Линклар

Шошилинч хабар
17 май 2024, Тошкент вақти: 18:47

Россия ва Хитойнинг Марказий Осиё чегаралари яқинида ҳарбий машқлар бошлагани нимадан дарак?


Хитой танклари Россиянинг Чита шаҳрида тақрибан 250 километр нарида ўтказилган "Шарқ-2018" ҳарбий машғулотлари чоғида
Хитой танклари Россиянинг Чита шаҳрида тақрибан 250 километр нарида ўтказилган "Шарқ-2018" ҳарбий машғулотлари чоғида

Хитой ва Россия қўшинлари 9 август куни Хитойнинг шимоли-ғарбида беш кунлик ҳарбий машқларни бошлади. Мазкур манёврлар Пекин ва Москва алоқалари чуқурлашаётгани намойишидир. Расман ушбу машқлар Марказий Осиёда вазият беқарорлашуви эҳтимолига қарши, шунингдек, АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция қўшинлари олиб чиқиб кетилаётган Афғонистон масаласида ҳамкорлик қилиш мақсадида ўтказилмоқда.

Хитой шимоли-ғарбида жойлашган Нинся-Хуэй мухтор туманида ўтказилаётган “Ғарб/Ҳамкорлик-2021” машқларида Хитой ва Россиянинг 10 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси иштирок этмоқда. Манёврларга кўп сонли учоқлар, қурол тизимлари ва транспорт воситалари жалб қилинган.

Ҳарбий машқлар Қўшма Штатлар раҳбарлигидаги коалиция Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиши билан баробар равишда толиблар ва ҳукумат кучлари ўртасида ҳарбий ҳаракатлар фаоллашиб, бутун минтақада хавфсизлик билан боғлиқ вазият ўзгаргани манзарасида кечаётир.

Ушбу машқлар – жорий йил бошидан бери Пекин ва Москва иштирокидаги ҳисоб бўйича тўртинчи ва Хитой ҳудудида ўтказилаётган биринчи қўшма машқлардир. Манёврлар қўшни Марказий Осиё давлатларида барқарорликни таъминлашга қаратилгани айтилмоқда. Иккала давлат ҳарбий соҳада ҳамкорликни ривожлантираётганини кўрсатишга интилади.

“Бу машқлар икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий алоқалар мустаҳкамланишининг табиий давомидир, аммо Афғонистондаги вазият ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқади. Икки томон ҳам жангариларнинг Марказий Осиёга кириб олиши эҳтимолидан ва бунинг натижасида минтақада вужудга келиши мумкин бўлган хавфсизликка доир муаммолардан ташвишга тушмоқда”, деган Озодлик радиосига берган изоҳида Шанхайдаги Шарқий Хитой педагогика университетининг Россияга оид тадқиқотлар маркази доценти Чжан Синь.

Хитой Мудофаа вазирлиги расмий вакили У Цинь 5 августдаги баёнотида машқларни ўтказишдан “ҳамкорликни мустаҳкамлаш” ва терроризмга қарши курашга алоҳида эътибор берган ҳолда “минтақада тинчлик ва хавфсизликни дастаклаш” ҳамда биргаликда разведка ишларини олиб бориш, хавфдан барвақт огоҳлантириш, бирга зарба беришни пухта ўзлаштириш, электрон ва ахборот ҳужумларини даф қилиш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун умумий қўмондонлик марказини ташкил қилиш каби мақсадлар кўзланганини маълум қилди.

Хитой ва Россия ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда тобора қалинлашмоқда. Иккала ўйинчи ҳам Қўшма Штатларни хушламайди ва Марказий ва Жанубий Осиё борасида ўхшаш стратегик манфаатларга эга.

Пекин ҳам, Москва ҳам халқаро муаммоларни биргаликда ҳал қилишга шайлик борасида ўсганини кўрсатиб келади, Марказий Осиё ва Афғонистон хавфсизлигига бағишланган мазкур ҳарбий машқлар эса ушбу жадаллашаётган динамиканинг охирги намойишидир.

Бироқ, Чжан Синга кўра, ҳарбий алоқалар кенгаяётган ва мамлакатлар ҳамкорликнинг янги воситаларини топаётган бўлса-да, Хитой ва Россия "анъанавий маънодаги ҳарбий иттифоқ" тузишга интилмаяпти.

“Бу каби машқлар тўла миқёсдаги иттифоқ тузмаган ҳолда икки мамлакат қуролли кучлари ўртасида ёпиқ, аммо ўзгарувчан ҳамкорлик олиб боришга интилиш мавжудлигини кўрсатади”, дейди Чжан.

Пекин ва Москва: ривожланаётган алоқалар

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият Хитой ва Россия сиёсий ва ҳарбий етакчилари эътиборини тортишда давом этиб, улар ҳамкорлик учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу орада бошқа бир неча соҳада ҳам икки томонлама алоқалар кенгаймоқда.

Россия-Хитой ҳамкорлиги 2014 йилда, Москва Қримни ишғол қилганидан сўнг Ғарб мамлакатлари санкцияларига нишон бўлган пайтда фаоллашган эди.

Ўшандан бери Пекин ва Москва савдо, юксак технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш ҳисобига ўзаро янада яқинлашди, халқаро майдонда бир-бирини дастаклашни кучайтирди – бу айниқса COVID-19 пандемияси даврида яққол кўзга ташланмоқда.

Июнь ойида томонлар 20 йил муқаддам имзоланган яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Хитой-Россия шартномаси муддатини узайтиришди.

Хитой лидери Си Цзинпин (ўнгда) ва Россия президенти Владимир Путин 2021 йил 28 июнида бўлиб ўтган видеоконференция чоғида
Хитой лидери Си Цзинпин (ўнгда) ва Россия президенти Владимир Путин 2021 йил 28 июнида бўлиб ўтган видеоконференция чоғида

Ҳарбий алоқалар ҳам диққат марказидан кўчгани йўқ.

Хитой ва Россия қуролли кучлари 2005 йилдан бери мунтазам равишда у ёки бу шаклда – икки томонлама асосларда ёки кўп томонлама ташкилот орқали қўшма машқлар ўтказиб келмоқда. Манёврлар кенгайиб, кейинги пайтларда қўшма ҳарбий-денгиз машқларини ҳам ўз ичига олди.

2018 йилдан эътиборан Пекин ва Москва анча кенгроқ кўламли машқларга ўтиб, биргаликда ҳаракат қилиш учун юқори даражадаги қўмондонлар етиштиришга кўпроқ аҳамият бера бошлади. Жорий йилда юқори даражадаги машқлар Россияда бўлиб ўтди.

Бироқ ҳарбий-сиёсий алоқалар илиқлашганига қарамай, таҳлилчилар бунақа ҳамкорликнинг чек-чегараси мавжудлигини таъкидлашади.

Москвадаги Карнеги маркази катта илмий ходими Александр Габуевнинг Озодликка айтишича, томонлардан ҳеч бири “бошқа томоннинг ўз манфаатлари мавжуд курашга” қўшилиши мумкин бўлган альянсга киришни хоҳламайди. Эксперт бу фикрини Хитойнинг Украинага нисбатан ва Россиянинг Тайванга нисбатан тутуми билан далиллайди.

“Улар бир-бири билан жанжаллашиб қолмасликка ҳаракат қилишади ва ўзаро низолашгандан кўра умумий манфаатларда яқинлашув нуқталарини топишади. Хитой билан Россия ўта прагматик давлатлар бўлиб, Қўшма Штатларга қарши чиқишади, айни чоғда, иккала мамлакат ҳам ўзини буюк деб билади ва стратегик автономлигига ишонади”, деб урғулаган Габуев.

Янги консенсус

“Ғарб/Ҳамкорлик-2021” машқларидан сўнг россиялик ҳарбийлар ва Хитой Халқ-озодлик армияси сентябрь ойида Пекин ҳамда Россия раҳбарлик қиладиган Евроосиё хавфсизлик блоки – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) шафелигида ўтказиладиган манёврларда иштирок этади.

Хитойда бўлиб ўтган машқлар каби ШҲТ манёврлари ҳам аксилтеррор мазмунга эга.

Хитой ва Россиядан ташқари Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳам аъзо бўлмиш ШҲТ Пекин учун Евроосиё хавфсизлиги соҳасида алоқаларни мустаҳкамлаш воситаси бўлиб хизмат қилди ва бу алоқалар АҚШнинг Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши манзарасида муқаррар фаоллашажак.

Россия аввалдан Марказий Осиё мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга ўз таъсир ҳудуди сифатида қараган, бироқ Пекиннинг ҳукмрон иқтисодий қудрат касб этиши минтақадаги динамикани ўзгартириб юборди.

“Сўнгги йилларда Хитой ва Россия Марказий Осиёдаги ўз манфаатлари ўртасида, “Россиянинг ҳарбий қудратию Хитойнинг ҳамёни орасида” мувозанатни топишга интилди”, деган Озодликка “Riddle Russia” онлайн-журнали директори Антон Барбашин.

Бироқ, унинг айтишича, ушбу “консенсус ўн йил бурунгидек мустаҳкам эмас”. Афғонистондаги вазият ривожи ва унинг Марказий Осиё учун оқибатлари Хитой ва Россиянинг минтақадаги хавфсизлик соҳасига оид бўлғуси ҳамкорлиги конфигурациялари шаклланишида муҳим рол ўйнайди, деб ишонади Барбашин.

“Биз айни пайтда Афғонистонда Хитой, Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги хавфсизлик соҳаси бўйича кенг ҳамкорликнинг ибтидосини кўриб турган бўлсак, ажаб эмас, – дея изоҳ берди Барбашин. – Мазкур жараённинг қай йўсин ривожланишига қараб, ШҲТ Афғонистондан бўлажак муқаррар таҳдидларни тўхтатишга қодир реал ташкилотми ёки йўқ эканига баҳо бериш мумкин”.

XS
SM
MD
LG