Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 03:06

Сардор Умурзоқов президент администрацияси раҳбарлигидан кетди. Янги тайинловлар кутилмоқда


Сардор Умурзоқов Ўзбекистон президенти администрациясининг раҳбари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Озодликнинг 16 август куни ўз манбаларига таяниб тарқатган хабарини 17 август куни Президент матбуот хизмати расман тасдиқлади.

Расмий хабарда айтилишича, Умурзоқов Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган.

Озодлик манбалари администрация раҳбари лавозими тугатилгани ва администрацияда тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганини айтмоқда.

Администрациянинг қолган мулозимлари, жумладан, раҳбар ўринбосари Комил Алламжонов ва президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёеваларнинг қандай лавозимга тайинлангани ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмади.

Озодлик манбалари Саида Мирзиёева янгиланган администрацияда муҳим лавозимни эгаллашини айтмоқда.

Ўтган йил июлидан буён президент администрациясига раҳбарлик қилиб келган Сардор Умурзоқов фақат тузилмавий ўзгаришлар боис лавозимдан четлатилганми ёки бунга унинг фаолиятидаги камчиликлар сабабми, маълум эмас.

Озодлик манбалари шу йил январида президент администрацияси раҳбари билан ҳукумат ўртасидаги келишмовчиликлар ҳақида айтишган.

44 яшар Сардор Умурзоқов ўтган йил 16 июлида Президент администрацияси раҳбари лавозимига тайинланганди.

Бунга қадар Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири бўлиб ишлаган Умурзоқов Қорақалпоғистондаги қонли намойишлар манзарасида ишдан бўшатилган Зайнилобиддин Низомиддинов ўрнини эгаллаган.

Британияда таҳсил олган Умурзоқов президент Мирзиёев битирувчиси бўлган Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш институтининг 2021 йилда вафот этган собиқ ректори, асли жиззахлик Ўктам Умурзоқовнинг ўғли. Тошкентда туғилган Умурзоқов отаси воситасида боғланган ришталар орқали Шавкат Мирзиёев ва оиласига яқинлиги айтилади.

Ғарбда таҳсил кўрган Умурзоқовнинг президент администрацияси раҳбари лавозимига тайинланиши айрим маҳаллий ва хорижий нашрларда “ислоҳотчилар командаси”нинг кучайтирилиши сифатида ҳам баҳоланган.

Аммо ўтган вақт мобайнида бошқарувда очиқлик ва шаффофлик томон ўзгариш кузатилгани йўқ. Конституцияда ваколатлари белгилаб қўйилмаган администрация ёпиқлигича қолди, таҳлилчилар бошқарувда эски усуллар янада бўртиб кўринаётгани ҳақида ёзишди.

OzodNazar: Мирзиёев маъмурияти янги бошлиғи Сардор Умурзоқов ҳокимларни йиғилишдан ҳайдади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:44:53 0:00

Умурзоқовнинг аввалига бир неча туман ҳокимини ишдан бўшатган селектори, кейин эса, шу йил январида мамлакатдаги энергетика инқирози авжида Тошкент вилояти энергетика мулозимини ҳукумат мажлисида қамоққа олиш ҳақида буйруқ бергани хорижий матбуотда Мирзиёевнинг янги Ўзбекистонида “авторитар одатлар” йўқолмаётгани ҳақидаги таҳлилларга сабаб бўлди.

OpenDemocracy манбаларига кўра, Сардор Умурзоқов ишдан бўшатиш, ҳибсга олиш ва тергов таҳдидлари билан кечган энергетик инқирозга нисбатан авторитар чораларда муҳим роль ўйнаган.

Нашр Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Брюс Панниернинг “ Умурзоқов президентнинг «ижрочи»си ролини ўз зиммасига олган кўринади, бу ролни Мирзиёев Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Ислом Каримов даврида бош вазир бўлганида ўйнаган эди”, деган сўзларини келтирган.

Озодликнинг Тошкент ҳукуматига яқин манбаларининг айтишича, Сардор Умурзоқов ўтган йил декабрида эълон қилинган маъмурий ислоҳотлар учун масъул бўлган. Ислоҳотлар пала-партиш бўлгани маҳаллий матбуотда ҳам танқид қилинган.

Озодлик суҳбатлашган ҳукуматдаги манбанинг айтишича, Сардор Умурзоқов Ташқи савдо вазири экан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик борасида музокараларни жадаллаштириш борасида президентдан топшириқ олган. “Шу йил бошидаги музокаралар чоғида ЖСТ вакиллари унинг ишидан норози бўлишган, Ташқи савдо вазирлиги етарли даражада ҳамкорлик қилмаганини музокаралар суст кечишига асосий сабаб қилиб келтиришган”, дейди манба.

Озодлик суҳбатлашган давлат матбуотидаги юқори мартабали мулозимлардан бири сўнгги пайтларда матбуот эркинлиги борасидаги орқага кетишлар, журналист ва блогерларнинг ҳибсга олиниши ва қамалиши билан боғлиқ ҳолатларни ҳам Умурзоқовнинг раҳбарлик даврида “авторитар тенденциялар”нинг кучайиши билан боғлади.

Президент Администрациясининг янги раҳбари Сардор Умурзоқов ким?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:12 0:00

Аммо Ўзбекистонда президент Мирзиёевнинг ислоҳот ваъдаларига қарамасдан экспертларга кўра, амалда авторитар бошқарув сақланиб қолмоқда ва президент ҳокимиятини жиловлаб турадиган институт мавжуд эмас.

Ўзбекистон Конституциясида ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмаган ва сайланмайдиган лавозим бўлган Президент администрацияси раҳбари амалда ҳукумат ва парламентнинг ҳар икки палатаси, шунингдек, суд ҳокимиятидан ҳам кўпроқ ваколатларга эга экани айтилади.

Форум

XS
SM
MD
LG