Линклар

Шошилинч хабар
06 март 2021, Тошкент вақти: 17:04

Россия прокуратураси Туркистон озодлиги учун курашган арбобни "экстремист" ва "бўлгинчи" деб топди


Аҳмад Заки Валидий Тўғонга Санкт-Петербург давлат университетида ўрнатилган ёдгорлик

Санкт-Петербург прокуратураси туркшунос олим Заки Валидий Тўғон бюстининг Санкт-Петербург давлат университети ҳудудида ўрнатилганини “экстремизмга қарши кураш қонунчилигининг бузилиши” дея баҳолади. Прокуратура университет ҳудудида жойлашган ҳайкал ва унинг номидаги марказ фаолиятини тўхтатишни талаб қилди.

Университет бу талаб қонуний эканини тан олгани айтилмоқда.

Бошқирдлар бутунжаҳон қурултойи бу масала юзасидан ўз норозилигини билдирди.

Мутахассислар Заки Валидий Тўғонга қўйилаётган “фашистлар ҳамкори” ва “айирмачи” айбловларини мутлақо асоссиз, деб айтмоқда.

Прокуратура Заки Валидийни “экстремист” ва “бўлгинчи”га чиқарди

Санкт-Петербург шаҳар прокуратураси Санкт-Петербург давлат университети маъмуриятидан олийгоҳнинг шарқшунослик факультети ҳовлисида ўрнатилган буюк бошқирд шарқшуноси ва тарихчи олими, сиёсий фаол, Туркистон ўлкаси мусулмон шўроси бош котиби, Ўрта Осиё миллий мусулмон жамиятлари федерацияси (кейинчалик «Туркистон миллий бирлиги») раиси, Туркистонда “босмачилик” номи билан тарихда қолган миллий-озодлик ҳаракати раҳбарларидан бири, Манчестер университети фахрли доктори Аҳмад Заки Валидий Тўғон(1890-1970)га бағишлаб университет ҳовлисида 2008 йилда ўрнатилган бюстни олиб ташлашни буюрди.

Ўқув юрти расмий сайтида эълон қилинган тушунтиришга кўра, прокуратура шарқшунос олимга ўрнатилган ҳайкал “экстремизмга қарши кураш қонунчилигига” зиддир. Петербург университетига шаҳарнинг Василеостровский прокуратурасидан келган хатдан англашилишича, талабалардан бирининг онаси Заки Валидийга қўйилган ҳайкални кўриб қолган ва прокуратурага арз қилган. У бу монумент “нацист жиноятчиларига ҳамкорлик қилганларни қаҳрамонлаштириш”, дея баҳолагани маълум.

“Далил” тарзида олимнинг Улуғ Ватан уруши даврида миллий асосда давлат тузилишига оид фикр-мулоҳазалари, унинг “айирмачиликка бўлган даъватлари” келтирилган. Петербург прокуратураси буни “давлат жинояти” эканига университет маъмурияти эътиборини қаратган.

Озодликка маълум бўлишича, 2019 йилнинг сентябрида Санкт-Петербург давлат университети яна бир қанча талаблар асосида шаҳар прокуратурасига бу маълумотни текширишга сўровнома юборади.

“Россия Федерациясининг бошқа ҳудудларида жойлашган архив муассасаларидан катта ҳажмда маълумот талаб қилиб олиш, хориж ахборот манбаларининг чет тилларидан таржималарини амалга ошириш ҳамда илмий жамоанинг тушунтиришларини жамлаш зарурати бу текширувнинг узоқ давом этганига сабаб бўлди”, дейилади 2020 йилнинг декабрида чоп этилган прокуратура расмий жавобида.

2020 йилнинг 14 январ куни Университетский 7-9-11 манзили бўйича бюст жойлашган жойда “экстремистик фаолият” юзасидан текширув ўтказилгани айтилди.

Ниҳоят, прокуратура текширув хулосаси асосида Аҳмад Заки Валидий Тўғонга ўрнатилган ҳайкал ва лавҳ, шунингдек, унинг номидаги университетда очилган музей ва марказни “талабалар онгига салбий таъсир ўтказувчи экстремистик фаолият” сифатида баҳоланиб, ёпишни талаб қилди.

Университет кўрсатма қандай бажарилгани борасида расмий идорага хабар бериши буюрилди.

Истанбул университетида Субудей Тўғон отаси Заки Валидий ёдгорлиги ёнида, 2012 йил, 25 май
Истанбул университетида Субудей Тўғон отаси Заки Валидий ёдгорлиги ёнида, 2012 йил, 25 май

Озодлик сўровига университет маъмурияти бу талабга қарши чиқмаслиги ва уни бажаришини билдирди.

Атоқли шарқшунос олим, ориенталистика бўйича 400 зиёд илмий асарлар муаллифи, қатор Европа университетлари фахрий доктори, профессор Аҳмад Заки Валидий Тўғон ҳайкали 2008 йилда Санкт-Петербург давлат университети қошида Турк тадқиқотлари маркази очилиши тантаналари давомида ўрнатилган.

Уни олийгоҳга тақдим этган Бошқирдистон Маданият вазирлиги бу масалада ҳозирча ўз муносабатини билдирмади.

Бошқирдистон ҳукумати ва минтақа Маданият вазирлиги номига Санкт-Петербург прокуратураси органларидан Аҳмад Заки Валидий масаласида ҳеч қандай сўровномалар келгани йўқ. Биз, шунингдек, текширув натижаларини кўрганимиз йўқ", дейилади Бошқирдистон ҳукуматининг журналистлар юборган сўровномасига берган расмий жавобида.

Бошқирдларнинг Бутунжаҳон қурултойи қарши чиқди

Бошқирдлар Бутунжаҳон қурултойи Президиуми ва Ижроия қўмитаси Аҳмад Заки Валидий бюстининг Петербург университетидан олиб ташланиши юзасидан пайдо бўлган маълумотга нисбатан хавотир билдирди.

- Валидийга нисбатан қўйилаётган айбловлар кўплаб маротаба турли шахслар томонидан овоза қилинган, аммо фанга маълум бўлган бирорта ҳужжат ва архив материаллари томонидан тасдиқланмаган. Шу муносабат билан Бошқирдлар бутунжаҳон қурултойи томонидан Петербург прокуратураси ва университети раҳбарияти номига сўров юборилди, дейилади ёдгорликнинг ўрнатилиши ҳозирга қадар бирорта ҳужжат асосида ўз тасдиғини топмаганини билдирган бошқирдлар тузилмаси расмий баёнотида.

Санкт-Петербургдаги Европа университети профессори, этнограф олим Сергей Абашин Заки Валидий бюстининг олиб ташланишига эътибор қаратган биринчи зиёлилардан бири.

Озодликка берган интервьюсида Сергей Николаевич бюст атрофида бошланган можарони “абсурд томоша”, деб номлади.

- Бу университетнинг ички ҳовлисида жой олган ёдгорлик, майдонда ё паркдамас. У ерда кўплаб бошқа ҳайкаллар ҳам мавжуд. Бу ёдгорлик Бошқирдистон томонидан Петербург маданиятига ҳисса қўшган, Бартольд ва бошқа Петербург олимлари билан ҳамкорлик қилган буюк шарқшуносга қўйилган. Яъни кучли эроншунослик ва туркшунослик йўналишларига эга олийгоҳга бу ёдгорлик тасодифан ўрнатилмаган!

Ҳа, у большевикларга қарши турган сиёсий фаол бўлган. Ленин билан учрашган, Мустафо Чўқай билан дўст бўлган, Бухоро амири Саид Олимхон билан бирга “босмачилик” ҳаракатини бошқарган, Туркияда пантуркчилик ғоялари тарғиботи билан шуғулланган. Лекин унинг 1939 йилгача Бонн университетида ўқитувчилик қилганини “экстремизм” деб ҳисобласак, кўплаб бошқа одамларнинг фаолиятига чек қўйиш керак унда. Заки Валидий нацистлар билан ҳамкорлик қилмаган, у партияга аъзо бўлмаган. “У кимлар биландир учрашган”, деб тамға босиш қанчалик тўғри бўлади. Бу охирги йилларда авж олиб бораётган абсурдлар театри-ку, - дейди Сергей Абашин.

Тарихчи-олим, агарда Россиянинг Санкт-Петербургида Заки Валидий Тўғондан воз кечилса, “давлат арбоби ва миллий қахрамон” деб эълон қилинган Бошқирдистонда бу тарихий шахсга муносабат қандай бўлмоғи лозим, деган саволни ўртага ташлади.

Унинг фикрича, прокуратура яратаётган муаммо марказ ва Уфа ўртасида зиддиятни келтириб чиқаради.

- Петербург прокуратурасининг бу тақиқи Бошқирдистонга ҳам тааллуқлими ёки фақат Петербурггами, ахир бу бир давлат-ку?! Россияда саноқсиз чоп этилган Валидийнинг тарихий ва илмий меъросидан воз кечиш керакми шунда? Бутун дунёда тан олинган асарлари “экстремизм” рўйхатига киритиладими??? Бу университет маъмурияти розилиги билан прокуратура томонидан сунъий яратилаётган катта муаммо! Ҳайкални олиб ташлашдан маъно йўқ - 13 йил турган, тураверарди ҳам. Россияда бошқа муаммо йўқми?!

Гражданлар уруши домига тортилган Россияда большевикларнинг ўзи айирмачи-сепаратист бўлган-ку: 1939 йилгача Сталин бошқарган ҳукумат фашистлар Германияси билан ҳамкорлик қилганини ҳамма билади! Германияда уша даврда яшаган ҳар бир одам фашист бўлиб қолаверадими? Мантиқ қани?! Ваҳоланки, у уруш бошлангунча Германияда яшаган, кейин Истанбулга кўчиб кетган. Валидийни пантуркчиликда айблаш ҳам кулгили - ҳар бир турк тилида сўзловчи сиёсий фаол ва олимни пантуркчиликда айблаш мумкин. Ҳукумат бундай зиддиятлар яратилишига йўл қўймаслиги керак! Аммо, абсурдлар мамлакатига айланаётган Россияда олимнинг бюстига қарши ҳаракатлар авж олиши афсуски табиий ҳолатдек кўриняпти, - дея хулоса қилди Сергей Абашин.

2016 йилда Россия Думасининг миллатчи депутатларидан бири Алексей Журавлёв Бошқирдистонда фаолият юритаётган “Қўк Бўри” жамоатчилик ташкилоти фаолиятини назоратга олиш талаби билан Бош прокуратурага мурожаат қилганди. Журавлёв “Кўк Бўри” ташкилотини “турк сепаратизми мафкурачиси Аҳмад Заки Валидий меъроси бўлган турк миллатчилиги ва пантуркчилик ғояларини ўзида мужассам этганликда” айблаганди.

Бошқирд жамоатчилик фаоллари Бошқирдистондаги Заки Валиди музейидаги ёдгорлик олдида.
Бошқирд жамоатчилик фаоллари Бошқирдистондаги Заки Валиди музейидаги ёдгорлик олдида.

2015 йилда Аҳмад Заки Валидий Тўғонга бағишлаб Бошқирдистоннинг Уфа шаҳрида ёдгорлик ўрнатилишига маҳаллий “Бошқирдистон руслари йиғини” рус миллатчилари қарши чиққан эди.

Шўролар даврида тузумнинг ашаддий танқидчиси ва душмани саналган Аҳмад Заки Валидий Тўғон (1890-1970) замонавий бошқирдлар учун миллат қаҳрамони, маърифатпарвари ва ғоявий йўлбошчиси бўлиб қолмоқда.

Бошқирдистонда кўча, мактаб ва кутубхона унинг номи билан аталган, 2010 йил "Аҳмад Заки Валидий йили" деб эълон қилинган эди. Шу йилнинг ўзида Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги сайлгоҳга унинг номи берилганди.

Аҳмад Заки Валидий ким бўлган?

Бошқирдистонда қишлоқ мулласи оиласида таваллуд топган Аҳмад Заки Валидий мадрасани битириб, Қозон шаҳридаги “Қосимия” мадрасасида таълим берган. 1915 йилда у Россия Давлат Думасида Мусулмонлар фракциясига депутат этиб сайланган.

Аҳмад Заки Валидий Тўғон.
Аҳмад Заки Валидий Тўғон.

1917 йилдан бошлаб Кремлдан мустақил бўлган Бошқирдистон республикасини тузишга киришган, аммо фуқаролар уруши йилларида совет тузумига қарши чиқиб, босим остида Бухорога қочиб ўтган.

Ўтган асрнинг 20-йилларида Заки Валидий собиқ хонликлар ҳудудларида совет тузуми ўрнатилишига кескин қаршилик кўрсатган, қуролли гуруҳларни бошқарган. 1921 йил августида Бухорода Файзулла Хўжаев хайрхоҳлигида Валидий бошчилигида Туркистон Миллий Бирлиги (ТМБ) ташкилоти тузилди. У сиёсий фаол сифатида Бухоро амири Сайид Олимхон ва Хива аксилсовет намояндалари билан ҳамкорликда советлар томонидан “босмачилик” деб номланган ҳаракатни ташкил этишда иштирок этган, унинг ғоявий пойдеворини яратган.

Аксилшўро фаолияти давомида у “турк шери” Анвар пошшо билан ёнма-ён жанг ҳам қилган. Шу йиллари Аҳмад Заки Валидий аксилсовет ҳаракати намояндаси сифатида халқаро жамоатчилик эътиборини Марказий Осиёдаги ҳодисаларга қаратишга уринади, Эрон, Афғонистон, Туркия, Англия ҳукуматлари вакиллари билан учрашади. 1923 йилда Туркистон миллий-озодлик ҳаракати бостирилиши ортидан у Файзулла Хўжаев ёрдамида у Афғонистон орқали Эрон, кейин Берлинга ўтган.

1925 йилда Аҳмад Заки Валидийга Туркия Вазирлар Маҳкамаси махсус қарори билан мамлакат фуқаролиги берилган. Кейинроқ, 1944 йилда у ўзининг “Советларга қарши “пантуркчилик” ва “турончилик” фаолияти учун 10 йилга қамоққа ташланган, аммо 17 ойдан сўнг озод этилган. Айрим маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши йиллари Заки Валидий Германия вермахтига асир тушган ва Туркистон легионида хизмат қилиш истагини билдирган бошқирдлар ва марказий осиёлик аскарлар билан учрашган.

Валидий илмий фаолият билан ҳам шуғулланган. Турк халқари тарихи муаллифи бўлган Заки Валидий 11 тилда 400 яқин илмий асарларни чоп этган. 1912-15 йилларда у Бухоро хонлиги ва Фарғона водийсига илмий сафар қилган, қатор илмий-тарихий мақолалар чоп этган. 1935 йилда Заки Валидий – Вена университетини тамомлаб, докторлик унвонини олган, Германиянинг қатор олийгоҳларида ўқитувчилик қилган.

Кейинроқ, тарихчи олим сифатида умрининг охиригача Истанбул университетида Турклар тарихидан дарс берган. У Манчестер университети фахрий доктори (1967), дунёнинг етакчи таълим муассасаларида турк тарихи ва давлатчилигидан маърузалар қилган.

Аҳмад Заки Валидий Тўғон 1970 йилда Туркияда вафот этган, Истанбулда “Қоражамоат” қабристонида дафн этилган.

XS
SM
MD
LG