Линклар

Шошилинч хабар
08 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:54

"Навалний қамоқхонада заҳарлаб ўлдирилган бўлиши мумкин"


Алексей Навальнийнинг қамоқдаги охирги видеосидан скриншот.
Алексей Навальнийнинг қамоқдаги охирги видеосидан скриншот.

The Insider нашри рус мухолифатчиси Алексей Навалнийнинг жорий йил феврал ойида Ямал-Ненец мухтор округидаги “Қутб бўриси” ахлоқ тузатиш колониясида вафот этгани билан боғлиқ юзлаб расмий ҳужжатларни қўлга киритганини маълум қилди.

Ҳужжатлар орасида Навалний ўлими факти бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорнинг икки версияси мавжудлиги айтилмоқда. The Insider таъкидлашича, қарорнинг якуний версиясидан мухолифатчи заҳарлаб ўлдирилган бўлиши мумкинлигидан далолат берувчи симптомлар чиқариб ташланган.

The Insider қарорнинг икки версиясини эълон қилиб (иккаласига ҳам 2024 йил 26 июл санаси қўйилган), уларни таққослаган. Айтилишича, ҳужжатнинг аввалроқ ёзилган версиясида “Навалний 16 феврал куни қорин соҳасидаги кучли оғриқдан шикоят қилган, унда рефлектор тарзда қайт қилиш ва қалтироқ бошланган ва у ҳушидан кетган”, дейилган. Бироқ қарорнинг таҳрир қилиниб, кейинчалик очиқланган талқинида бу гаплар йўқ. The Insider ёзишича, унинг ихтиёрида Навалний ўлимидан сўнг хатланган объектлар рўйхати бўлиб, унга ҳам, гўё кейин экспертизага берилган “қусиқ намуналари” киритилган.

Немис клиникаси: Навалний заҳарланган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:37 0:00

The Insider мухолифатчининг беваси Юлия Навалная эри “ўлими арафасида қорни қаттиқ оғриганидан шикоят қилган”ини айтганини эслатиб ўтган.

Аввалроқ эълон қилинган расмий ҳужжатларда Навалний гипертоник касаллик ва бошқа хасталиклар зўрайиши натижасида вафот этгани, ўлимнинг бевосита сабаби эса “юрак ритмининг бузилиши” экани иддао қилинган эди. The Insider’га изоҳ берган шифокорларга кўра, қарорнинг олдинроқ ёзилган версиясида баён қилинган симптомлар Навалний “Новичок”га ўхшаш таркибли кимёвий модда билан заҳарланган бўлиши мумкинлигига ишора қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, мухолифатчи 2020 йилда айнан “Новичок” билан заҳарланиб, тирик қолган эди.

Навалний сафдошлари у ўлган кундан бери мухолифатчи Россия ҳукуматининг буйруғи билан ўлдирилганини урғулаб келишмоқда. The Insider эса эндиликда ушбу фаразнинг ҳужжатли далиллари пайдо бўлди, демоқда. Нашр ўзи очиқлаётган ҳужжатларни қаердан олганини ёзмаган, Кремл The Insider мақоласи юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Августда Юлия Навалная Алексей Навалнийнинг қамоқхонада вафот этиши муносабати билан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорни эълон қилган эди, унда, хусусан, сиёсатчининг ўлимига “қурама касаллик – гипертония хасталиги, қон томирлари ва аъзолар шикастланиши, бош мия шишига олиб келган диффуз миокардиосклероз, юрак фибрилляцияси, ўпка шишиши” сабаб бўлгани айтилади.

Алексей Навалнийнинг сўнгги сўзи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:13 0:00
Бевосита линк

Тиббиёт ҳамжамияти вакиллари сиёсатчи Федерал жазони ижро этиш хизмати ходимларининг “ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараши натижасида ўлган”ини таъкидлаб, уларни жавобгарликка тортишга чақирди. Навалний сафдошлари эса қарорда мухолифатчи вафотининг чин сабаби кўрсатилганига ишонмасликларини билдирдилар.

3 сентябрда Ямал-Ненец мухтор округи прокуратураси тергов органининг Навалний ўлими факти бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорни ноқонуний деб топгани маълум бўлди. Сафдоши Иван Жданов бу ҳақда хабар қилиб, ҳужжатни ижтимоий тармоқларга жойлади.

Прокуратура хатига кўра, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарор бекор қилиниб, материаллар ЯНМО тергов қўмитасига қайтарилган. Ҳозирда суриштирув давом этмоқда.

Навалний 2020 йил августда Россияда заҳарланишни бошидан кечирган, шундан сўнг бирмунча вақт комада қолган ва Германияда узоқ даволанган эди. Мутахассислар унинг организмидан “Новичок” туридаги заҳарли модда изларини топганлар. Мухолифатчининг ўзи уни Кремл буйруғига кўра заҳарлашганини, сафдошлари билан суриштирув ўтказиб, бу воқеада ФСБ ходимларининг қўли борлигини аниқлаганини даъво қилган эди.

Россия ҳукумати бир тарафдан заҳарланиш фактини инкор этган бўлса, бошқа томондан Навалнийни Ғарб махсус хизматларининг ўзлари заҳарлаганига шама қилган. Навалний муолажани тугатиб 2021 йил январда Россияга қайтган ва Москва аэропортидаёқ ушланиб, дастлаб ҳибсхонага ва суддан кейин қамоққа йўлланган.

Форум

XS
SM
MD
LG