Линклар

Шошилинч хабар
02 июл 2025, Тошкент вақти: 03:57

Тошкент аэропортида ДХХ рейди: Деҳлига учаётган самолётдан 39 тижоратчи тушириб қолдирилди


Тошкент халқаро аэропортидаги янги терминал
Тошкент халқаро аэропортидаги янги терминал

11 сентябрь куни Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) ўндан зиёд ходими Тошкент халқаро аэропортида рейд ўтказиб, Деҳлига парвоз қилаётган самолётдан 39 нафар тижоратчини тушириб олди ва Тошкентдаги Гвардейский кўчасидаги ДХХ ҳибсхонасида бир ярим сутка давомида ушлаб турди.

Бу ҳақда Ҳиндистонга қатнаб «челнок бизнеси» билан шуғулланувчи эркак ва аёлларнинг 7 нафари Озодликка 16 сентябрь куни сўзлаб берди.

Тижоратчиларнинг айтишича, ДХХ ходимлари уларнинг тилла тақинчоқлари, валюталари, қўл телефонлари ва паспортларини олиб қолган.

Рейд бўйича Озодлик ДХХдан изоҳ ололмади.

Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропорт ходимига кўра, ДХХ рейдига Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металлар олиб чиқиб кетилаётгани ҳақидаги маълумот сабаб бўлган.

"Самолётда наркотик"

Озодлик билан суҳбатлашган тижоратчиларга кўра, 11 сентябрь, соат 19 да Ўзбекистон Ҳаво Йўллари авиакомпаниясига қарашли NY-425 рақамли рейс парвозига 15 дақиқа қолганда самолёт бортига 10 нафардан зиёд фуқаровий кийимдаги шахслар бостириб кирган ва баъзи йўловчилардан самолётдан тушишни талаб қилган.

Ҳиндистондан Тошкентга автомобиль захира қисмлари келтириб савдо қилувчи 35 яшар Комилжон Қаландаровнинг айтишича, йўловчилар самолётга ўтиргач, ўзини таништирмаган шахслар йўловчиларга самолётда наркотик моддалар олиб кетилаётгани ҳақида маълумот келиб тушганини маълум қилган:

- Самолётга чиқдик, лекин 10 минутдан кейин 10-15 киши граждан формасида келиб, "сиз тушинг, сиз тушинг," деди. Нимага? - деган гапимизгаям қарамади. "Самолётни бўшатинглар, самолёт бўшаши керак. Бу ерда қора дори, кейин мумкинмас нарсалар бор, тушинглар", деди. Умумий ҳисобда 39 одам тушириб қолдирилди.

Комилжон Қаландаровнинг қўшимча қилишича, самолёт тунги соат 23 да Деҳлига ҳиндистонлик йўловчиларни олиб парвоз қилган, ўзбекистонлик йўловчилар эса, аэропортнинг авиахавфсизлик хонасида бир неча соат давомида ушлаб турилган.

"Қароқчилардек"

Тошкентнинг Учтепа туманидан бўлган 43 яшар тижоратчи Зулфия Комиловага кўра, барча йўловчиларнинг паспортлари, валюталари, тилла тақинчоқлари ва қўл телефонлари бирма-бир олиб қўйилган:

- Аэропортнинг миллий хавфсизлик хонасида икки томондан қулфлаб, эрталаб соат 3 гача олиб ўтиришди. Бизга на сув беришди, на ҳожатхонага чиқишга рухсат беришди.

- Аэропортнинг миллий хавфсизлик хонасида икки томондан қулфлаб, эрталаб соат 3 гача олиб ўтиришди. Бизга на сув беришди, на ҳожатхонага чиқишга рухсат беришди. Сумкамизни ағдариб - чет элга кетаяпмиз - миллий валютамиз борми, бўйнимиздаги занжир борми, зирак борми ҳаммасини ечтириб, папкага солиб, телефонимиз, паспортимиз, хуллас ҳамма нарсамизни олиб қўйишди худди қароқчилардек.

46 яшар тижоратчи Ирода Аҳмедова хавфсизлик ходимлари ҳожатхонага боришига рухсат беришдан олдин уни бошдан-оёқ текширганини айтди:

- Тўрт соатдан кейин олдига бориб дод солиб йиғладим. "Менинг буйрагим касал, ўзи лечение оламан Ҳиндистонда, операция ёзиб берган" дедим.

- Тўрт соатдан кейин олдига бориб дод солиб йиғладим. "Менинг буйрагим касал, ўзи лечение оламан Ҳиндистонда, операция ёзиб берган" дедим. Юзим қизариб кетганидан кейин, "аввал текширамиз кейин борасиз ҳожатхонага" дейишди ва алоҳида хонага олиб кириб, аёл ходимларга жинсий аъзоларимгача текширтириб, кейин қўйишди.

Деҳлига даволаниш учун бораётганини айтган Азиза Гаипова, авиахавфсизлик хонасида барча йўловчилар ва уларнинг юклари қайта текширувдан ўтказилганидан шикоят қилди.

"Ҳақ бўлсангиз қайтарилади..."

46 яшар тижоратчи Матлуба Эшмирзаевага кўра, 12 сентябрь тонгида самолётдан тушириб олинган барча йўловчилар иккита автобусдан Тошкентнинг Гвардейский кўчасидаги ДХХ ҳибсхонасига олиб кетилган ва уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида камераларда тонгга қадар ушлаб турилган.

38 яшар тижоратчи Дилором Эсанованинг қўшимча қилишича, Гвардейскийга келтирилган йўловчиларнинг барчаси 12 сентябрь, соат 22 га қадар сўроқ-жавоб қилинган.

Озодлик суҳбатлашган “челнок бизнеси” вакиллари ДХХ ходимлари хатти-ҳаракатлари қонунга зид эканини урғулашди.

Тижоратчиларнинг даъво қилишича, ДХХ ходимлари уларнинг мол-мулкини олиб қўяркан, расмий тартиб қоидаларга риоя қилмаган.

24 яшар тижоратчи Абдуназар Қаландаров улардан олиб қўйилган шахсий буюмлар қайтариладими- йўқми - ҳозиргача қоронғу қолаётганини айтди:

- Пакетга ўхшаган, қоғозли халтага солиб, паспортларни ҳам ичига солиб, ҳаммасини бирма-бир қадоқлаб чиқди. Тергов жараёнида "агар ҳақ бўлсангиз қайтарилади, ноҳақ бўлсангиз мусодара бўлади" деб айтишди.

Йўловчиларга кўра, ДХХ ходимлари орадан бир неча кун ўтган бўлса-да, на уларнинг шахсий буюмлари ва на паспортларини қайтарган.

Тижоратчилар ДХХ ходимларининг рейди туфайли уларнинг ҳар бири бир неча минг доллардан зарар кўрганини айтди.

Улар 16 сентябрь куни ДХХ ходимлари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, Ўзбекистон Президенти қабулхонаси, ДХХ раиси, Бош прокуратура ва Омбудсманга шикоят қилган.

"... фуқароларингиз сифатида конституцион эркинлигимизни ҳимоя қилишингизни ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришингизни сўраймиз" дейилади мактубда.

Комбинат олтинлари?

Озодлик Ўзбекистондаги энг ёпиқ ташкилот - Давлат Хавфсизлик Хизматидан изоҳ ололмади.

Тошкент аэропорти ходими Озодликка ҳақиқатан ҳам 39 нафар Ўзбекистон фуқароси 11 сентябрда Деҳлига парвоз қилган самолётдан тушириб қолдирилганини тасдиқлади.

Матбуотга гапириш ваколатига эга бўлмаган ходимнинг маълум қилишича, ДХХ ходимлари рейдига Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқилган қимматбаҳо металлар олиб чиқиб кетилаётгани ҳақидаги маълумот сабаб бўлган.

"ДХХда Навоий кон-металлургия комбинати олтинлари Тошкент аэропортидан олиб чиқилаётгани ҳақида тезкор маълумот келиб тушган. Гўёки йўловчилар сумкасида олиб ўтилиши керак бўлган экан. Текширув давом этаяпти" деди аэропорт ходими.

XS
SM
MD
LG