Линклар

Шошилинч хабар
25 феврал 2024, Тошкент вақти: 19:54

Сардоба сирлари: тўғон қуришда қатнашганларнинг 7 саволи


Сардоба сув тошқинида минглаб уй вайрон бўлган.
Сардоба сув тошқинида минглаб уй вайрон бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг К. Мирсафаев раислигида ўтган хуфя маҳкамаси 2020 йилнинг 1 май кунги Сардоба ўпирилишида айбланган 23 нафар судланувчини жазодан озод қилди.

Бу ҳақдаги шу йил 3 октябрдаги суд ҳукмини судланувчиларнинг бири Озодликка тақдим қилди.

Суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг талон-торожлик ва мансаб сохтакорлигида айбланган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли Гидротехник иншоотлар қуриш дирекциясининг 23 нафар ходими жазодан озод қилинган.

Суд ҳужжатида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 70-моддаси (Шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш) билан жазодан озод қилингани таъкидланади.

Адвокатларнинг таъкидича, суд махфий кўрилаётган иш тафсилотлари оммавий ахборот воситалари, хусусан, Озодликда ёритилиб, кенг жамоатчилик босимига учрагач, айбсиз айбдорларни жазолашдан тийилган.

Ҳолбуки, 12 сентябрь куни худди шу суд Сардоба сув омбори тошқинида айбланган 29 нафар шахсни озодликдан чеклаш ва йирик миқдордаги жарима билан жазоланганди.

Келтирилган зарар миқдорини судланувчиларга солидар тартибда қоплаш мажбуриятини юклаганди.

Сардоба фожиаси: Ёпиқ суддан кейин очиқ қолаётган саволлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:34 0:00

Иккинчи гуруҳ иши апелляция судида кўрилмоқда

29 нафар шахсдан иборат гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Олий судига апелляция тартибида шикоят қилди ва шу йилнинг 18 декабрь куни гуруҳга оид жиноят иши юқори инстанция судида кўрила бошлади.

“Олий суднинг 3 нафар судьяси дохил ҳайъат жиноят ишини апелляция босқичида кўрмоқда. Суд мажлислари учун Тошкент шаҳар суди биноси танланган. Бироқ тергов органи ўзи яратган сохта жиноят ишини ўтказишга уринмоқда.

Иш ҳали ҳам жамоатчиликдан бекитилиб, махфий тарзда кўрилмоқда. Судланувчиларнинг процессуал ҳуқуқлари яққол бузилмоқда” дейди маҳкама адвокатларидан бири.

Адвокатлар таъкидича, суд мажлислари очиқ бўлганида айбланаётган шахсларнинг жиноятларга мутлақо алоқаси йўқлигини жамоатчилик ўз кўзи билан кўрарди. Оммавий ахборот воситалари ҳукумат олдига кўплаб саволлар қўярди. Шунинг учун ҳам мазкур иш махфийлаштирилган аслида.

Сардоба ишидаги уч ёпиқ маҳкама

2021 йилнинг 10 май куни Сардоба техноген ҳодисаси бўйича илк жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилиб, унда 19 нафар шахсга нисбатан ҳукм ўқилгани ҳақида Бош прокуратуранинг матбуот хизмати хабар қилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 29 нафар шахсга нисбатан махфий тарзда кўрилган ва ҳукми 2022 йилнинг 12 сентябрида эълон қилинган жиноят иши Сардобадаги техноген фожиа бўйича иккинчи суд ишидир.

Шу йилнинг 3 октябрида 23 нафар судланувчига нисбатан жазодан озод қилиш ҳақидаги суд ҳукми учинчи ёпиқ маҳкамадир. Қизиғи, иккинчи ва учинчи гуруҳ ишчиларининг деярли барчаси “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси ишчиларидир. Бироқ уларнинг ярми жазога тортилди, ярми жазодан озод қилинди.

Судланувчиларнинг бир нафари — “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси собиқ раҳбари Маҳмуд Холматовгина 3 та ёпиқ маҳкамада ҳам жиноий гуруҳ раҳбари сифатида судланмоқда.

У Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукми билан узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Холматовнинг қариндошларига кўра, у қамоқда бўлган пайтда бир неча марта юрак хуружига учраган.

Холматов келтирилган моддий зарарни қоплаганига қарамай қамоқдан чиқарилмаяпти. Унинг турмуш ўртоғи ҳам саратон хасталигининг сўнгги босқичларини бошдан кечирмоқда.

Мазкур иш техноген фожиа оқибатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан 2020 йилнинг 1 май куни қўзғатилган жиноят ишининг алоҳида иш юритувига олинган қисми бўлиб, иш бўйича тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ДХХ Тергов бошқармаси томонидан 2 йил давомида олиб борилган.

Маҳкама саволлар уйғотмоқда

Судланувчилар уларнинг ҳимоячилари маҳкамада саволлар беришга уринмоқда. Озодлик суҳбатлашган адвокатлар ва бир қатор судланувчиларга кўра, маҳкама ҳозирча улар қўяётган саволларни тингламаяпти. Уларнинг саволлари суд мажлиси баённомаларига ёзилмаяпти.

Судланувчилар “техноген фожиада биз айбдор эканмиз, унда нега Сардоба сув омбори қурилиши тўлиқ битказилмасдан, давлат қабул қилиш комиссиясига иншоот тегишли тартибда топширилмасдан туриб, 2013 йилдан бошлаб сув йиғилди?” дейди.

Адвокатларга кўра, ДХХ тергов бошкармаси томонидан терговлар даврида мазкур асосий савол Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигидаги махсус Комиссияга берилмаган.

Судланувчиларнинг иддаосига кўра, “Сардоба” сув омбори қурилиши буюртмачиси – Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳатто тергов ишларига ҳам жалб қилинмаган.

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги экспертиза марказининг хулосаси (ишнинг 191-варағи) мавжуд бўлиб, унга кўра, ҳали тўғоннинг тўла қурилмагини исботланган.

“Амалдаги курилиш талабларига мос бўлмаган лойиҳа ишлаб чиқилиб, 2013 йил 80 миллион куб метр, 2014 йилда 300 миллион куб метр, 2015 йилда 420 миллион куб метр сув йиғиш ишлари амалга оширилди. Бу эса Сардоба сув омбори тўғони кўрсаткичларини ўзгартирди” дейди соҳадан яхши хабардор судланувчилар.

“Тўғон ўлчамларини ўзгартириш фақат Вазирлик ва Ҳукумат розилиги билан амалга оширилади (жиноят ишининг 7-жилд 8-варағи). Шошма-шошарлик билан қилинган билимсизларча хулоса тўғоннинг ПК6 қисми ўпирилишига олиб келди. Давлат ва жамоат манфаатларига 1.555 трлн. сўм миқдорида зарар етказди ва 6 нафар одам ўлди. Биз ҳатто тўғоннинг ўпирилган қисми қурилишида иштирок этмаганмиз” дейишмоқда судланувчилар.

Судланувчиларнинг хавотирига кўра, ҳозир ҳам «Сардоба” тўғони яна ўпирилиш ҳавфи остида қолмоқда. Чунки иншоотнинг хавфсизлигини кузатиб ва назорат қилиб турувчи аппаратуралар ҳозиргача ҳам ўрнатилмаган.

“Президент Мирзиёевнинг тўғон ўпирилишида айбдор шахсларнинг амали ва лавозимидан қатъий назар жазоланишини ҳақидаги ваъдалари бажарилмади. Судьялар эса ишни ДХХ органи олиб боргани учун маҳкама жараёнларида мум тишлаб ўтирибди” дейди маҳкамада иштирок этаётган судланувчилар бир овоздан.

Озодликка маълум бўлишича, тўғон қурилишида бош бўлган Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов “Ўзбекистон қаҳрамони” ордени, “Ўзбекгидроенерго” раҳбари Абдуғани Сангинов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи”, Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамроев “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор” ва Сув хўжалиги вазирлиги қошидаги УзГИП институти директори Умид Абдуллаев “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Аммо тўғон ўпирилгач, кейинчалик ҳам улар қўлга киритган бу давлат мукофотлари бекор қилинмади.

Форум

XS
SM
MD
LG