Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 01:30

"Давлат рамзларига ҳурматсизлик". Ўзбекистон герби туширилган Stefano Ricci кроссовкалари савдодан олинди


Glamour савдо уйи онлайн дўконига қўйилган Stefano Ricci маҳсулотлари (чапда) ва давлат рамзи туширилган бокс қўлқопларини намойиш қилаётган Отабек Умаров (ижтимоий тармоқ)

Ўзбекистон герби ва байроғи тасвири туширилган уст кийим ва оёқ кийимлар Тошкентдаги ҳашаматли Glamour дўкони онлайн пештахталаридан олиб ташланди.

Кийимлар - импорт, дизайн эса Италиядаги нуфузли Stefano Ricci савдо уйига оид.

Тошкент Адлия бошқармасига кўра, бу буюмлардаги герб ва байроқ - Ўзбекистон қонунчилигига зид равишда қўлланилган. Шунинг билан «давлат рамзларига ҳурматсизлик» қилинган.

Адлия вазирлиги берган изоҳга кўра, Ўзбекистоннинг қонунчилигига биноан давлат рамзларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.

Италиядаги нуфузли Stefano Ricci савдо уйи Ўзбекистон давлат рамзлари билан ишлаган кийимлар - футболка, оёқ кийим, жинси шим, чарм кепка, галстук ёки бошқа турдаги спорт костюмларидир.

Ўзбекистон герби туширилган Stefano Ricci кроссовкаси (glamourboutique.uz сайтидан олинган сурат)
Ўзбекистон герби туширилган Stefano Ricci кроссовкаси (glamourboutique.uz сайтидан олинган сурат)

Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоеванинг Озодликка айтишича, бу ҳолат - тамомила қонунга зиддир. Яъни, қонунчилик давлат рамзларидан тижорат мақсадларида фойдаланишни тақиқлайди.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонуннинг 51-моддасида шундай белгиланган:

“Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас”.

Ўзбекистон герби туширилган Stefano Ricci кроссовкаси (glamourboutique.uz сайтидан олинган сурат)
Ўзбекистон герби туширилган Stefano Ricci кроссовкаси (glamourboutique.uz сайтидан олинган сурат)

Stefano Ricci ширкати ўзи ишлаган кийимлар Ўзбекистон қонунчилигига зидлигидан хабардорми-йўқми, бу ҳозирча номаълум.

Шунингдек, бу ширкатга мазкур кийимлар линияси учун Ўзбекистон томонидан кимдир буюртма берганми ва берган бўлса, ким ёки қайси ширкат буюртма бергани ҳам айтилмаётир.

Ширкатнинг Италиядаги бош офиси, Озодликка жавобан, матбуот хизматига ёзма мурожаат қилишни тавсия қилди. Озодлик жавоб кутмоқда.

Тошкентдаги Glamour савдо уйи - мамлакатдаги энг йирик ва ҳашаматли дўконлардан биридир.

Бу дўконда дунёнинг энг қиммат ва супер-элита вакиллари киядиган брендлар, жумладан Alexander McQueen, Burberry, Bailmain, Givenchy, DOLCE&GABBANA, Bottega Veneta, JACQUEMUS, Valentino каби 30 га яқин дизайнерлик уйларининг маҳсулотлари сотилади.

Ўзбекистон давлат рамзи билан Stefano Ricci савдо уйи ишлаган дизайнерлик маҳсулотлари ҳам фақат Glamour дўконида савдога қўйилгани инобатга олинса, буюртмачи ҳам айни шу дўкон ёки унга алоқадор ширкат, деб тахмин қилиш мумкин.

Glamour савдо уйидан бу борада ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Olx онлайн савдо дўконида таклиф қилинган маҳсулотлар. (Сурат https://www.olx.uz сайтидан олинди)
Olx онлайн савдо дўконида таклиф қилинган маҳсулотлар. (Сурат https://www.olx.uz сайтидан олинди)

Аммо, Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси баёнотидан сўнг, Stefano Ricci давлат рамзлари билан ишлаган кийимлари линияси ушбу дўконнинг онлайн пештахталаридан олиб ташланди.

Бироқ, шу кунда Ўзбекистондаги онлайн бозорларда давлат рамзлари туширилган кийимлар талай. Маҳсулотлар фақат Stefano Ricci ширкати ишлаган футболка ёки кроссовкалар билан чекланмайди.

Мамлакатда жуда оммалашган Olx онлайн савдо дўконида Ўзбекистон ва хорижда ишланган бу каби маҳсулотлар жуда кўп. Савдо суръатига қаралса, айни пайтда харидоргир ҳам.

Тошкент шаҳридаги турли бутиклар ва катта бозорларда ҳам давлат рамзлари туширилган кийимларни бемалол харид қилиш мумкин.

Отабек Умаров Ўзбекистон байроғи рамзи туширилган бокс қўлқопини намойиш қилмоқда. (О. Умаровнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан олинган сурат)
Отабек Умаров Ўзбекистон байроғи рамзи туширилган бокс қўлқопини намойиш қилмоқда. (О. Умаровнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан олинган сурат)

Давлат миллий рамзи туширилган кийимларни президентнинг кичик куёви Отабек Умаров ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида кўп реклама қилади.

Умаров намойиш қилган кийимлар орасида давлат герби туширилган футболка, кепка, давлат байроғи туширилган бокс қўлқоплари ҳам бор.

Бундай кийимларни машҳур спортчилардан ташқари, сиёсат ва санъатда кўринган таниқли кишилар ҳам кўп кия бошлагани кузатилади.

Онлайн савдо уйларидаги нархларга қаралса, бундай кийимлар мамлакат аҳолиси даромадига нисбатан ўта қиммат.

Жумладан, Stefano Ricci брендига оид давлат герби акс этган кроссовкаларнинг энг арзони, мамлакатдаги базавий ҳисоблаш миқдоридан камида 70 баробарга юқори - 18 миллион сўм. Қиммати эса 24 миллион сўм.

Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоевага кўра, миллий рамзлар фақат алоҳида ҳолатларда вазирликнинг махсус рухсати билан кийимларга туширилиши мумкин, аммо сотилиши мумкин эмас.

Спорт кийимлари шулар жумласидандир.

“Махсус рухсат билан спортчилар кийимлари, турли тадбирлар учун тайёрланадиган буюмларга давлат разми туширилиши мумкин. Рамзларнинг қандай кийим турига туширилишининг аҳамияти йўқ. Фақат, давлат рамзлари туширилган кийим-кечакларни сотиб, улардан тижорий мақсадда фойдаланиш мумкин эмас”, дейди Ўринбоева.

Адлия вазирлиги матбуот котибига кўра, мамлакат бозорларида давлат рамзлари туширилган кийимларнинг сотилиши қонунга зиддир:

“Тегишли ташкилотлар бу вазиятни мунтазам мониторинг қилиб бориши ва қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриши лозим”.

Тошкент Адлия бошқармасига кўра, пойтахтда давлат рамзларидан ноқонуний фойдаланилган 363 та ҳолат аниқланган.

Тошкент шаҳрида турли ташкилотлардаги қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида 103 та тақдимнома киритилган, 70 та огоҳлантириш берилган. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига 49 та ҳолатда маъмурий жавобгарлик тартибида чора кўриш таклифи юборилган.

Натижада, 55 шахс интизомий жавобгарликка тортилган, 18 та ҳуқуқбузар маъмурий равишда огоҳлантирилган, 9 нафар мансабдор шахсга нисбатан жарима жазоси қўлланилган.

Аммо дунё давлатларида давлат рамзлари туширилган кийим-кечак ёки буюмлар анча харидоргир саналади.

Интернет савдо дўконларида турли давлатлар байроқлари, герблари туширилган кийимлар ва пойабзалларни бемалол харид қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG