Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:05

Россиядан пул ўтказмалари ошди. Марказий банк рублнинг сўмга босимини рад этмоқда


Ўзбекистон Марказий банки.
Ўзбекистон Марказий банки.

Ўзбекистон Марказий банки Ғарб санкциялари фонида ўзбек сўми Россия рублининг босими остида қолгани, мамлакатга Россиядан катта миқдорда рубл кириб, доллар олиб чиқиб кетилаётгани ҳақидаги хавотирларни рад этди.

Марказий банк бошқаруви 21 июлдаги йиғилишида асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз этиб белгиланди.

МБ йиғилишида Ўзбекистонга хорижий пул ўтказмалари сезиларли даражада ўсгани қайд этилган. Ўсишнинг қарийб 95 фоизини Россиядан келадиган пул ўтказмалари ташкил қилган.

Сўнгги ойларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга Россиядан рубль олиб кириб, катта миқдорда доллар олиб чиқиб кетиш кучайгани борасида хавотирлар янграмоқда. МБ бу ҳолатни рад этган. Қайд этилишича, олти ойда трансчегаравий маблағнинг 199 млн доллар қисми рублда юборилган ва унинг 87 фоизи сўмда олинган.

Хориждан келаётган валютанинг 5,6 млрд доллар қисми ички бозорда сотилган. Регуляторга кўра, бу рақам пул ўтказмаларининг норасмий каналлари қисқараётганини англатади, негаки Россиядаги чекловлар мигрантларни нақд валютани расмий канал орқали юборишга ундаётир.

Россиянинг Украинага босқини Ўзбекистонда норезидентларнинг ҳисоб-рақамлари сони ошишига ҳам сабаб бўлган. Жумладан, биринчи ярим йилда норезидентлар ҳисоб рақамлари 169 мингтага етган. Уларнинг асосий қисми Россия, Украина ва Беларусдан вақтинчалик кўчиб келганлар улушига тўғри келмоқда.

Айрим қўшни мамлакатларда валюта чеклови жорий қилиниши билан чегара олди ҳудудларида валютага талаб ошишига хатарни кўрмаяпмиз. Бундай ҳолатлар учун чеклов жорий қилишдан маъно йўқ, деб ҳисоблайди МБ.

"Рамзий" рақамлар

Йиғилишда июнь ойида инфляция суръати 12,2 фоизга етгани, бу кўрсаткичнинг ўсишига импорт инфляцияси, товарларни етказиб бериш ва логистикасида юзага келаётган муаммолар, ғалла етиштириш ва сотиш нархининг эркинлаштирилиши сабаб бўлгани қайд этилган.

МБ озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 16,5 фоизга, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматлар 10,7 ҳамда 6,8 фоизга қимматлаганини ҳам тан олган.

“Бу ўз навбатида, умумий инфляциянинг пасайиб боришида озиқ-овқат нархларининг барқарорлашувига асосий эътиборни қаратишни тақозо этади”, дейилади расмий хабарда.
Пировардида, инфляцияни 2023 йилда 5 фоизга тушириш таргети 2024 йилга кўчирилган.

Ўзбекистон Молия вазирининг собиқ ўринбосари, иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров асосий ставканинг пасайтирилиши нечоғли тўғри бўлганини савол остига олди.

“Марказий банк барча давлат институтлари каби март ойида жуда “қизишиб кетгани” ва асосий ставкани 17% кўтариб, алмашув курсини бекорга кескин туширганини ҳеч тан олгиси келмайди. Лекин иқтисодиёт бўйнига пичоқ тортилиб, 3 йил давомида қон шариллаб оқиб кетиб бўлган. Асосий ставкани бундай рамзий даражада тушириш шундай кескин ўсаётган давлат бюджети, унинг самарасиз структураси, катта давлат қарзи ва тескари стимул бераётган фискал-солиқ сиёсати фонида ҳеч қандай ижобий натижа бермайди”, деб ёзади А.Абдуқодиров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Таъкидланишича, 2023 йил бюджетида давлат харажати камайтирилиб, инвестицион ва субсидия чиқимлари олиб ташланса, умумий солиқ массаси 10 фоизга камайтирилса ва асосий ставка 12 фоизга тушсагина, иқтисодиётда ўнгланиш рўй бериши мумкин.

Телеграмдаги “Mirkonomika” канали муаллифи, иқтисодчи Миркомил Холбоев ҳам сўнгги вақтларда инфляция жадал суръатда ўсиб бораётганига эътибор қаратди.

Унинг фикрича, ҳозирги инфляцион босимларни асосий ставкани ошириш ёки юқори ушлаб туриш орқали пасайтиришга уриниш самарасиз.

"Сабаби, инфляцион босимнинг асосий сабаби монетар бўлмаган ҳамда ташқи омиллар билан боғлиқ. Шу сабабли ҳозирги даврда инфляциянинг ошишига монетар инструментлар билан курашиш катта эҳтимол билан самара бермайди”, деб ёзади иқтисодчи.

XS
SM
MD
LG