Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2021, Тошкент вақти: 01:32

"Гўшт қаердан келтирилганини сўрамаган маъқул"- "Сталин Doner" очилганидан 1 кун ўтиб ёпилди


Кафе эгаси Станислав Вольтманнинг айтишича, Сталин номи истеҳзо тариқасида берилган - Москва, 8 январь, 2020

Шахсга сиғиниш ва истибдод режимини яратган Иосиф Сталин Совет Иттифоқини 28 йил давомида бошқарган. Аммо унинг номи берилган Москвадаги кабобхона бир кун ҳам савдо қила олмади.

Ғазабланган маҳаллий фаолларнинг шикоятидан сўнг "Сталин Doner" очилганидан 24 соат ўтиб ёпилди. Кафе эгаси Станислав Вольтманнинг айтишича, Сталин номи истеҳзо тариқасида берилган ва ундан ҳеч кимни ранжитиш кўзланмаган эди.

Вольтманнинг сўзларига кўра, полиция ходимлари уни уч соатдан ортиқ сўроқ қилган. "Калланг жойидами ўзи, деб сўрашди мендан" дейди у Озод Европа Радиоси/Озодлик радиоси билан телефон орқали суҳбатда.

Вольтманнинг айтишича, Москванинг Коптево туманида очилиб, бир кунгина савдо қилишга улгурган ушбу кафеда 200 дона донер сотилган. "Икки карра гўштли Сталин" ҳамда "Ткемали- грузин соусидаги Берия" каби золим ҳукмдор ва машҳур жаллодининг номи берилган менюдаги таомларни НКВД формасини кийиб олган ошпазлар тайёрлаб берган. НКВД миллионлаб совет фуқароларини Сибирдаги меҳнат лагерларига ёки тўғридан-тўғри ўлимга жўнатган Сталиннинг махфий полицияси бўлган.

Вольтманнинг уч ошпази оммавий ахборот воситаларининг ҳаддан ташқари эътибори туфайли ишдан бўшаган. У янги ишчиларни топгунча кафени ёпиб турибди.

"Ахир мен Гитлерни ўз брендимнинг юзи сифатида танламадим-ку", дейди Вольтман нацизм рамзларига Россияда қўйилган тақиқни назарда тутиб. "Мен ҳеч қандай қонунни бузганим йўқ”.

Йиллар давомида Кремль юз минглаб совет фуқаролари ва ўз рақибларини қатағон қилган Сталин шахси борасида зиддитли сиёсат юритиб келади. Президент Владимир Путин даврида ҳукумат Сталиннинг мустабид меросини на узил-кесил қоралаган, на оқлаган.

Вақти-вақти билан расмийлар Сталиннинг обрўсини ҳимоя қилиш учун қаттиқ ҳаракат қилишган. Аммо бу билан фақат жамоатчиликнинг танқидига нишон бўлишган. Танқидчиларга кўра, совет давлатининг жиноятлари қораланмас экан, Россия уларни такрорлашга маҳкум.

2018 йилда расмийлар мустабид ҳукмдорнинг сўнгги кунлари ва атрофидагиларнинг ҳокимият учун кураши тасвирланган британ киночилари суратга олган комедия жанридаги "Сталиннинг ўлими" фильми намойишини тақиқлашди. Ўша йили Совуқ Уруш ҳақидаги "44-йил фарзанди" триллери ҳам "тарихий фактларни бузиб талқин қилгани" важидан ман этилди.

"Бундай фильмлар бизнинг давлатимизда оммавий намойиш қилиниши керак эмас", деганди ўша пайтдаги маданият вазири Владимир Мединский. Россиядаги Сталин тарафдорлари унинг қаттиққўл сиёсатини қичқа фурсатларда амалга оширилган саноатлаштириш талаблари билан оқлайдилар. Улар шунингдек, Иккинчи Жаҳон урушида нацистлар Германиясининг тор-мор этилиши кўп жиҳатдан Сталиннинг хизматлари эканини таъкидлашади. Танқидчиларга кўра, ғалаба Сталин туфайли эмас, балки унинг хатоларига қарамай қўлга киритилган.

Аммо Путин даврида Россия жамияти онгида мустабид ҳукмдор аста-секинлик билан оқланмоқда. Бугунги кунда руслар орасида Сталинни эъзозлаш унинг вориси Никита Хрушчев 1956 йилда Политбюродаги жўшқин нутқида десталинизация жараёнларини бошлаб берганидан буён энг юқори чўққисига чиқди.

Шунинг учун ҳам "Сталиннинг донерлари" кафеси машмашаси рус телевидениеси ва ижтимоий тармоқларда ҳаддан зиёд эътиборни жалб этгани ажабланарли эмас. Бу янгилик Сталин ва унинг тарихдаги ўрнига алоқадор ҳар қандай мавзу каби шиддатли баҳсларни келтириб чиқарди.

"Гўшт қаердан келтирилганини суриштирмаган маъқул", деб ёзди Ольга Маршева ўзининг Фэйсбук саҳифасида.

Баъзи амалдорлар Вольтманнинг ўзини танқид қилиб, Сталин борасида сукут сақламоқда."Бу баҳсларни оловлантириш керакмас, Сталин мураккаб шахс бўлган", дейди Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари Кенгаши раҳбари Валерий Фадеев.

Уддабурон рус тадбиркорлари ўз брендлари номини чиқаришда ҳалқаро машмашалар ва азалий мунозаралардан усталик билан фойдаланиб келишади. . Англияда собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи, яқинда эса Кремлнинг сиёсий рақиби Алексей Навальний Россия давлати томонидан "Новичок" типидаги асабни фалажловчи модда билан заҳарлангани гумон қилингач, 2018 йилда фермер Алексей Якушев "Новичок" номли ўсимлик ёғини сота бошлаган. 2014 йилда Россия Қрим яриморолини ўзига қўшиб олгач, мамлакат сувенир расталарида Путиннинг сурати ҳамда иқтибослари туширилган футболкалар сотилганди.

Қозоғистон чегарасига яқин Оренбургдан Москвага кўчиб келган Вольтманнинг айтишича, унинг Россия пойтахтида тирикчилик қилиш орзулари энди чиппакка чиқиши мумкин. У кафесини қайта очса, таҳдидлардан тортиб ёрдам бериш ваъдаларигача бўлган муждаларни олган. Сталин борасида ҳам унинг қарашлари якдил эмас. "Мен Сталин ҳақида жуда кўп ўқиганман, уни на қоралайман, на улуғлайман. У жуда кўп хатолар қилган. Шу билан бирга, яхши ишлари ҳам кўп", дейди Вольтман.

XS
SM
MD
LG