Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:49

Россиянинг АҚШга жавоби эълон қилинди: Москва ўз талаблари бажарилишини қистамоқда


Россия ТИВ биноси
Россия ТИВ биноси

Россия Ташқи ишлар вазирлиги 17 февраль, пайшанба куни Қўшма Штатларнинг хавфсизлик кафолатларига доир таклифларини АҚШнинг Москвадаги элчиси Жон Салливанга топширди – бу таклифлар, ўз навбатида, Россиянинг талабларига жавоб тариқасида йўлланган эди.

ТАСС агентлиги Россиянинг жавоби тўлиқ матнини эълон қилди. АҚШнинг жавоби кенг жамоатчиликка очиқлашга мўлжалланмаган, бироқ Испаниянинг El Pais нашри унинг матнини қўлга киритиб, чоп этганди.

Россияга оид ҳужжатда “Америка томони Россия тарафидан ишлаб чиқилган хавфсизлик кафолатлари бўйича АҚШ билан имзоланадиган шартнома лойиҳасининг базавий элементларига конструктив жавоб бермаган”лиги ҳақида сўз боради.

Россия лойиҳада, хусусан, НАТОни кенгайтиришдан воз кечиш ҳамда “альянснинг ҳарбий салоҳияти, жумладан зарба бериш потенциали ва инфратузилмаларини 1997 йилги ҳолатга қайтариш” талабини қўйган эди.

Ҳужжатда айтилишича, “Россия бунга, жумладан ҳарбий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш йўли билан ўз муносабатини билдиришга мажбур бўлади”. Ҳарбий техник чоралар деганда нималар назарда тутилаётгани очиқланмаган.

ТИВ баёнотига кўра, Россия Украина ҳудудига бостириб киришга ҳозирлик кўраётгани йўқ, Ғарб мамлакатларининг бу хусусдаги даъволари эса “Россиянинг хавфсизлик кафолатларига доир таклифларини қадрсизлантириш”га уринишдир.

Шунингдек, Россия ТИВ ўз баёнотида Қримнинг аннексия қилинишини оқлаб, Владимир Путиннинг “Украина НАТОга аъзо бўлган тақдирда Қримни деб альянс ва Россия ўртасида уруш чиқиши хавфи юзага келади” мазмунли иддаоларини такрорлаган.

“Украина теварагидаги вазият деэскалация қилиниши учун қуйидаги ишлар бажарилиши принципиал муҳимдир: бу Киевни комплекс чора-тадбирларни бажаришга мажбур этиш (гап Донбассдаги можарони тартибга солишга доир Минск битимлари ҳақида бормоқда – Таҳр.), Украинага қурол-аслаҳа етказиб беришни тўхтатиш, у ердан ғарблик барча маслаҳатчи ва йўриқчиларни чақириб олиш, НАТО мамлакатларининг Украина қуролли кучлари билан ҳар қандай шаклда қўшма машқлар ўтказишдан воз кечиши ва муқаддам Киевга етказиб берилган барча чет эл қурол-аслаҳаларини Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетишдир”, деб ёзган Россия ТИВ.

Россия, шунингдек, АҚШнинг Марказий-Шарқий Европа, Жануби-Шарқий Европа ҳамда Болтиқбўйига жойлаштирилган барча қуролли кучлари ва қуролларини олиб чиқиб кетишга ундамоқда.

Ҳужжатда Россия АҚШнинг қатор таклифлари, жумладан, ўртача ва қисқа масофага учадиган ракеталарга оид таклифни муҳокама қилишга тайёрлиги билдирилган. Бироқ жавоб матни мазмунидан Москва ўз талабларида қаттиқ туриб олгани англашилади, яъни, унинг фикрича, ҳар қандай музокаралар НАТОни кенгайтиришдан воз кечиш ва бошқа хавфсизлик кафолатларидан келиб чиққан ҳолда юритилиши лозим.

АҚШ ва иттифоқчилари Россия жавобига муносабат билдиришганича йўқ.

XS
SM
MD
LG