаган”, дейди аёл.

Озодлик туваликлар Қирғизистондаги авиабазадан нега Украинага йўллангани билан қизиқди. “Янги Тува” фаоли буни Украинада россиялик ҳарбийлар етишмаслиги билан изоҳлади.

“Авиабаза сокин бўлиб қолди”

Кант шаҳридаги авиабазадан туваликлардан бошқалар ҳам Украинага урушга юборилганми, йўқми – номаълум. Аммо, маҳаллий аҳоли айтишича, Россия Украинага босқин қилганидан сўнг авиабаза теварагида бошқа ўзгаришлар ҳам кузатилган.

“Кант” авиабазаси хизматчилари ҳарбий шаҳарчага ягона йўлдан бориб-келишади. Турғунларга кўра, мазкур йўлдаги ҳаракат интенсивлигига қараб ушбу ёпиқ объектнинг қанчалик фаоллигини аниқлаш мумкин.

Турғунлардан бири шундай дейди:

– Авиабаза олдида тахминан 100-150 автомобилга мўлжалланган тураргоҳ бор. Илгари у ер доим машиналарга тўла бўларди. Украинада уруш бошланганидан бери тураргоҳда 20-30 дан ортиқ машинани кўрганимиз йўқ. Ҳарбийлар қатнайдиган трассада ҳам ҳаракат сусайди.

Турғунлар база қанчалик фаоллигини учиб-қўнаётган учоқ ва вертолётлар сонидан келиб чиқиб баҳолаш ҳам мумкин. Урушдан олдин авиабаза ҳудудидан анча кўп учоқлар ҳавога кўтарилар экан.

Яна бир турғун ўз кузатувларини Озодлик билан ўртоқлашди:

– Уруш энди бошланган пайтлар ҳар куни учиб-қўнишар, машғулотлар ўтказишарди. База жуда фаол эди. Юк учоқлари учиб келганини ва ҳавога кўтарилганини ўзим кўрганман. Вертолётлардан парашютда сакрашарди, одам гавжум эди. Ҳозир бўлса унақа фаоллик йўқ. Учоқлар ҳам деярли кўзга ташланмаяпти. Ҳафтада битта учоқ учиб-қўниб туради, шекилли. Базада қанча аскар борлигини билмаймиз. Улар ҳудудни тиканак сим билан ўраб олишган. Лекин учоқ ва вертолётлар сони камайиб кетганидан хулоса қилиш мумкинки, аскарлар оз қолган.

Бироқ Қирғизистон армияси ва ҳукуматга яқин манбалар Россия авиабазасида парвозлар, аввалгидек, низом ва муайян режимга биноан амалга оширилаётганини таъкидлашмоқда.

Озодлик 6 сентябрда “Кант” авиабазаси вакилига мазкур объектдан Украинага йўлланган тувалик ҳарбийлар ҳамда база фаолияти сусайгани хусусида сўров жўнатди. Айни мазмундаги электрон мактуб РФнинг Қирғизистондаги элчихонасига ҳам юборилди. Ҳозирча ҳеч биридан жавоб келган эмас.

24 августда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо мамлакатлар мудофаа вазирларининг Тошкентдаги йиғилишида чиқиш қилар экан, “Россиянинг Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий базалари жанговар шайлиги” оширилганини билдирди. Россия мудофаа вазири, хусусан, “ИШИД ва “Ал Қоида” каби террорчи ташкилотлар жонланиб қолган Афғонистондаги вазият Марказий Осиё хавфсизлигига жиддий хавф солиши”ни урғулади.

Бироқ Озодлик радиоси мухбирлари аниқлаган маълумотлар ушбу базалардан бирининг фаолияти, аксинча, сусайганидан дарак бераётир.

Қирғизистонда Россияга оид бир нечта ҳарбий объект мавжуд. Улардан энг йириги – Кантдаги ҳарбий-ҳаво базаси 2003 йил октябрда очилган бўлиб, РФ Марказий ҳарбий округига бўйсунади. Унинг асосий вазифалари Марказий Осиё ҳаво ҳудудини назорат қилиш, шунингдек Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) доирасида ҳарбий ёрдам кўрсатишдан иборат.

2013 йилда Россия Қирғизистондаги барча ҳарбий объектларини ягона ҳарбий-ҳаво базасига бирлаштирган. У Кантдаги ҳарбий аэродром, Қўй-Сари ва Қора Булундаги (Иссиқкўл вилояти) торпедо полигонлари, Чалдовардаги махсус алоқа тармоғи ҳамда Мойли Судаги 17-радиолокация лабораториясини ўз ичига олади.

Форум

XS
SM
MD
LG