Линклар

Шошилинч хабар
21 август 2025, Тошкент вақти: 21:31

Россия Украинага қарши кўплаб ҳужумлар уюштирди


21 август куни Украинадаги Львов шаҳри четида жойлашган Скнилив қишлоғига Россия ракета ҳужуми содир бўлди. Ҳодиса жойида ёнғин ўчирувчилар иш олиб борди.
21 август куни Украинадаги Львов шаҳри четида жойлашган Скнилив қишлоғига Россия ракета ҳужуми содир бўлди. Ҳодиса жойида ёнғин ўчирувчилар иш олиб борди.

Россия қўшинлари 21 августга ўтар кечаси Украинага кенг кўламли ҳаво ҳужуми уюштирди. Украина расмийларига кўра, бу — шу ойдаги энг йирик ҳужум ҳисобланади.

Ҳужумлардан бир неча кун олдин АҚШ президенти Доналд Трамп Украина раҳбари Владимир Зеленский ва Европа етакчиларини тинчлик музокараларини жадаллаштириш мақсадида қабул қилган эди.

Кечки ҳужумлардан кейин Зеленский агар Россия президенти Владимир Путин унинг билан тўғридан-тўғри учрашишдан бош тортса, Вашингтондан “қатъий жавоб” кутaётганини билдирди. У шунингдек, Ғарб хавфсизлик кафолатлари режаси 7–10 кун ичида тайёр бўлишини талаб қилди.

Украина Ҳаво кучлари маълумотича, Россия турли ҳудудларга 574 та дрон ва 40 та ракета йўллаган. Бу ҳужумлар натижасида тинч аҳоли орасида қурбонлар бор, турар-жойлар ва инфратузилмага катта зарар етган.

Закарпатия вилоятининг Мукачево шаҳрида, Украина ғарбий чегараси яқинида жойлашган АҚШга тегишли ишлаб чиқариш корхонаси ҳам зарбалардан жабрланди.

Russia Targets Western Ukraine In Massive Overnight Strikes Russia Targets Western Ukraine In Massive Overnight Strikes
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха таъкидлашича, Мукачевода амалга оширилган ҳужум жиддий талофот ва қурбонларга олиб келган ҳамда “урушни тугатиш бўйича барча саъй-ҳаракатларга зиддир”.

“Бу мудофаа ёки армия билан ҳеч қандай алоқаси йўқ, тўлиқ фуқаролик корхонаси”, — деди у ва Россия қўшинлари Украинадаги америкалик компанияларни биринчи марта ҳадаф қилмаётганини эслатди. Сибиха жорий йил бошида Киевдаги Boeing офислари ҳам зарбага учраганини қайд этди.

Закарпаття вилояти ҳокими Мирослав Билецкийнинг маълум қилишича, Мукачеводаги завод асосан маиший товарлар ишлаб чиқарадиган фуқаролик корхонаси бўлиб, у икки та “Калибр” ракета зарбасига учраган. Бу зарбалар 7 минг квадрат метр майдонда ёнғин чиқишига сабаб бўлган.

Россия расмийлари фуқаролик объектларини қасддан ҳадаф қилмаётганини иддао қилса-да, унинг зарбалари доимий равишда уй-жойлар, шифохоналар, мактаблар ва энергия инфратузилмасини вайрон қилмоқда.

18 август куни Вашингтонда ўтган музокаралар якунида Путин ва Зеленский ўртасида юзма-юз учрашув ўтказиш таклифи илгари сурилди. Шу билан бирга, Украина учун урушдан кейинги хавфсизлик кафолатлари режаси ишлаб чиқилишига келишилди. Бу жараёнга Европа давлатлари етакчилик қилади, АҚШ эса тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Шундан сўнг АҚШ ва Европа ҳарбий стратеглари хавфсизлик пакетининг умумий шаклини муҳокама қилишни бошлади. Якуний қарор эса сиёсий раҳбарлар томонидан қабул қилиниши кутилмоқда.

21 август куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европа қўшинларининг Украинада жойлаштирилишини “мутлақо қабул қилинмас” деб атади ва буни “Украинанинг айрим ҳудудларига хорижий аралашув” сифатида баҳолади. Бир кун аввал эса у Украина хавфсизлиги масаласи Россия иштирокисиз муҳокама қилина олмаслигини урғулаган эди.


Путин ва Зеленский учрашиши мумкинми?


Лавровнинг сўзларига кўра, Путин бир неча бор Зеленский билан учрашишга тайёрлигини билдирган. Бироқ, бундай учрашувдан олдин ечимини топиши зарур бўлган қатор масалалар бор

“Албатта, умид қиламанки, агар келажакдаги келишувларни имзолаш масаласига етсак, Украина томонидан имзо қўядиган шахснинг легитимлиги ҳал этилади”, — деди Лавров.

Путин уруш сабабли Украинада сайловларнинг кечиктирилганини асос қилиб, Зеленскийнинг легитимлигини шубҳа остига қўймоқда.

Зеленский эса 21 август куни АҚШ президенти Доналд Трамп иштирокида уч томонлама учрашув ўтказиш нияти борлигини билдирди.

“Биз 7–10 кун ичида хавфсизлик кафолатлари архитектураси бўйича аниқ концепцияга эга бўлишни истаймиз. Шу асосда уч томонлама учрашув ташкил этиш ниятимиз бор”, — деди у.

“Агар россияликлар тайёр бўлмаса, АҚШдан қатъий реакция кутамиз”, — дея Зеленский алоҳида урғу берди.

XS
SM
MD
LG