Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:19

Трамп бош прокурор Салли Йетсни ишдан олди


Салли Йетс президент Дональд Трамп томонидан ишдан олингунига қадар адлия вазири ва бош прокурор вазифасини бажариб келган.
Салли Йетс президент Дональд Трамп томонидан ишдан олингунига қадар адлия вазири ва бош прокурор вазифасини бажариб келган.

Президент Трамп 7 мусулмон давлатидан келган қочқинлар ва ватандошларни АҚШга киритмаслик тўғрисидаги қарорни судларда ҳимоя қилишдан бош тортгани учун адлия вазири ва бош прокурор Салли Йетсни ишдан бўшатди.

Барак Обама томонидан бу лавозимга тайинланган Йетс Сенат янги адлия вазирини лавозимга тасдиқлагунига қадар адлия вазири ва бош прокурор вазифасини бажариб келаётган эди.

Йетс душанба куни ўз ходимларига президентнинг мусулмон давлатидан келган одамларни АҚШга киритмаслик тўғрисидаги қарорини мамлакат конституциясига зид келувчи кўрсатма сифатида баҳолаб, уни судларда ҳимоя қилмаслик тўғрисида кўрсатма берганини билдирган.

“Айни дамда мени ижроия фармонининг қонунийлигига амин бўлолмадим”, деб ёзганди Йетс вазирлик мулозимларига йўллаган меморандумида.

Трамп адлия вазирининг бу буйруғини “хиёнат”, дея баҳолади.

Оқ уй баёнотида Обама маъмурияти томонидан тайинланган Йетс хоним “чегара масалалари бўйича заиф позицияга, ноқонуний иммиграция бўйича эса жуда заиф позицияга эга” мулозим ўлароқ баҳоланади.

Президент Трамп Салли Йетснинг ўрнига адлия вазири ва бош прокурор вазифасини бажарувчи этиб аввал Виржиния штати Шарқий округи прокурори лавозимида ишлаган 62 ёшли Дана Боэнтени тайинлади. У бу вазифани Трамп томонидан адлия вазири лавозимига кўрсатилган Жефф Сешнс номзоди Сенат томонидан тасдиқлангунича бажариб туради.

- Мен [Салли Йетснинг] буйруғини бекор қиламан ҳамда хизмат бурчимизни бажариш ва президентимизнинг қонуний буйруқлариниҳимоя қилиш ҳақида кўрсатма бераман, - дея баёнот берди Дана Боэнте.

Аввалроқ АҚШда бир қатор федерал судлар Трамп қарорининг айрим моддаларини, жумладан, қочқинларни ватанларига депортация қилиш тўғрисидаги бандларни амал қилишини тўхтатиб қўйган эди.

Президент Барак Обама собиқ президент ўзидан кейин президент бўлган шахсни танқид қилмаслиги анъанасига тўғри келмаса-да, душанба куни Трамп кескин танқид қилинган баёнотни тарқатди.

Обама ўз баёнотида Трампнинг кўрсатмасига қарши эканини айтиб, Америка аэропортларидаги норозилик намойишлари иштирокчиларини қўллаб-қувватлади.

“Одамларни эътиқодига қараб камситиш мен учун қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир”, деб билдирди Барак Обама.

Айни пайтда Вашингтон штати бош прокурори Боб Фергюсон АҚШ президенти Дональд Трампга нисбатан ариза билан Федерал судга мурожаат қилишини билдирди.

У Трамнинг мусулмон давлатларидан келаётган қочқинларни мамлакатга киритишни ҳамда уларга виза беришни тақиқловчи қарор ноқонуний, деб топилишини талаб қилмоқда.

Дональд Трамп 27 январда имзолаган қарорга мувофиқ, АҚШнинг қочқинлар дастури 120 кунга тўхтатилди. Шунингдек, Эрон, Ироқ, Ливия, Сурия, Сомали, Судан ва Яман каби 7 мусулмон давлатлари ватандошларига виза бериш 90 кунга тақиқланди.

Трампнинг бу қарорига қарши жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Америкада ҳам норозлик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

XS
SM
MD
LG