Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2018, Тошкент вақти: 17:40

Оммавий бўшатилган “Шўртаннефтгаз” ишчилари норозилик билдирмоқда


"Шўртаннефтгаз"нинг ишдан бўшатилаётганлар рўйхатига кирган ишчилари.

Қашқадарëнинг Ғузор туманида жойлашган “Шўртаннефтгаз” корхонасининг 324 нафар ишчиси раҳбариятнинг ўзларини ишдан бўшатиш қарорига норозилик билдирмоқда. Ўзбекнефтгаз"дан олинган маълумотга кўра, норози ишчиларнинг талабларини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган.

Озодликка 5 ноябрь куни мурожаат қилган “Шўртаннефтгаз”нинг бир гуруҳ ишчилари корхонада оммавий ишдан бўшатиш ҳолати бўлаётганини айтиб, бунга норозилик билдиришди.

“Бизни оммавий ишдан бўшатишаяпти. Жами 324 киши. Илтимос ёрдам беринглар”¸ дейилади Озодликка йўлланган мактубда.

Ишдан бўшатилаётганлар рўйхатига кирган ишчилардан бирининг Озодлик билан суҳбатда айтишича, ишдан ҳайдалаëтганларнинг барчаси корхона қўриқчиларидан иборат.

“Биз ҳаммамиз “Шўртаннефтгаз”нинг “Тезкор қўриқлаш хизмати”да ишлаймиз. Бошлиқ мажлис қилиб, "охранниклар ҳаммаси ишдан бўшатилди" деди. Бизнинг ҳуқуқларимизни поймол қилишаяпти. Бизни олдиндан огоҳлантиришмади. 324 ишчини бирданига кўчага ҳайдаяпти. Шунча одам оиласини қандай боқади энди?”, дейди “Шўртаннефтгаз” қўриқчиларидан бири.

Озодликка йўлланган фото ва видео тасвирларда ишдан бўшатилаётган ишчиларнинг норозилик билдириб корхона ҳовлисига йиғилгани акс этган.

ВИДЕО
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:48 0:00

“Шўртаннефтгаз” мулозимларидан бирига кўра, 2 ноябрь куни корхонадаги “Тезкор қўриқлаш хизмати” бўлими бутунлай тугатилиб, унинг ўрнига ИИВнинг қўриқлаш хизмати билан шартнома тузилган.

“Бу ишчилар шунинг учун бўшатилаяпти. Корхона Ички ишлар бўлимининг Қўриқлаш хизмати билан имзолаган шартномага мувофиқ, бундан кейин корхонанинг нефть, газ қувурларини қўриқлаш ички ишлар ходимлари зиммасига юклатилди”, деди “Шўртаннефтгаз” мулозими.

Мамлакатдаги энг йирик газ қазиб чиқариш корхоналаридан бири бўлган "Шўртаннефтегаз” - "Ўзбекнефтегаз" миллий холдинг компаниясининг шўъба корхонасидир.

Озодлик боғланган ишчиларнинг айтишича, оммавий ишдан бўшатишга қарши ишчиларнинг бир гуруҳи 5 ноябрь куни Тошкентдаги мутасаддиларга бевосита шикоят қилиш учун "Ўзбекнефтгаз" бош офисига келган.

Озодлик боғланган "Ўзбекнефтегаз" мулозимига кўра, "Шўртаннефтегаз” раҳбарияти 324 ишчини ишдан бўшатиш ҳолатида бир қатор қонунбузилишларга йўл қўйган.

Ишдан бўшашига норози бўлган ишларнинг бир гуруҳи
Ишдан бўшашига норози бўлган ишларнинг бир гуруҳи

“Бошлиқ бу ерда нотўғри иш қилган. Ишдан бўшатиш ҳақида 2 ой аввал ишчиларга огоҳлантириш бериши лозим эди. Профсоюз билан ҳал қилиш лозим эди. Меҳнат кодексига зид иш тутган”, деди исмини очиқламаётганимиз "Ўзбекнефтегаз" мулозими.

5 ноябрь куни кечга яқин "Ўзбекнефтегаз" ширкати матбуот хизмати раҳбари Меҳрибон Мамедованинг Озодликка айтишича, "Шўртаннефтегаз” ишчиларининг шикоятини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ишчиларнинг шикояти қисман қондирилган.

- Улар яна икки ой ишлайди. Икки ой ичида уларга ойлик берилади. Улар бу вақт ичида ўзларига бошқа иш қидириши мумкин. Учинчи ой уларга компенсация берилади. Ишчи гуруҳ шароити оғир, ногирон, кўп фарзандли оилаларнинг яшаш шароитини ўрганади, уларга ёрдам кўрсатилади. Улар нефт-газ тизимидаги бўш ўринларга ишга олинади. Уларни иш билан таъминлаб берамиз, деди Меҳрибон Мамедова.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:30 0:00
Бевосита линк

“Шўртаннефтгаз” корхонаси 1980 йилда ташкил топган бўлиб, газ қазиб олиш, газ, газоконденсат, нефт конларини ишлатиш, газни ва газ конденсатини тайёрлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланади.

Ҳозирда "Шўртаннефтегаз" жами 21 та нефт ва газ конденсати конларидан фойдаланмоқда.

"Шўртаннефтегаз"нинг йиллик газ ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 15 миллиард куб метрни ташкил қилади. Бу мамлакат бўйича йиллик газ ишлаб чиқаришнинг тўртдан бирига тўғри келади.

Шунингдек, корхона 175 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG