Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:13

"Шоввозсойда сарой қурган шоввозларим" - ижтимоий тармоқлар Озодлик суриштируви ҳақида


Озодликнинг тармоқларда бир ҳафта ичида 1 миллиондан ортиқ кўрилган видеосуриштируви ҳақида маҳаллий нашрлар ва фаол блогерлар ёзмади - коллаж
Озодликнинг тармоқларда бир ҳафта ичида 1 миллиондан ортиқ кўрилган видеосуриштируви ҳақида маҳаллий нашрлар ва фаол блогерлар ёзмади - коллаж

Озодликнинг Шоввозсойдаги президент Мирзиёев учун қурилган махфий қароргоҳ ва сув омборига бағишланган видеосуриштируви ҳамда унга берилган расмий раддия ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида асосий муҳокама мавзуларидан бирига айланди.

Суриштирув Оҳангароннинг жаннатмакон Шоввозсойидаги, давлат бюджетига камида юзлаб миллион долларга тушган яширин қароргоҳ ва сув омбори 2017 йил февралидан бошлаб Шавкат Мирзиëев учун қурилганини ўртага чиқарди.

Озодлик махфий қароргоҳ жойлашган ҳудуднинг Ўзбекистондаги учиш тақиқланган олти зонадан бири эканини ҳам аниқлади.

Ва буларнинг ҳаммасига доир расмий, мустақил ва биринчи қўлдан маълумотлар, ҳужжатлар ҳамда сунъий йўлдош тасвирлари хронологиясини намойиш этди.

Тармоқларда бир ҳафта ичида 1 миллиондан ортиқ кўрилган видеосуриштирув ҳақида маҳаллий нашрлар ва фаол блогерлар ёзмади. Айни пайтда уларнинг кўпчилиги "Ўзбекистон темир йўллари"нинг расмий раддиясини ўз каналларига ҳеч қандай изоҳсиз жойлади.

24 февраль куни эълон қилинган раддияда ЎТЙ ижтимоий тармоқларни “асоссиз ва нохолис хабарлар” тарқатишда айблаб чиққан эди.

“Ижтимоий тармоқлар”, бу - Озодлик радиоси, “асоссиз ва нохолис хабарлар” эса, Озодликнинг бу баёнотдан бир кун аввал эълон қилган суриштирувидир.

"Ўзбекистон ҳукуматининг Озодликнинг президент саройи экани иддао қилинган суриштирувига жавоби - бу темирйўл ишчилари, давлат мулозимлари ва сайёҳлар учун курорт. Мақола остидаги шарҳлардан оддий ўзбеклар бу баёнотга ишонмагани маълум - "қандай қилиб дам олиш зонасидан жой олиб, вертолётда учиб борсак бўлади?", деб ёзди Твиттер саҳифасида Музаффар Сулейманов.

Твиттернинг ўзбек сегментида энг кўп фолловерларига эга блогерлардан Davletovuz эса, "Ўзбекистон темир йўллари" видеосини саҳифасига жойлади.

Farida Charif: Президентимизнинг $1 млрд долларлик дачаси бор. Энди бизнинг ҳам ўз Ротенбергимиз бор, денгизимиз йўқ эди, энди (денгизимиз ҳам) бор.

Mamurbay исмли Твиттер фойдаланувчиси расмий раддияни ўзига хос тарзда истеҳзо қилди.

Таниқли блогер ва Адлия вазирининг маслаҳатчиси Шаҳноза Соатованинг таълим ҳақидаги пости остида изоҳ қолдирган Kubayev исмли Твиттер фойдаланувчиси "Уни буни қўйинг Шоввозсой ҳақида ёзинг" деб изоҳ қолдирди.

Муаллифдан жавоб бўлмагач, саволни яна такрорлади.

Jafarjon исмли фойдаланувчи "Ўзбекистон темир йўллари"нинг раддиясини Ўзбекистон-24 телеканали лавҳаларига менгзади.

Озодлик суриштируви тармоқларда кўплаб сўз ўйинларига сабаб бўлди.

Фойдаланувчилар сўз ўйинлари қиларкан, навоийшунос олим Акром Малик "Шоввоз" сўзининг этимологиясига бағишланган кичик тадқиқотини эълон қилди.

Акром Малик

"ШОВВОЗ" СЎЗИНИНГ ЭТИМОЛОГИЯСИ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗА

Айрим тилшунослар сўзларнинг келиб чиқишини табиатдаги овозларга боғлашади. Масалан, ўзбек тилида бунга бир қанча мисол келтирсак мумкин.

"Чигиртка" чириллаш билан боғлиқ. "Чивин" чийиллашга ўхшаган сас чиқаради. "Данғиллама"да "данғ" деган овозни топа оламиз.

Лекин бу назарияни тўла тасдиқлаб бўлмайди. Чунки ҳамма сўзлар табиатдаги товушлар асосида шаклланмайди. Бироқ товушга тақлид асосида юзага келган калималар ҳам кўп учрайди. Хусусан, таги тошли, ўзи саёз ва тоғдан оқадиган сув сой дейилади. Сув тик чўққидан тушар экан, "шар-шар" деган овоз чиқарса, шаршара дейилади. Шовилласа, "шовва" дейилади. "Шоввоз" дегани ҳам айнан "шовва"га "з" қўшиб ҳосил қилингандир, балки. "Шоввоз" сўзига сойнинг бириккан ҳолда келиши шу фикрни тасдиқлаётгандек.

Алишер Илҳомов

Агар биз Мирзиёев билан Каримовни таққосласак, у ҳолда дабдабабозликда Мирзиёев ўзидан аввалгисидан анча устун келди. Шунингдек, у постсовет ҳудудидаги бошқа автократлардан ҳам ўтиб кетди. Ҳеч ким ҳеч қачон бир шахс учун алоҳида сув омбори қурмаган.

Сарой мажмуасининг бир қисми бўлган, Шаввозсой сув омбори кўнгилочар сув ҳавзаси сифатида 2017–18 йиллар Сардоба сув омбори билан бир хил компаниялар томонидан қурилган. "Ўзбекистон темир йўллари" (Раматов) компаниялари - йўллар, саройлар ва бошқа эр усти объектлари; Сангинов ўғлининг компанияси - сув омбори.

Сув омборининг умумий узунлиги 4 км. Бунинг учун 72 метр баландликдаги тўғон қурилган (!). Бу Шоввозсой дарёсини тўсиш учун қурилган. Сойнинг ёпилиши натижасида дарёнинг қуйи қисмида жойлашган Тут қишлоғи умуман сувсиз қолган. Уларнинг барча экинлари нобуд бўлган. Чорва молларини боқиш имкони қолмаган. Аҳоли қўшни қишлоқларда ичимлик ва чорва моллари учун сув сотиб олишга мажбур. Шу билан бирга сарой мажмуаси ва унга элтувчи йўл қурилиши учун аҳоли уйлари ер билан яксон қилинган.

Энди эслайликки, Сардобада қурбонларининг ҳаммаси ҳам сув босган уйнинг ўрнига уй олишмади. Ва улар ҳовлига эмас, кўп қаватли уйларга жойлаштирилган, аммо қулайликлар - аввалгидек.

(Постнинг ўзбекча таржимасини Муҳаммад Матжон ўзининг Фейсбук саҳифасида бўлишди)

Озодлик суриштирувидан "илҳомланган" қатор тармоқ фойдаланувчилари Шоввозсой номини қофияларга тизишди.

Маддоҳ

Шоввозларим

Уйларида чироқлари ўчмайдиган,

Осмонидан самолётлар учмайдиган,

Йўлларидан аспаллари кўчмайдиган,

"Шоввозсой"да сарой қурган шоввозларим,

Космосданам кўринади гумбазлари.

Қишлоқларни бульдозерда сурган зотлар,

Сойни тўсиб сув омбори қурган зотлар,

Йўлни тўсиб қўриқчилар қўйган зотлар,

" Шоввозсой"да сарой қурган шоввозларим,

Аждарҳони ўйнатгувчи морбозларим.

"Сардоба"ни қўпорган ҳам шулар эди,

Халқ мулкини каламушдек талар энди,

Телба кўнгил дабдабалар тиларкан-да,

"Шоввозсой"да сарой қурган шоввозларим,

Томошаси қиммат тушган дорбозларим.

Уйларида чироқлари ўчмайдиган,

Осмонидан самолётлар учмайдиган,

Йўлларидан аспаллари кўчмайдиган,

"Шоввозсой"да сарой қурган шоввозларим,

Космосданам кўринади гумбазлари.

Озодликнинг Шоввозсой қароргоҳи ҳақидаги расмий раддияга бағишланган видеосуриштирувини YouTube каналимизда томоша қилинг.

XS
SM
MD
LG