Линклар

Шошилинч хабар
23 май 2019, Тошкент вақти: 14:09

Менингит хавфи: касалга чалинган ўқувчи синфдошлари ва ўқитувчилари ёппасига эмланди


Тошкентдаги мактаблардан бирида “бир неча ўқувчи менингитга чалингани, летал ҳолат ҳам борлиги” тўғрисида “касалга чалинганларнинг” синфдоши онасидан келган хабарни мактаб директори қисман тасдиқлади. Директорга кўра, бир ўқувчининг менингитга чалингани рост ва у даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларига кўра, пойтахтдаги 1- юқумли касалликлар шифохонасида менингитга чалинганлар учун қўшимча жойлар ҳозирланган, инфекционист врачлар малакаси оширилмоқда.

Менингит хавфи: касалга чалинган ўқувчи синфдошлари ва ўқитувчилари ёппасига эмланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:19 0:00
Бевосита линк

Тошкентдаги ўқиш рус тилида олиб бориладиган умумтаълим мактабларидан бирининг директори 12 март куни Озодлик саволларига жавоб бераркан, 4-синфда ўқийдиган қиз менингитга чалинганини тасдиқлади. Айни пайтда директор қизнинг синфдоши онасидан олинган “менингитга чалинган ўқувчининг ўлгани”га оид информацияни кескин рад этди.

2387 ўқувчи ўқийдиган умумтаълим мактаб директорининг айтишича, 4-Ж синфида ўқийдиган қизнинг менингитга чалингани тўғрисида 6 март куни унинг отаси хабар қилган.

Директорнинг айтишича, касалга чалинган ўқувчи қизнинг отаси оиласи ёппасига: ўзи, хотини ва уч қизи касалга чалинганини айтган.

“4-синф ўқувчиси менингитга чалинганини 6 март куни билишимиз биланоқ врачлар келиб, қизнинг синфдошлари ва ўқитувчилари – ҳаммаси бўлиб 55 кишидан анализ олди, ҳаммаси менингитга қарши эмланди, анализлар яхши чиқди, ваҳимага ўрин йўқ”, - деди мактаб директори.

Менингитга чалинган қиз синфдошининг онаси ўз хатида касалга қарши эм нархи 347 минг сўм эканлиги, бундай чиқимни ота-оналар кўтара олмаслигини ёзди.

Мактаб директорининг айтишича, 55 ўқувчи ва ўқитувчини эмлаш (1 та эм 330 минг сўм) давлат ҳисобидан амалга оширилган.

4-синф ўқувчиси менингитга чалингани маълум бўлган кун - 6 март арафасида O’zbekiston24 телеканали эфирга узатган сюжетда Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим мудири Дилфуза Расулова менингит касаллиги тўғрисида тушунча бераркан, бундай деган:

Менингит юқумли касаллик бўлиб, асосан ҳаво-томчи йўли билан юқади. Бемор йўталган ёки аксирганда вируслар 1 метр нарида турган одамга юқиши мумкин”.

Мутахассиснинг айтишича, одамлар гавжум бўладиган жойларда, хусусан, ўқув юртларида касаллик тарқалиб кетиш хавфи кучлидир, менингококк инфекцияси тарқалиш хавфи қиш-баҳор мавсумида баланд бўлади, оддий шамоллаш ҳам касаллик белгиси бўлиши мумкин.

Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим мудири Дилфуза Расулованинг билдиришича, менингит эпидемиясининг олдини олиш тадбирлари белгиланган.

“Бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан ушбу касалликнинг олдини олиш ва эпидемияга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар асосида Тошкент шаҳридаги 1- юқумли касалликлар шифохонасида менингитга чалинганлар учун қўшимча жойлар ҳозирланган, беморларни даволаш учун дори воситалари етарли, инфекционист врачлар малакаси оширилмоқда”.

Озодлик 12 март куни Тошкентдаги 1- юқумли касалликлар шифохонаси бўлим бошлиғи, инфекционист врач Абдулазиз Абдураҳмонов билан боғланиб, менингит билан боғлиқ вазият ҳақида, шу кунгача қанча бемор ётқизилгани тўғрисида сўради. Врач бу саволларга жавоб беролмаслигини, бунинг учун вазирлик изни кераклигини айтиш билан чекланди.

Менингит билан боғлиқ вазиятга доир рақамлар O’zbekiston24 телеканалининг 5 март кунги сюжетида ҳам келтирилмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Даракчи нашри 6 мартда Тошкентдаги мактаблардан бирининг 7- синф ўқувчиси менингитга чалингани, унинг синфдошлари мактабнинг бошқа синфлари ўқувчилари билан алоқага киришмайдиган тарзда алоҳида хонада ўқитилаётгани тўғрисида хабар қилди.

Шундай қилиб, Озодлик бугун ўрганган ҳолат Тошкентда мактаб ўқувчилари менингитга чалиниши қайд этилгани журналистларга маълум бўлган иккинчи ҳолатдир.

XS
SM
MD
LG