Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:25

Ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишлар. Украина урушидан ким кўпроқ зарар кўрмоқда?


Россия армияси Украина тупроғига бостириб кирганига ярим йил бўлди. Уруш олдидан Владимир Путин баёнотида тилга олинган расмий мақсадлар – Украинани “демилитарлаштириш” ва “денацификация қилиш” – орадан олти ой ўтиб сира амалга ошмайдиган кўринмоқда. Қайтага Россия кутганининг акси бўлаяпти, дейиш мумкин.

Озодлик рус хизмати таҳлилчиси Максим Блантнинг ёзишича, Путиннинг яшин тезлигида урушиш режаси барбод бўлди. Ҳужумлар буткул тўхтади. Ҳавода яққол устунлиги ва оғир қуроллари кўплигига қарамай Россия қўшинлари ярим йилда ҳатто Донецк вилояти ишғолини охирига етказа олмади.

Владимир Зеленский ҳамон президент. Унинг маъмурияти Киевни ҳамда Украинанинг катта қисмини назорат қилмоқда. Ғарбдан ҳар куни янги-янги қуроллар олаётган украин армияси Россия ҳарбий инфратузилмасига оғриқли зарбалар бериб, қарши ҳужумга ҳозирланмоқда. Лўнда қилиб айтганда, уруш узоқ давом этиши аниқ бўлди, Украинанинг ғалаба қозониш имкониятлари эса ҳафта сайин ортаётир.

Булар бари – халқаро санкциялар ҳамда Ғарб ширкатларининг Россияни ихтиёрий бойкот қилиши узоққа чўзилишини билдиради. Ҳатто мўъжиза юз бериб, Кремль можарони “музлатиш”га муваффақ бўлган тақдирда ҳам бу ҳеч нимани ўзгартирмайди. Эндиликда кун тартибида оддий дилемма турибди: ё Москва ҳарбий мағлубиятга учраб, мамлакатда ҳокимият алмашади ва сиёсий ислоҳотлар ўтказилади (яъни, Россиянинг ўзи “денацификация” ва “демилитаризация” қилинади), ё бўлмаса жаҳон иқтисодиёти Россия хомашёсисиз яшашга мослашгани қадар чекловлар кучайиб боради.

Бир қарашда, ҳатто шу муайянлик ҳам – ҳукумат мулозимларидан тортиб, якуний истеъмолчи ва чакана инвесторларгача – барча учун баҳорнинг бошларидаги хаос ва мавҳумликдан кўра афзалдек туюлади. Ғарб ширкатлари амалда Россия бозорини ёз фасли ўрталарида узил-кесил тарк этиши бошлаган эди. Бунгача эса улар Россия бозоридаги миллионлаб, ҳатто миллиардлаб долларлик улушини кўзлари қиймай, “фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш” билан чекланишди ва штатдаги ходимларни сақлаб туришди.

Бироқ ҳозир у хомхаёллардан асар ҳам қолгани йўқ, ёппасига ишдан бўшатиш аллақачон бошланган. Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги эса куздан эътиборан мамлакатда ишсизлик ўсиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Тахминларга кўра, меҳнат бозоридаги “танглик чўққиси” 2022 йил охири – 2023 йил бошларига тўғри келади.

Боз устига, санкциялар натижасида бор қуввати билан ишлай олмай қолган Россия ширкатлари ҳам ишчи-ходимларини қисқартирмоқда. Амалда фалажланган автомобиль саноатидан сўнг навбат чет эл бутловчи қисмлари импортига қаттиқ боғланиб қолган бошқа соҳаларга етди. Чунончи, санкциялар, ташқи бозорларда талаб камайиши ва рублнинг сунъий оширилган курси металлургия корхоналарини инқирозли 2009 йил даражасига туширди.

Дарвоқе, мустаҳкам рубль Россия ва Ғарб матбуотида халқаро санкциялар самарасизлигининг далили ўлароқ талқин қилинади. Бироқ бу молиявий рестрикциялар ҳамда Россияга юқори технологик маҳсулотлар экспорт қилишни тақиқлаш чоралари аслида жуда яхши таъсир этаётганини англатади. Бугун Россияда ҳеч ким – на банклар, на экспортчи ва импортчилар, на фуқаролар евро ва доллардан тўла маънода фойдалана олмайди. Валютага талаб пасайиб, рубль қадри кўтарилгани сабаби шунда, аммо “муваффақиятли рубль” экспортчиларга ва федерал бюджетга қимматга тушаётир.

Санкциялар самарадорлигига келсак, июнь ойи якунларига кўра Россия иқтисодиёти ўтган йилнинг июнь ойига қиёсан 5 фоизга қисқарди. Мулозим ва экспертлар март-апрель ойларида барча бундан хийла бадтар натижа кутгани ҳақида мароқ билан сўзлаб, Россия иқтисодиёти халқаро санкцияларга бардошли ва мослашувчан бўлганидан лоф урадилар.

Бироқ бунақа некбин баҳоларда статистикага урушнинг ўз таъсири эътиборга олинмайди. Ҳарбий харажатларнинг кескин ўсиши, қолаверса, босиб олинган ҳудудлар инфратузилмасини тиклашга сарфланаётган маблағлар – булар бари ЯИМга қўшилади. Қўпол қилиб айтганда, Украина жануби ва шарқида гуманитар инқироз қанча аянчли бўлса, Россиянинг иқтисодий статистикаси шунча “чирой очади”. Россия ҳудудларига темир тобутлар қанча кўп келса, ўлган аскарларнинг қариндошлари шунча кўп товон пули оладилар ва бу бевосита аҳоли даромадлари ортиши сифатида рақамларда акс этади.

Керак бўлса, ишсизликка оид статистика ҳам ижобийлаштирилиши мумкин. Аммо буларнинг ҳеч бири фаровонлик ва иқтисодий ривожланишга етакламаслиги аниқ. Умуман, Россиядаги инқирознинг ҳақиқий чуқурлигини мамлакат иқтисодиёти сал-пал тиклана бошлаган пайтдагина кўрса бўлади.

Урушнинг иқтисодий оқибатларини инкор этишга Кремлнинг энг ашаддий пропагандачилари ҳам журъат эта олишмаяпти. Аммо Ғарбнинг “калтабинларча” қўллаган санкциялари гўё Россиядан кўра Европага кўпроқ зарар етказаётгани ҳақидаги афсоналар ҳар куни айтилмоқда. Кремль оловланираётган энергетика танглиги эса яқинлашиб келаётган евроапокалипсис даракчиси ўлароқ тақдим этилаётир.

Бироқ россияликлар Европанинг ғам-ташвишларидан хурсанд бўлмасалар ҳам бўлади. Зеро қиммат хомашё туфайли юзага келгувчи иқтисодий тебранишлар охир-оқибат энергия тежовчи технологияларни ривожлантиришга кучли туртки беради. Бунинг самараси сезила бошлагунча қиммат энергия маҳсулот ва хизматлар нархига “қўшиб юборилади” ва пулини нафақат Европа, балки бутун дунё иқтисодиёти тўлайди. Бу Россиянинг халқаро ташувлар занжиридаги ўрни ёки ролига заррача таъсир қилмайди. Россия хомашё сотувчи бўлиб қолаверади. Аммо хомашёси йил сайин қадр-қимматини йўқотиб боради.

Россияликлар Тошкентда:Қўрқув ва шармандаликни ҳис этяпмиз!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:07 0:00

Тизимли инқироз, худди 80-йиллар охири – 90-йилларда бўлгани каби, ижтимоий-сиёсий қурим эврилишига, эҳтимолки, Россиянинг парчаланишига олиб келади – бу вақт масаласи холос. Технологик қолоқлик ва Россиянинг жаҳон иқтисодиётидан муттасил “четлашиши” эртами, кечми россияликлар билан ғарбликлар турмуш даражасида улкан тафовутни яратадики, буни ҳеч қандай “темир парда” билан яириб бўлмай қолади. Энг ёмони, бугунги кунда Россия аҳли учун бирон хайрли сценарий мавжуд эмас. Очиғини айтганда, шундай бўлиши урушнинг учинчи кунидаёқ аён бўлганди.

Форум

XS
SM
MD
LG