ТОШЛОҚ. “Мен – Маҳбуба Қодирова, Фарғона вилояти Тошлоқ туманидан ёзмоқдаман. Онам Ижобатхон Ҳасанова Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишлар эди. 1996 йил 12 ноябрда иш вақтида йўқолиб қолган. Ўшанда акам – 14, мен 12 ёшда эдик. Завод бизга ҳеч қандай ёрдам бермади. Ака-сингил жуда қийналиб яшадик. 2000 йилда уйимиз ёниб кетиб акам касалхонага тушди. Заводга мурожаат қилдим, лекин ёрдам беришмади. Акам 5 ой касалхонада ётиб вафот этди.
Бу орада онам қотиллик қурбони бўлгани маълум бўлди. Ўша машъум кунда заводнинг маст ҳолатдаги ишчилари бензин ўғирлаган ва буни онам кўриб қолиб, “Ўғрилик қилманглар, акс ҳолда завод раҳбариятига айтаман” деган экан. Ўғрилар онамнинг бошига тош билан уриб ўлдириб, сўнг жасадини кокс ичига кўмиб эритиб юборган экан...
Заводдан товон пули сўрадим. Қон-қон йиғлатишди. Заводнинг бир сўми ҳам пул экан-у, ўлган одамнинг қадри йўқ экан. Қайта-қайта мурожаатларимдан кейин 10 миллион сўм ёрдам пули берилди.
Кейинроқ 96 ярим миллион сўм товон пули ҳисоблашди. “Ярми сенга, ярми акангга аталган, марҳум акангнинг меросхўри эканингни нотариус орқали исботла” дейишди. Менга тегишли экани айтилган 48 миллион сўмни пластик картамга ўтказиб беришди. Аммо нотариусдан ҳужжат олиб келсам-да, марҳум акамнинг улушини беришмади. Даъво муддати ўтган деб баҳона қилишмоқда. Мутасаддилардан товон пулини тўлиқ ундириб беришларини сўрайман”.
(Бу хабар Озодликка 28 сентябрь куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|