Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:41

Ўзбекистон Украина бўйича нейтрал позицияда - президент матбуот хизмати


25 февраль куни Путиннинг матбуот хизмати "Шавкат Мирзиёев Россия томонининг ҳаракатлари юзасидан тушуниш изҳор қилгани" ни билдирганди.
25 февраль куни Путиннинг матбуот хизмати "Шавкат Мирзиёев Россия томонининг ҳаракатлари юзасидан тушуниш изҳор қилгани" ни билдирганди.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати 25 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев ва президент Владимир Путин ўртасида кечган телефон мулоқоти юзасидан изоҳ берди.

Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадовнинг расмий Телеграм-каналида эълон қилинган баёнотда расмий Тошкент Украина масаласида "нейтрал позиция"да экани урғуланади.

Баёнотда шунингдек, Путин Мирзиёевга Украинада "махсус ҳарбий операцияни ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг сабаблари ва шарт-шароитлари тўғрисида маълумот бергани" маълум қилинган.

"Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, томонлар вазиятни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул йўлларини тез фурсатда топишлари ва унинг янада кескин тус олишига йўл қўйилмаслигига умид билдирди.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда.

Мамлакатимиз азалдан ҳам Россия, ҳам Украина билан яқин, дўстона муносабатларга эга. Биз кенг минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлишидан манфаатдормиз. Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим", дейилади Ўзбекистон президенти матбуот котибининг баёнотида.

Жума куни Россия президентининг матбуот хизмати "Шавкат Мирзиёев Россия томонининг ҳаракатлари юзасидан тушуниш изҳор қилгани" ни билдирганди.

Бу Ўзбекистоннинг Путин Украинада "махсус ҳарбий амалиёт" ўтказишга буйруқ берган 24 февралдан буён Украина юзасидан тутган позициясига доир биринчи баёноти.

Президент Мирзиёев 25 февраль куни эрталаб Қорақалпоғистонга 3 кунлик сафарини муддатидан олдин якунлаб Тошкентга қайтгани хабар қилинган.

Пайшанба куни у Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги чиқишида Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодини ривожлантириш орқали мудофаа қудратини мустаҳкамлаши кераклиги ҳақида гапирганди.

Шанба куни Путиннинг Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон мулоқоти тафсилотлари борасида ҳам қирғиз ва Россия томони икки хил хабар тарқатди.

Россия хабар агентликлари Кремль матбуот хизматига таяниб Жапаров "Россиянинг Донбассдаги тинч аҳолини ҳимоя қилишга қаратилган қатъий ҳаракатларини қўллаб-қувватлагани"ни айтмоқда.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарида икки давлат раҳбарлари "халқаро ва минтақавий хавфсизлик, жумладан, Украина атрофида юзага келган вазият борасида фикр алмашгани" билдирилган.

XS
SM
MD
LG