Қирғизистон президенти Садир Жапаров навбатдаги президентлик сайловида иштирок этиб, иккинчи муддатга ўз номзодини қўйиш ниятида эканини айтди. Бу ҳақда у 13 август куни журналист Али Токтакуновга берган интервьюсида маълум қилди.
Жапаров сайловда барча хоҳловчилар иштирок этиши мумкинлиги ва бошқа номзодларга ҳеч қандай чеклов бўлмаслигини таъкидлади.
«Мен яна бир муддатга ўз номзодимни қўйиб, ишимни давом эттириш ниятидаман. Яна ким сайловда қатнашишни истаса, номзодини қўяверсин. Ҳеч кимни чекламаймиз», — деди Жапаров.
Аввалроқ Қирғизистон Конституциявий суди Садир Жапаровнинг амалдаги олти йиллик президентлик муддатини унинг биринчи муддати деб эътироф этган ва 2027 йилги сайловда иккинчи муддатга номзодини қўйиш ҳуқуқини тасдиқлаган.
Навбатдаги президентлик сайлови мамлакатда 2027 йил 27 январда ўтказилиши керак.
Садир Жапаров 2021 йил 10 январда бўлиб ўтган муддатидан олдинги президентлик сайловида Қирғизистон президенти этиб сайланган. Республика Марказий сайлов комиссиясининг расмий маълумотларига кўра, у ўшанда сайловчиларнинг 79,2 фоиз овозини олган. Инаугурация 2021 йил 28 январда бўлиб ўтган.
Жапаров интервью давомида Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиевни ўз вориси сифатида кўргани ва дастлаб 2027 йилда иккинчи муддатга номзодини қўймасликни режалаштирганини ҳам айтди.
«Менда олти йил бошқариш, 2027 йилда сайловга ўзим чиқмаслик, агар у тайёр бўлса, тажриба орттирса, яхши ишлай бошласа, Қамчини президент қилиб, ўзим дам олишга кетиш режаси бор эди. 2027 йил январда сайлов бўлиши керак. Бу ҳақда унга 2–3 йил олдин айтганман», — деди Садир Жапаров.
Президентнинг айтишича, вақт ўтиши билан у Ташиевнинг атрофидаги одамлар ва унинг ходимлари хатти-ҳаракатларида муаммоларни кўра бошлаган.
Жапаров Ташиев ҳали ҳам унинг дўсти эканини, аммо уни давлат лавозимларига қайтариш режаси йўқлигини билдирди.
Ташиевнинг ўзи июль ойида 2027 йилги президентлик сайловида иштирок этмаслигини ва амалдаги президентни қўллаб-қувватлашини айтган эди.
10 февраль куни Садир Жапаров Қамчибек Ташиевни Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари ва Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимларидан озод этган.
Апрель ойида Қирғизистон махсус хизматларининг собиқ раҳбари жиноят иши фигурантига айланди. Унга ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш айбловлари қўйилди. Иш собиқ юқори лавозимли амалдорлар, депутатлар ва жамоат арбобларидан иборат гуруҳнинг Садир Жапаровдан мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказишни сўраган мурожаати билан боғлиқ эди. Кейинчалик у «75лар мактуби» деб аталди.
Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2 июль куни Қамчибек Ташиевни айбдор деб топиб, мол-мулкини мусодара қилган ҳолда тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бироқ суд уни жазони ўташдан озод қилиб, уч йиллик пробация назоратини белгилади. Суд унинг мол-мулкини давлат даромадига ўтказиш ҳақида ҳам қарор чиқарди. Ушбу иш бўйича собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев, Жогорку Кенешнинг собиқ спикери Нурланбек Тургунбек уулу ва мактубни имзолаган яна беш киши ҳам судланди.
3 август куни прокуратура ҳукм устидан Бишкек шаҳар судига апелляция бериб, Қирғизистон ДМХҚ собиқ раҳбари Ташиевга реал қамоқ жазоси тайинлашни сўради. 10 августдаги суд мажлисида адвокатлар прокуратуранинг апелляция тақдимномаси билан танишиб чиқиш учун вақт сўради. Судья бу илтимосномани қаноатлантирди.