Линклар

Шошилинч хабар
02 август 2021, Тошкент вақти: 17:19

Халқаро хабарлар

SpaceX Ойга парвозни молиялаштириш учун кириптовалюта қабул қилади

SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск.

SpaceX “криптовалютани Ер орбитасидан ташқарида қўллаш мақсадга мувофиқ” эканини маълум қилди. Ширкат 2022 йилнинг 1-чорагида “Ой миссияси DOGE-1” лойиҳасини ишга туширади ва уни молиялаштириш учун Илон Маск дожкоин (dogecoin) криптовалютасини қабул қилишга тайёр.

"Америка овози"нинг билдиришича, Geometric Energy ширкати дожкоинлар билан молиялаштириладиган лойиҳа ҳақида якшанба куни жамоатчиликка маълумот берди. Аммо Geometric Energy лойиҳанинг умумий қийматини очиқламади.

“Бу лойиҳа криптовалютани Ер орбитасидан ташқарида қўллаш мумкинлигини исботлайди ва сайёралараро савдо-сотиқ пойдеворига асос солади”,-деди SpaceX вице-президенти Том Очинеро.

Илон Маск апрель ойида ўз Твиттер саҳифасида “SpaceX ҳақиқий дожкоинни ҳақиқий Ойга олиб чиқади”, деб ёзган эди.

Илон Маск якшанба куни Saturday Night Live телекўрсатувида дожкоинни “мутаҳҳам” деб атаганидан сўнг мазкур криптовалютанинг қиймати камида учдан бирга арзонлаб кетган.

Айни пайтда Маскнинг аввалги твитлари унча машҳур бўлмаган дожкоин криптовалютасини “чайқовчилар орзуси”га айлантирган эди.

Маск асос солган Tesla электромобил ширкати февраль ойида 1,5 миллиард долларлик биткоинларни сотиб олгани ва тез орада биткоинларни электромобиллар учун тўлов сифатида қабул қилишини билдирган.

Кун янгиликлари

Украинада яшаётган ингушетиялик фаол БМТ комиссари ҳимоясига олинди

Илёс Белхароев

Украинада яшаб келаётган асли ингушетиялик фаол Илёс Белхароевни БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси ваколатхонаси ўз ҳимоясига олди. Россия Белхароевни қайтаришни талаб қилиб келмоқда. Ватанида у Ингушетия Экстремизмга қарши кураш маркази бошлиғини ўлимига алоқадорликда айбланган.

Белхароев миграция хизматидан ҳимоя сўраб мурожаат қилгани тўғрисида маълумотнома олган, унинг экстрадиция иши тўхтатилган. БМТ олий комиссари маҳкамаси Белхароевнинг сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганини тан олди, дея хабар қилган “Кавказ.Реалии”.

Уч ой ичида Украина миграция хизмати унга қочқин мақомини бериш ёки қочқин мақомини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак.

Белхароев май ойида Интерпол сўровига асосан қўлга олинган. Терговчилар тахминича, у 2019 йилда шериклари билан бирга “Батал ҳожи издошлари” диний гуруҳининг жанговар қаноти етакчисига тўппонча ва ўқлар бергани, Ингушетия ИИВнинг Экстремизмга қарши кураш маркази бошлиғи Иброҳим Элжаркиев ва унинг укаси шу қуролдан отиб ўлдирилгани айтилмоқда.

Белхароевга қарши айблов унга нотаниш одамнинг кўрсатмасига асосланган бўлиб, ушбу гувоҳ қурол етказиб берилгани ҳақида бошқалардан эшитганини иддао қилган, дейди адвокат.

Элжаркиев иши бўйича 11 киши (айримлари — сиртдан) қўлга олинган. Январь ойида гумонланувчилардан бири ўз адвокатига ҳибсда уни қийноққа солишганини билдирган.

Илёс Белхароев “Кавказ.Реалии” билан суҳбатда ватанида ўз қариндошлари бўлмиш ингуш мухолифатчилари мунтазам таъқиб қилинаётганини айтган. Фаолнинг айтишича, 2013 йилда федерал ҳукуматнинг республика раҳбари лавозимига сайловни бекор қилиш ташаббусига қарши чиқишгани, Ингушетия ва Чеченистон ўртасида чегара белгиланганидан сўнг норозилик чиқишлари ташкил қилишгани учун ҳукумат улардан шу тариқа ўч олмоқда.

Италияда ҳакерлар COVID-19 қарши эмлов тизимига ҳужум қилишди

Италиядаги эмлов марказларидан бири

Италияда ҳакерлар Лацио вилоятидаги коронавирусга қарши эмлашни назорат қилувчи ширкатнинг маълумотлар базасига ҳужум қилишди.

Жиноятчилар соғлиқни сақлаш портали тизимини ўчириб қўйишган. Расмийлар аҳолини вилоятда эмлаш дастури ижроси кечиктирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган, дея хабар қилди Reuters.

Маълумотлар базасига ким ҳужум қилганига аниқлик киритилган эмас. Полиция суриштирув олиб бормоқда.

Август ойида Италияда COVID-19 га қарши эмланганлар учун турли тадбирларга, ресторан ва қаҳвахоналарга бориш, учоқлар ва олисга қатновчи поездлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатномалар жорий этилиши керак эди. Коронавирусга тест топшириб, салбий натижа қайд этганларга ҳам рухсатнома берилади, аммо бу ҳужжат атиги икки кун амал қилади.

Италия ОАВга кўра, ҳукумат эмланмаган ходимларни ишдан четлатишни пандемияга қарши кураш воситаси ўлароқ кўрмоқда. Мазкур тартиб тиббиёт соҳасига аллақачон татбиқ этилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Италияда мамлакат аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи тўлиқ эмланган.

Ватанига қайтишни истамаган беларуслик спортчи қиз Токиода “хавфсиз жой”га етказилди

Беларуслик спортчи Кристина Тимановская Токио аэропортида, 2021 йил 1 августи

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Токио Олимпиадаси ташкилий қўмитаси беларуслик енгил атлетикачи Ксритина Тимановская билан тўғридан-тўғри мулоқот қилди. Бу ҳақда ХОҚ матбуот хизматига таянган ҳолда ТАСС хабар қилган.

Аввалроқ Япониянинг Sports Hochi нашри Тимановская хавфсиз жойга жойлаштирилганини маълум қилган эди. Тимановская ватанига қайтишни хоҳламаслигини эълон қилганидан сўнг ХОҚ вакиллари кейинги қадамлар хусусида у билан музокара олиб бормоқда.

ХОҚ 2 августга ўтар кечаси эълон қилган баёнотга кўра, қўмита аъзолари ва япон расмий шахслари Тимановская билан юзма-юз сўзлашишган. ХОҚ вакили Марк Адамс спортчи қизи тунни аэропортдаги меҳмонхонада япон ҳукумати ҳимояси остида кечирганини айтган.

Бу орада қўшни Польша ва Чехия Тимановскаяга ўз ёрдамини таклиф этмоқда. Польша ТИВ раҳбари Марцин Пшидач “Twitter”даги саҳифасида мамлакат спортчига гуманитар виза беришга тайёрлигини ва у ўз фаолиятини Польшада давом эттириши мумкинлигини билдирган.

Бир неча соатдан сўнг Тимановская Японияда у “хавфсизликда” ва полиция ҳимояси остида эканини маълум қилган.

Беларусь спортчилари бирдамлиги фондига (BSSF) кўра, Тимановскаяни Беларусь олимпия терма жамоаси енгил атлетикачиларининг мураббийлар штабини танқид қилгани учун Токиодан куч билан олиб кетмоқчи бўлишган.

Тимановская 2 август куни 200 метрга югуриш мусобақаларида иштирок этиш керак эди. 1 август куни унинг хонасига терма жамоа ходимлари келишиб, ашёлари билан бирга, куч ишлатган ҳолда аэропортга олиб кетишган. Аэропортда қиз полицияга мурожаат қилган. Беларусь Олимпия қўмитаси Тимановскаяни депортация қилиш қарори унинг руҳий-психологик аҳволи билан боғлиқлигини иддао қилмоқда.

Pfizer ва Moderna ЕИ учун коронавирусга қарши ўз вакциналари нархини оширди

Moderna ва Pfizer фармацевтика ширкатлари коронавирусга қарши ўз вакциналари нархи оширилганини эълон қилдилар. Бу ҳақда Financial Times нашри вакцина етказиб беришга оид шартномаларда акс этган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳар иккала ширкат вакциналари ўз самарадорлигини кўрсатгани қайд этилган хабарда Pfizer препарати нархи 25 фоизга ошгани айтилган. Эндиликда бу ширкат вакцинасининг битта дозаси нархи Европа бозорида 19,5 еврони ташкил этади (аввалги нархи 15,5 евро эди.)

Moderna ширкати эса нархни 10 фоизга оширган. Сўнгги шартномаларда Moderna вакцинаси нархи 25,5 АҚШ доллари ўлароқ кўрсатилган. Financial Times маълумотига кўра, аввал бу вакцинанинг бир дозаси 22,6 доллардан сотилган.

Pfizer ва Moderna вакциналари синовининг учинчи босқичи бу препаратларнинг AstraZeneca ва Johnson & Johnson ширкатлари вакциналаридан самаралироқ эканини кўрсатган.

Европа комиссияси ва ЕИ мамлакатлари ҳукуматлари Европадаги вакцина ишлаб чиқарилувчи заводлардан препарат етказиб берилишини таъминлаш учун кўпроқ пул тўлашга рози бўлган.

Moderna ширкати ўз препаратлари бундан буён қимматроқ нархда сотилишини тасдиқлаган. Бироқ Pfizer ширкати вакили ЕИ учун вакцина нархи оширилган-оширилмагани юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.

Россияда қарз туфайли мамлакатдан чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этилганлар сони 7 миллиондан ошди

Россияда қарзи борлиги туфайли мамлакатдан чиқиш ҳуқуқи чекланган фуқаролар сони 7 миллион 200 минг кишига етди. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги Профессионал коллекторлик агентликлари миллий ассоциацияси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Суд приставлари федерал хизмати маълумотига кўра, қарздорлиги туфайли Россиядан чиқа олмайдиганлар сони ўтган йил охирида 4 миллиондан сал кўпроқ эди.

Россияда қарздорларни жазолаш мақсадида уларнинг хорижга чиқиш ҳуқуқини чеклаш амалиёти 2005 йилдан жорий этилганди. Ҳозирда суд приставлари 30 минг рублдан кўпроқ қарзи бор ва қарзини тўлаш муддати 90 кундан ошган фуқароларга мамлакатни тарк этишни вақтинча тақиқлаб қўйиши мумкин. Алиментдан қарзи бор шахсларга эса қарз миқдори 10 минг рубль қилиб белгиланган.

Шу йил июль ойи охирида Россия ҳукумати қошидаги комиссия суд приставларига қарздорларнинг хорижга чиқиш паспортини олиб қўйиш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Саккиз нафар спортчи Токио Олимпиадаси аккредитациясидан маҳрум этилди

Дзюдочи Важа Маргвелашвили аккредитациядан маҳрум этилганлардан бири

Токио Олимпиадаси ташкилий қўмитаси саккиз спортчининг аккредитациясини бекор қилди.

Жумладан, грузиялик иккита дзюдочи Важа Маргвелашвили ва Лаша Шавдатуашвили Олимпия шаҳарчасини тарк этишгани учун бундай жаримага тортилди. Токио-2020 ташқилий қўмитаси қоидасига кўра, коронавирус пандемияси олдини олиш мақсадида Олимпиада иштирокчиларига шаҳарчани тарк этиш тақиқланган.

Иккала грузин спортчиси ҳам Токиода ўз тоифаларида кумуш медални қўлга киритган ва ўз чиқишларини якунлаган. Грузия терма жамоасининг хабар беришича, спортчилар мусобақадан кейин Япония пойтахтининг диққатга сазовор жойларини кўришни хоҳлаган ва уйга жўнаб кетишидан бир неча кун олдин сайрга чиқишган.

Бундан ташқари, ташкилотчилар исми ошкор қилинмаган терма жамоа спортчиларига нисбатан яна бир ишни тергов қилмоқда. Улар паркда спиртли ичимлик ичишган, бу ҳам қоидалар билан тақиқланган.

Охирги кунларда Токио Олимпия ўйинларида хизмат кўрсатаётган ходимларда коронавирус инфекциясининг яна ўнлаб янги ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда мусобақа ташкилотчилари 31 июль куни эълон қилишганди.

Токио Олимпиадасида касалланганларнинг умумий сони 246га етди.

Бир кун олдин, Токионинг ўзида биринчи марта тўрт мингдан ортиқ янги коронавирус ҳолати қайд этилган. Бу пандемия давридаги энг юқори кўрсаткич. Мамлакат ҳукумати вазиятнинг ёмонлашуви Олимпиада билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб келмоқда.

АҚШ Адлия вазирлиги: Россиялик хакерлар 2020 йилнинг майида прокурорлар почтасини бузиб кирган

Ўтган йилнинг охирида АҚШнинг SolarWinds компанияси дастурий таъминотини бузган россиялик хакерлар ўша йилнинг май ойида АҚШ федерал прокурорларининг электрон почталарини бузишган. Шанба куни бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.

Associated Press нашри таъкидлашича, хакерлар Нью-Йоркдаги тўртта прокуратура идоралари ходимлари томонидан ишлатилган Microsoft серверларидаги электрон почта ҳисоб рақамларининг 80 фоизини бузиб кирган. Жамини олганда, АҚШнинг турли штатларида 27 та прокуратура муассасаси электрон почта манзиллари хакерлар ҳужумига учраган ва синдирилган.

Қўшма Штатлар Адлия вазирлиги аниқлик киритишича, почта аккаунтларини бузиб кириш ҳолатлари 2020 йилнинг 7 майидан 27 декабригача қайд этилган.

Маълум бўлишича, ўтган йилнинг декабр ойи ўрталарида россиялик хакерлар SolarWinds дастурий таъминотини бузиш орқали ўнлаб давлат ва хусусий ташкилотлар тармоқларига кира олишган. Зарар камида тўққизта давлат идорасига етказилган.

2021 йил апрелда Президент Байден маъмурияти Кремлга қарши янги санкцияларни эълон қилганди. Хусусан, SolarWindsнинг хак қилиниши ва Россиянинг 2020 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашувига жавобан бир гуруҳ россиялик дипломат АҚШдан чиқариб юборилган эди.

Россия барча бу каби айбловларни рад этиб келади.

Мьянмада ўтиш даври ҳукумати тузилади

Давлат кенгаши раиси ва ҳарбий хунта раҳбари генерал Мин Аун Хлайн

Мьянмада ўтиш даври ҳукумати тузилиши эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат Давлат маъмурий кенгаши маълум қилди.

Ўтиш даври ҳукуматини Давлат кенгаши раиси ва ҳарбий хунта раҳбари генерал Мин Аун Хлайн бошқаради.

Ўтиш ҳукумати генерал Ву Не Виннинг муваққат ҳукумати билан ўхшашлик асосида яратилди. У 1958 йилда ҳокимиятга келган ва 1960 йилги умумий сайловларга қадар ҳукуматни бошқарган.

1 феврал куни Мьянмадаги генераллар Аун Сан Су Чжи ҳукуматини ағдаришди. Хунта раҳбарияти иддаосича, ўтган йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтган сайловларда “Демократия учун Миллий Лига” партияси фирибгарлик эвазига катта фарқ билан ғалаба қозонган.

Хавфсизлик кучлари ҳарбий тўнтаришга қарши оммавий намойишларни шафқатсизларча бостирди, юзлаб намойишчиларни ўлдирди ва кўплаб одамларни ҳибсга олди.

Жорий йилнинг июль ойи охиридаги сайлов натижалари бекор қилинди.

Толиблар Афғонистонда Ҳирот, Қандаҳор ва Лашкаргоҳга ҳужум қилмоқда

Толибон ҳаракатининг қуролли гуруҳлари Афғонистон ғарбидаги шу номли провинциянинг ярим миллионлик маъмурий маркази - Ҳиротнинг бир қисмини эгаллади. Ҳукумат кучлари мамлакат жанубидаги Қандаҳор ва Лашкар Гахни эгаллаб олмоқчи бўлган Толибон экстремистик гуруҳларига қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Толибон ҳаракатининг қуролли гуруҳлари Афғонистон ғарбидаги шу номли провинциянинг ярим миллионлик маъмурий маркази - Ҳиротнинг бир қисмини эгаллади. Ҳукумат кучлари мамлакат жанубидаги Қандаҳор ва Лашкар Гахни эгаллаб олмоқчи бўлган Толибон экстремистик гуруҳларига қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Толиблар мамлакат ҳудудининг 50 фоизини назорат қилади, дейди хорижий кузатувчилар. Аммо Толибон расмийларининг айтишича, улар Афғонистоннинг 80 фоизини назорат остига олган.

Бугунда Қандаҳорда 11 мингга яқин оила қочқинлар лагерларида яшайди. ББC хизмати Афғонистон парламенти аъзосининг баҳоларига таяниб, шаҳарни экстремистлар томонидан босиб олиш хавфи "ҳақиқатдан ҳам реал" эканлигини хабар қилмоқда.

Депутатнинг сўзларига кўра, толиблар Қандаҳорни вақтинчалик пойтахт қилиш ниятида. Агар бу шаҳар ҳимояси қуласа, ҳукумат жануби-ғарбий минтақадаги яна беш-олтита вилоят устидан назоратни йўқотади.

Толиблар мамлакат ҳудудининг 50 фоизини назорат қилади, дейди хорижий кузатувчилар. Аммо Толибон расмийларининг айтишича, улар Афғонистоннинг 80 фоизини назорат остига олган.

Бугунда Қандаҳорда 11 мингга яқин оила қочқинлар лагерларида яшайди. ББC хизмати Афғонистон парламенти аъзосининг баҳоларига таяниб, шаҳарни экстремистлар томонидан босиб олиш хавфи "ҳақиқатдан ҳам реал" эканлигини хабар қилмоқда.

Депутатнинг сўзларига кўра, толиблар Қандаҳорни вақтинчалик пойтахт қилиш ниятида. Агар бу шаҳар ҳимояси қуласа, ҳукумат жануби-ғарбий минтақадаги яна беш-олтита вилоят устидан назоратни йўқотади.

Францияда CОVID -19га қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди

Намойишчилар CОVID -19 эмлаш марказларини вайрон қилмоқда

Францияда коронавирус чекловларига қарши 200 мингдан ортиқ кишилик норозилик намойиши ўтказилди. Франция ҳукумати ушбу чораларни CОVID-19 пандемиясининг тўртинчи тўлқинига қарши курашиш учун киритган эди.

Намойишлар пайтида 20 киши ҳибсга олинган, уч полициячи тан жароҳати олган.

Франциядаги аҳоли намойишлари кетма-кет учинчи ҳафта охирида ўтказилмоқда. Бунинг сабаби Макрон ҳукумати қабул қилган янги қонун эди. Янги тартибга кўра, аҳоли тест қилиш, эмлаш ёки ўтказилган коронавирус сертификати асосида санитария гувоҳномасини олишга мажбур қилинади, кўплаб муассасаларга махсус рухсатномасиз кириш ман этилади.

Намойишчиларнинг фикрича, ҳукумат французларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекламоқда. Француз аҳолиси CОVID -19 эмлаш марказларини вайрон қилишга киришди.

Бундан ташқари, янги қонунга кўра, сентябр ойининг ўрталарига қадар шифокорлар мамлакатда мажбурий эмлашдан ўтишлари лозим. Бу эса норозиликларга шифокорларнинг ҳам қўшилишига олиб келди. Масалан, Лионда клиникалардан бирининг ходимлари бир неча кундан буён мажбурий эмлашга қарши иш ташлаш ўтказмоқда.

Олдинроқ Франция президенти Эммануел Макрон ҳукумат чораларига қарши чиқаётган мухолифчиларни худбинликда айблаганди.

АҚШ мутахассислари ҳомиладор аëлларни COVID-19 га қарши эмлаш зарурлигини айтмоқда

АҚШдаги икки етакчи акушерлик гуруҳи ҳомиладор аëлларнинг барчасига COVID-19га қарши эмланишни тавсия қилди.

Америка акушер-гинекологлар уюшмаси ҳамда Она ва ҳомила тиббий жамияти 30 июль кунги баëнотида вакцинанинг она ва ҳомила саломатлиги учун бехатарлигини билдирди. Мутахассислар ўтган ойлар давомида ўн минглаб ҳомиладор аëлнинг эмлангани вакцинанинг зиëнсизлигини тасдиқлашини таъкидлади.

Экспертларга кўра¸ COVID-19 инфекцияси ҳомиладор аëл саломатлигини жиддий хавф остига қўяди ва ҳатто она ва ҳомила ўлимига сабаб бўлади.

АҚШ ҳукумати эълон қилган рақамларга кўра¸ ҳозирга қадар америкалик ҳомиладор аëлларнинг фақат 22 фоизигина бир ëки икки дозa акцина олган¸ холос. Айни пайтда¸ вояга етган америкаликларнинг 70 фоиздан кўпроғи эмланган.

“COVID-19 вакцинаси она ва ҳомила саломатлиги учун туғиладиган жиддий муаммолардан асрашнинг энг яхши йўлидир,” деди хусусан Она ва ҳомила тиббий жамияти президенти Уильям Гробман.

Бундан аввал ҳар иккала гуруҳ ҳомиладор аëлларнинг эмлаш дастуридан четда қолмаслигини билдирган¸ аммо ҳомиладорларни ëппасига эмлашни тавсия қилмаган эди.

30 июль кунги тавсия¸ АҚШда коронавируснинг ниҳоятда юқумли Дельта штамми кенг тарқай бошлаган вазиятда эълон қилинди.

Хитойда COVIDнинг янги ўчоғи туғилгани ортидан юз минглаб одам карантинга олинди

Вируснинг янги ўчоғига айланган Нанкиндаги 9.2 миллион аҳоли икки марта тестдан ўтказилди

Хитойда коронавируснинг бирлами ўчоғи Ухандаги вазиятдан бери мисли кўрилмаган янги тўлқини бошланди. Давлат матбуоти таъкидича¸ мамлакат шарқидаги Нанкиндан тарқаëтган янги тўлқин пандемия бошланган Ухандагидан кучлироқдир.

Хитой расмийлари¸ эпидемиянинг янги ўчоғи Air China компаниясининг Москвадан учиб келган йўловчи учқичи хизматчилари эканини билдирди. Нанкин шаҳрида камида 200 одамнинг касаллангани¸ вируснинг 15 минтақадаги 26 аҳоли пунктига тарқагани аниқланган.

Ниҳоятда юқумли бўлган Дельта штаммининг Хитой бўйлаб ëйила бошлагани ортидан юз минглаб одамни карантинга олинди¸ Нанкиндаги 9 миллиондан ошиқ аҳоли икки марта тўлиғича короновирус тестидан ўтказилди.

Айтилишича¸ ҳозирга қадар Хитойда 1.6 миллиард доза вакцина аҳолига берилган. Айни пайтда¸ Хитой вакцинасининг коронавирусга қарши самарадорлиги савол остида қолмоқда. Мутахассислар Хитой вакцинасининг вирусдан ҳимоялаш потенциалини 50-80 фоиз атрофида баҳоламоқда.

Нанкинда янги вирус ўчоғи бошланишининг бирламчи манбаси сифатида кўрилаëтган Air China учқичи хизматчиларининг деярли ҳаммаси¸ маҳаллий матбуотга кўра¸ Хитой вакцинаси билан тўлиқ эмланган бўлган.

Ҳиротдаги БМТ миссияси аксил-ҳукумат кучлари ҳужумига учради

Ҳиротдаги афғон ҳукумати қўшинлари

Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилояти маркази Ҳирот шаҳри ташқарисида Толибон ва Афғонистон ҳукумат қўшинлари ўртасидаги жанглар давом этмоқда.

Толибон вакиллари ўз қўшинлари шаҳарга кирганини иддао қилди. Ҳукумат кучлари эса бу иддаони рад қилиб¸ толиблар ҳужуми қайтарилганини билдирди.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги расмийсининг Озодликка айтишича¸ “ҳукумат қўшинлари Толибоннинг Ҳирот¸ Қандаҳор¸ Ҳелманд ва Тахор вилоятларидаги ҳужумларини қайтариб¸ уларни мағлуб қилишга муваффақ бўлган”.

Айни пайтда¸ Афғонистондаги БМТ миссиясининг Ҳиротдаги офисига 30 июль куни уюштирилган ҳужум оқибатида бир қўриқчи ўлдирилган. АҚШ Давлат департаментига кўра¸ БМТ миссияси биносига ҳужумни "аксил-ҳукумат кучлари" уюштирган.

АҚШ ва бошқа хориж ҳарбийлари Афғонистондан чиқиб кетишни якунлаëтган бир кезда Толибон мамлакатнинг аксар ҳудудларини ўз назоратига олмоқда.

Исроил нефть танкерига қилинган ҳужум учун Эронни айблади

IИсроил ташқи ишлар вазири Яир Лапид

Исроил Ташқи ишлар вазири Яир Лапид 30 июль куни Эрон ҳукуматини исроиллик миллиардерга қарашли нефть танкерига ҳужум уюштирганликда айблади.

29 июль куни Эял Оферга қарашли Zodiac Maritime ширкати танкерига Араб денгизида қилинган ҳужум оқибатида экипаж аъзоларидан иккитаси нобуд бўлди. Улардан бири Британия¸ иккинчиси Руминия фуқаросидир.

Исроил дипломатлари раҳбари ҳужум ортида Эрон турганини тасдиқловчи тафсилотларни очиқламади. Айни пайтда Лондон ҳукуматини мазкур ҳужумга нисбатан кескин жавоб қайтаришга чақирди.

"Эрон фақат Исроилнинг муаммоси эмас. Терроризм¸ бузғунчилик ва беқарорлик экспортчиси ҳаммамизга зиëн етказади. Дунë ҳамжамияти кемалар эркинлигига раҳна солувчи Эрон террорчилиги қаршисида жим турмаслиги керак”¸ дейилади Лапид баëнотида.

Ҳозирча Эрон ҳукумати бу айбловга муносабат билдирмади. Теҳрон ўз ядровий дастури учун масъул олимнинг ўлдирилиши ва ядровий иншоотларига ўтган йили уюштирилган ҳужумлар учун Исроилни айблаб келади.

Эрон давлат телеканали аноним манбага таяниб¸ Исроиллик миллиардерга қарашли танкерга ҳужум Суриядаги Эрон аэропортига уюштирилган ҳужум учун жавоб эканини таъкидлади.

Исроилнинг энг яқин ҳамкори АҚШ ҳукумати воеалар ривожи хусусида хавотир билдирди. Ғарб агентликлари АҚШ ҳукуматидаги манбага таяниб¸ танкерга дронлар воситасида қилинган ҳужумни ким уюштиргани ҳозирча номаълум эканини билдирди.

Хитойда расмийларни танқид қилган миллиардер 18 йилга қамалди

Сунь Даву

Хитойда Коммунистлар партиясини танқид қилгани билан танилган миллиардер Сунь Даву “адоват қўзғагани” учун 18 йилга озодликдан маҳрум этилди, бундан ташқари, у 3 миллион юань жаримага ҳам тўлаши лозим. Бу ҳақда Гаобейдянь шаҳри халқ судининг “WeChat”да эълон қилган қарорига таянган ҳолда South China Morning Post хабар қилган.

Хабарга мувофиқ, Даву оломонни давлат муассасаларини ишғол қилишга ундаш, ноқонуний бизнес юритиш, ерларни ноқонуний эгаллаш ва бошқа қилмишларда айбдор, деб топилган.

67 ёшли Сунь Даву тақрибан 9 минг киши ишлайдиган қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбаридир. У ҳукуматни 2019 йилда 100 миллиондан зиёд чўчқанинг қирилиб кетишига сабаб бўлган Африка чўчқа гриппи эпидемиясининг ҳақиқий кўламини яширишга уринганликда айблаган кам сонли кишилардан бири саналади.

Reuters агентлигининг хабар қилишича, ўша танқидлардан сўнг тадбиркор давлат фермаси билан ерга оид даъво ишига тортилган. Миллиардерга кўра, совхоз ходимлари унинг ширкатига қарашли бинолардан бирини бузгани келганида полиция билан тўқнашув чиқиб, унинг ишчилари жабр кўришган.

Хитойлик ҳуқуқбонлар суд ҳукмини “Сунни инсон ҳуқуқларини дастаклагани учун жазолашга уриниш”, деб атаганлар. Фаоллар фикрича, Сунь бутун умрини қишлоқ аҳолисининг турмушини яхшилашга бағишлаган.

Сунь Хитойнинг нуфузли университетларида маърузалар ўқир ва меценатлик билан шуғулланарди. Айни фаолияти ҳам жиноят ишига боғланган: уни, жумладан, хайрия мақсадлари учун ўз ишчиларидан ноқонуний пул йиғиб олишда ҳам айблашган. Сунь айбловни тан олмаган.

Сунга нисбатан қамоқ жазоси танқидий кайфиятдаги тадбиркорларга қарши қатағонлар кучайиши манзарасида тайинланди, деб ёзган CNN. Телеканал Компартиянинг ўтган йили эълон қилинган раҳбарий қоидаларида хусусий секторга “партия белгилаб берган йўлдан оғишмай юрадиган сиёсий оқил одамлар” зарурлиги таъкидланганини эслатган.

Ўшанда Компартия етакчиси Си Цзиньпиннинг коронавируснинг олдини олиш стратегиясини кескин танқид қилган миллиардер Жэнь Чжицян коррупция жиноятларида айбланиб, 18 йилга қамалган эди. У ўз чиқишларидан бирида давлат раҳбарини “ҳокимиятга ташна масхарабоз”, деб атаган.

Суриштирув: Мальталик журналист аёлнинг ўлими учун масъулият расмийлар зиммасида

Дафне Каруана Галиция

Мальталик журналист Дафне Каруана Галиция ўлими учун масъулиятни давлат ўз зиммасига олиши лозим — амалдаги бир ва собиқ икки нафар судья томонидан ўтказилган мустақил суриштирувдан сўнг ана шундай хулосага келинган.

Суриштирувда айтилишича, давлат Мальтадаги коррупция ҳақида ёзган журналист аёлнинг ҳаёти учун хавфли бўлган реал омилларни тан олмаган. Ҳукумат жазосиз қолиш маданиятини барпо этган, бу эса ҳуқуқ устуворлиги тамойилининг инқирозига сабаб бўлган, деб ҳисоблаган суриштирувчилар.

Дафне Каруана Галиция Мальтанинг юқори мартабали мулозимлари коррупция жиноятларига дахлдорлиги бўйича суриштирувлар олиб бориш билан шуғулланган. 2017 йил 16 октябрида унинг бошқарувидаги автомобиль портлаб кетган. Ҳодиса чоғида журналист ҳалок бўлган.

Унинг ўлими бўйича тергов узоқ давом этган. 2019 йилда бир неча вазир, жумладан ҳукумат раҳбари Жозеф Маската қотилликка дахлдор одамлар билан алоқада бўлганликда гумон қилиниб, истеъфога чиқарилган.

Журналист аёлнинг ўлими бўйича Винсент Маскат исмли шахс судланган. Маҳкамада у айбини тан олган ва суд ҳукми билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Яна икки нафар гумонланувчи айбини тан олмаяпти. Улар устидан суд ҳали бошлангани йўқ.

Бундан ташқари, мальталик тадбиркор Йорген Фенек қотилликка алоқадорликда айбланмоқда. У ҳам айбсизлигини иддао қилиб келяпти.

Жосуслик дастурини ишлаб чиқарган Исроил ширкатида тинтув ўтказилди

Исроил махсус хизматлари Pegasus жосуслик дастурий таъминоти ишлаб чиқарувчиси бўлмиш NSO Group ширкати офисларида тинтув ўтказди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазирлиги маълум қилган.

Аввалроқ Forbidden Stories ташкилоти ва бир неча ОАВ ушбу дастур қатор мамлакатларда журналистлар, фаоллар ва ҳуқуқбонлар, ҳатто давлат раҳбарлари, хусусан Франция президенти Эммануэл Макронни кузатишда қўлланилганини хабар қилишган.

NSO Group тинтувга оид маълумотни тасдиқлаб, текширувни олқишлашини билдирган. Ширкат Pegasus дастури журналист ва сиёсатчиларни кузатишда қўлланилганига оид ОАВ хабарларини “ёлғон”, деб атаган. Ишлаб чиқарувчи мазкур дастур террорчи ва жиноятчиларга қарши курашга мўлжалланганини иддао қилмоқда.

Calcalist нашри ўз манбаларига таянган ҳолда, NSO Group тергов ҳаракатлари ўтказилиши ҳақида олдиндан огоҳлантирилгани тўғрисида ёзган. Қолаверса, махсус хизматлар ҳужатларни синчиклаб текширмаган. Журналистлар Исроил Мудофаа вазирлиги NSO Group фаолиятидан манфаатдорлигини ва илгари ширкатни бир неча бор суд даъволаридан ҳимоя қилганини таъкидлашмоқда.

Ширкатда ўтказилган текширув Исроил мудофаа вазири Бени Ганцнинг Францияга ташрифи ва у ерда Pegasus билан боғлиқ можаро муҳокама қилиниши эҳтимоли билан боғлиқ, деган тахмин мавжуд.

Pegasus ҳавола орқали мобил қурилмаларга кириб олиб, электрон хатлар, қўнғироқлар ва матнли хабарларни яширинча ёзиб олади. Айрим ҳолларда дастур ҳаволага босилмаган тақдирда ҳам фаоллашиши мумкин.

Дастур саудиялик мақтул шарҳловчи Жамол Хашоггининг яқинларига тегишли смартфонларни бузиб киришда муваффақиятли қўлланилгани аниқланган.

Электрон қурилмалари Pegasus ёрдамида масофадан очилган шахслар рўйхатида CNN, Associated Press, Voice of America, New York Times, Wall Street Journal, Bloomberg News, Le Monde во Франции, Financial Times ва Al Jazeera каби ОАВлар ходимлари бор.

Бундан ташқари, дастур 65 нафар тадбиркор, 85 нафар ҳуқуқбон ва 600 дан зиёд сиёсатчини кузатишда татбиқ этилган.

Байден федерал идоралар ходимларининг барчаси эмловдан ўтишини эълон қилди

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ федерал ҳукуматининг барча хизматчилари COVID-19 га қарши эмловдан ўтишлари ёки мунтазам равишда анализ топширишлар ва вирус тарқалишининг олдини олдини олиш бўйича бошқа чораларни кўришлари лозим. Бу ҳақда Қўшма Штатлар президенти Жо Байден 29 июль куни Оқ уйда қилган чиқишида эълон қилди.

Федерал ҳукумат энг йирик иш берувчилардан бири бўлиб, Байденнинг бу қадами “дельта” штамми туфайли коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайиб бораётгани манзарасида хусусий корхоналар ва бошқа муассасалар учун ўрнак бўлиб хизмат қилиши мумкин, деб ёзган “Америка овози”.

Манбаларга кўра, федерал хизматчиларни ишдан бўшатиш билан қўрқитиб, уларни эмловга мажбурлаш режаланаётгани йўқ.

2020 йилдаги маълумотларга кўра, Қўшма Штатларда икки миллиондан зиёд фуқаровий давлат хизматчиси бор.

Таркибига 34 та вазирлик ва агентлик кирган Давлат хизматчилари касаба уюшмаси коронавирусга қарши эмлов бўйича саъй-ҳаракатларни дастаклашини билдириб, муассасаларни эмланиш ва эмловдан кейин муҳтамал салбий таъсирлардан ўзига келиш учун ходимларга дам олиш куни беришга чақирган.

АҚШ коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони бўйича дунёда биринчи ўринда турибди. Пандемия бошидан бери мамлакатда 35,5 миллиондан зиёд одам коронавирус юқтириб олган, 600 мингдан зиёд киши қурбон бўлган. Қўшма Штатларда шу кунгача аҳолининг қарийб ярми тўла эмланган.

Россия суди Google ширкатига 3 миллион рубль жарима солди

Москва шаҳар Таганка туман суди фойдаланувчилар шахсий маълумотларини Россияда сақлашдан бош тортгани учун Google ширкатини 3 миллион рубль жарима солди.

Новости агентлигининг ёзишича, Google Россия қонунчилигини бузганликда айбланиб, биринчи марта жаримага тортилмоқда.

Аввалроқ Роскомнадзор йирик IT-ширкатларни маълумотлар базасини 1 июлгача Россияга кўчириш шарт эканидан огоҳлантирган эди. Россияда 2015 йилда қабул қилинган қонунга асосан интернет фойдаланувчиларига оид маълумотлар мамлакат ичкарисидаги серверларда сақланиши лозим.

Май ойида Москва суди Google ширкатини “митингларга чақирувчи ноқонуний контентни” ўчиришдан бош тортанликда айблаб 4 миллион рубль жарима солганди.

Олимпиада кумуш медалини олган Польша спортчиси жонли эфирда лесбиянка эканини очиқлади

Катажина Зиллман (ўнгдан биринчи) Польша терма жамоаси аъзолари билан.

Польша спортчиси Катажина Зиллман 28 июлда Токио Олимпиадаси кумуш медалини қўлга киритганидан сўнг жонли эфирда берган интервьюсида лесбиянка эканини очиқлади.

У интервью давомида ўз ғалабаси ва кумуш медалини севган қизи Юлияга бағишлашини айтди. Спортчи Юлия билан бир неча ой олдин танишганини ҳам маълум қилди. Бунга қадар спортчи ўз жинсий ориентацияси ҳақида очиқ гапирмаган эди.

Катажина Зиллман икки йил аввал “спорт гомофобияга қарши” акциясида иштирок этган. Зиллман интервьюда ҳеч қачон ўз жинсий ориентациясини яширмаганини, айни пайтда бу ҳақда очиқ гапирмаганини ҳам таъкидлади.

26 ёшли Зиллман академик эшкак эшиш бўйича Польша терма жамоаси аъзоси. Мазкур медал Польша Токио Олимпиадасида қўлга киритган биринчи ютуқ бўлди.

Туркман фермерлари пахта теримини муддатидан олдин бошлашга мажбур этилмоқда

Туркманистондаги пахта даласи. 2020 йил.

Туркманистонда коммунал хизматлар ходимларига 5 августдан бошлаб пахта теримига чиқиш тўғрисида буйруқ берилди. Озодлик радиоси туркман хизматининг билдирилишича, аслида пахта терими расман 25 августда бошланиши лозим эди.

Айни пайтда туркманистонлик фермерлар бундай буйруқ ортидан ташвишга тушиб қолганлар. Уларга кўра, жорий йилда пахта ҳосили аввалги йилларга қараганда жуда оз бўлиши кутилмоқда.

Озодлик радиоси туркман хизматининг Лебапдаги мухбири экиш мавсумида чигит тақчиллиги юзага келгани ортидан мана шундай вазият пайдо бўлганини маълум қилди.

Аммо Туркманистон расмийлари жорий йилда “пахтадан мўл-қўл ҳосил олиниши” ҳақида тантанваор оҳангда гапирмоқдалар.

Чигит етишмаслиги оқибатида май ойида Туркманободдаги ёғ заводи фаолияти ҳам тўхтатиб қўйилган ва у фақат 26 июлда қайта иш бошлаган эди.

Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида юзлаб тожикистонлик тўпланиб қолди

Ўзбкистонга ўта олмаётган тожикистонликлар.

Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Фотехобод” чегара-ўтказиш пунктида юзлаб тожикистонлик қўшни мамлакатга ўта олмай, тўпланиб қолди. Уларнинг асосий қисми Ўзбекистон орқали Россияга кетишни режалаштирган эди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг 28 июлда ёзишича, Қирғизистон бир неча ой олдин Тожикистон билан чегараларини ёпиб қўйганидан сўнг тожикистонликлар фақат Ўзбекистон орқалигина Россияга боришга мажбур бўлиб қолган.

Хабарда айтилишича, чегарада юзлаб одамларнинг тўпланиб қолишига тожик чегарачилари фақат Ўзбекистондан таклифномага эга бўлганларнигина қўшни давлатга ўтказаётгани сабаб бўлган. Тожикистон расмийлари чегарада юзага келган вазият бўйича шарҳ беришдан тийилмоқда.

Айни пайтда мазкур чегара ҳудудидан юк машиналари Ўзбекистонга ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтказилмоқда.

Бундан ташқари икки давлат ўртасида авиақатновлар ҳам белгиланган тартида амалга оширилмоқда. Чегарада тўпланиб қолганлар эса молиявий имколниятлари мавжуд бўлмагани ортидан Ўзбекистонга самолётда бора олмасликларини айтмоқдалар.

Қозоғистонда коронавирусдан бир суткада 97 киши вафот этди

Олмаота кщчаларидан бири.

Қозоғистонда сўнгги бир сутка ичида коронавирусдан 97 киши вафот этди. Бундан ташқари бир кунда 7500га яқин кишида вирус аниқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундан аввал 27 июлда коронавирусдан 87 киши ўлганини билдирган эди.

“Афсуски, вирусга чалинганларнинг 99 фоизи вакцина олмаган. Бу вазиятдан чиқиш учун бор имкониятларни ишга соламиз ва эмлаш кампаниясини кучайтирамиз”,-деди соғлиқни сақлаш вазири Цой.

29 июль ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 557 107 кишига етди, беморлардан 5700 нафари вафот этди.

Бундан ташқари Қозоғистонда ковиднамо зотилжамга чалинган 60 280 киши қайд этилган. Улардан 3676 киши вафот этган.

Bloomberg: Германияда “яшиллар” номзодининг канцлер бўлиши эҳтимоли Москвани чўчитмоқда

“Яшиллар” партиясидан Германия канцлери лавозимига номзод Анналена Бербок

Германияда “яшиллар” партиясидан канцлер лавозимига номзод Анналена Бербокнинг ҳокимият тепасига келиши эҳтимоли Москвани хавотирга солиб қўйган. Россия раҳбарияти у сайловда ғалаба қозонишига йўл қўймаслик учун “ҳамма нарсага тайёр”. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Россия ҳукуматига яқин манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган.

Агентликнинг уч манбаси Кремль Бербокни ўзининг Германиядаги манфаатларига таҳдид ўлароқ кўришини таъкидлашган. Сиёсатчи “Шимолий оқим-2” газ қувурининг қурилишига қарши чиқиб, уни санкцияларга зидлигини урғулаган. Бундан ташқари, Бербок Москва билан муносабатларда қаттиққўллик билан ҳаракат қилишга чақириб келган.

Кузда Германияда парламент сайлови бўлиб ўтади. Ғалаба қозонган партия номзоди мамлакат ижроия ҳокимияти раҳбари — канцлер лавозимини эгаллайди. 2005 йилдан бери илк бор бу лавозимни Ангела Меркелдан бошқа одам эгаллайди.

Бербок партияси яқинлашиб келаётган сайловда ғолибликка асосий даъвогарлардан биридир. Овоз бериш олдидан “яшиллар”га қарши қатор киберҳужумлар амалга оширилган.

Bloomberg манбалари ижтимоий тармоқларда Анналена Бербок билан боғлиқ сохта маълумотлар, бўҳтонлар зўр бериб ёйилаётганини айтган. Партия мазкур киберҳужумлар одатда Кремль фойдаланиб келган усулларга ўхшашлиги ҳақида Германия махсус хизматларини огоҳлантирган. Аммо “яшиллар” Москва бу ишга чиндан ҳам бош қўшганини тасдиқловчи бирон далилга эга эмаслар.

Эквадор суди WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни фуқароликдан маҳрум қилди

Жулиан Ассанж

Эквадорда биринчи инстанция суди WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. У фуқароликни 2017 йили Эквадорнинг ўша пайтдаги президенти Ленин Морено қарори билан олганди.

Суд қарори Ассанжга фуқаролик берилишида маъмурий хатоликларга йўл қўйилганини билдирган республика Ташқи ишлар вазирлигининг даъво аризаси бўйича қабул қилинган, дея хабар қилди El Comercio нашри.

Иш бўйича маҳкама тинглови ўтган ҳафта ўтказилиб, 20 дақиқага чўзилганди. Судда Ассанжнинг ўзи иштирок этган эмас. Айни пайтда Лондондаги ҳибсхонада бўлган Ассанж у ерда гаров эвазига озод бўлиш шартларини бузганлик учун жазо ўтамоқда. WikiLeaks асосчисини АҚШ расмийлари ўзларига топширилишини сўраяпти. Қўшма Штатларда махфий материалларни ноқонуний равишда ошкор қилганлик ва киберҳужумларда иштирок этганликда айбланаётган Ассанж АҚШга экстрадиция қилинган тақдирда, 175 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Шу йил 4 январида Лондон суди ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган Жулиан Ассанжни АҚШга топширишдан бош тортганди. Вашингтон мазкур қарор юзасидан шикоят аризаси киритишини билдирган.

Жинсий зўравонликда айбланган Ассанж ҳибсга олинишдан чўчиб, 2012 йилдан 2019 йилгача Эквадорнинг Лондондаги элчихонаси ҳудудида яшириниб ўтирган. Ассанжга фуқаролик берилганидан кейин президент Морено унинг дахлсизликдан фойдаланган ҳолда мамлакат ҳудудидан чиқиб кета олиши учун дипломатлик мақомини беришни режалаган. Бироқ бу режа амалга ошмай қолган.

Ассанжнинг адвокати Карлос Морено Твиттердаги ўз саҳифасида ишнинг бу қадар тез муддатда кўриб чиқилгани бу борадаги қарорнинг аввалдан олинганини англатишини билдирган.

Адвокат суд қарори юзасидан шикоят аризаси киритилишини қайд этган. Ассанж Австралия фуқароси ҳам бўлиб ҳисобланади. Бундан ташқари, Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор унга сиёсий бошпана таклиф қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG