Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 03:47

Петербургда ўзбекистонлик аёл ва унинг 12 яшар қизи зўрлангани юзасидан тергов бошланди


Санкт-Петербургда 12 яшар қизи билан бирга ўзбекистонлик аёлни ўғирлаб кетиб, зўрлаган икки шахсдан бири қўлга олинди.

Озодлик билан суҳбатда жинсий зўравонликка учраган 33 яшар аёл ҳозирда терговчилар икки фарзандини тортиб олиб қўйгани ва уларнинг қаерда сақлаётганини билмаслигини айтди.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик 33 яшар тошкентлик Н. исмли ўзбекистонлик аёл ва унинг 12 яшар қизини эркинликдан маҳрум этганлик ва зўрлаганликда айбланаётган шахс ҳибсга олинди.

Маҳаллий нашрлар терговчиларга таяниб ҳибсга олинган шахснинг 47 яшар тожикистонлик эканини хабар қилди. Шаҳар Тергов қўмитаси 25 май куни бу шахсга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 131 (зўрлаш) ва 127 (озодликдан ноқонуний тарзда маҳрум этиш)- моддалари асосида жиноят иши қўзғатганини хабар қилди маҳаллий “Piter.tv” телеканали.

Шу йилнинг май ойида содир бўлган бу ҳодиса борасида Тергов қўмитасигахабар берган Москвадаги “Ватандош” ўзбеклар минтақавий ташкилоти раҳбари Усмон Баратовнинг Озодликка билдиришича, исми тергов тугагунча сир тутилаётган аёлнинг болалари билан узоқ вақт давомида мажбуран ушлаб турилган ва муттасил зўрланган.

- 18 май куни улар менга Одноклассники орқали чиқишди шунақа ҳодиса бўлди, деб. Душанба куни уларни таниш одам ёрдамида олиб келдик, Тергов қўмитасида ариза бердик, биз ҳам интервью олдик. Бу аёлнинг гапига қараганда, улар 12 яшар қизи ва 7 яшар ўғилчаси билан яшашган экан. Қўшни хонада тожикистонлик бир йигит 2 аёл билан яшаркан. Шу одам олдига 17 яшар У. исмли йигит келиб яшаркан. Шу бола ҳамма ишда бўлганида кундузи шу 12 яшар қизини бузиб қўйибди. У 2 ҳафта давомида шу ишни қилиб юраркан.

7 май куни шу маълум бўлиб қолибди – онасига айтиб берибди. Онаси йиғлаб жанжал кўтарган экан, у йигитнинг амакиси бу аёлни қўшни хонага олиб кириб, уриб, жинсий зўравонлик қилибди ва уларнинг ҳаммасини 2 кунга қамаб қўйибди. 9 май куни булар қандайдир эшикни очиб, қочиб кетишибди. Москва вокзалига келиб полицияга мурожаат қилишибди. Биз мана шу полиция устидан ҳам ариза берамиз, чунки улар ёрдам беришдан бош тортиб, аёлни болалари билан чиқариб юборибди¸ деди Усмон Баратов.

Полиция томонидан зўрлашда айбланиб, ҳибсга олинган шахс
Полиция томонидан зўрлашда айбланиб, ҳибсга олинган шахс

Маълум бўлишича, ижарага олинган квартира Петербургнинг Дачная проспекти 24-уйда жойлашган бўлиб, У.нинг амакиси деб айтилаётган 47 яшар шахс Петербургда машина савдоси билан шуғулланган ва Россияда ноқонуний яшаб келган. У ва жиноятга алоқадор бошқа шахслар қидирилаётгани айтилди.

Москвага келиб, ариза ёзиб кетганидан кейин Петербургга қайтиб борган ўзбекистонлик бу аёл миграция қонунчилигини бузгани учун жавобгарликка тортилгани, у судда юрган вақт орасида икки фарзанди болалар муассасасига олиб кетилгани аниқланди.

Озодлик билан суҳбатда 33 яшар Н. ҳозирда фарзандлари қаерда эканини билмаётгани, унга терговчилар томонидан босим бўлаётганини билдирди.

- Ака, ҳозир болаларим йўқ – олиб қўйган, тополмаяпман. Мени икки кун судда олиб ўтирди, уйга қайтиб келсам болаларим йўқ. “Менинг гувоҳим – иккита болам, бошқа гувоҳим йўқ”, дедим. Мана ҳалигача йўқ – болаларим керак менга! Мен эл қатори улар билан яшаганман квартирада ижарада. Улар икки киши эди. Кўзимнинг олдида қизимни бузиб ташлади! дея йиғлади жабрланувчи аёл.

Жабрланган аёлнинг фарзандлари ҳозирда махсус муассасага жойлаштирилди
Жабрланган аёлнинг фарзандлари ҳозирда махсус муассасага жойлаштирилди

Озодлик таҳририятига тақдим этилган аудиоёзувлардан жабрланувчи аёл фарзандларининг Тергов Қўмитаси ходими томонидан тортиб олингани англашилади.

“Ватандош” ўзбеклар жамияти ташкилоти раиси Усмон Баратов юзага келган вазиятда болаларнинг давлат назоратига олинганида қонун бузилиш ҳолати йўқлигини айтади:

- Мен ҳам бу аёлни биринчи кўриб турибман. Аммо болаларини олиб қўйгани бу қонуний! Чунки унинг яшаш жойи ноаниқ, ўғилчаси ва 12 яшар қизчасини олиб юрмаганда... Бу болаларга психологик ва тиббий ёрдам керак! Онасини 7 яшар болача кўз олдида урган экан. Онасининг айби – бир йил олдин 6 синфда ўқиётган қизчани ўқишдан олиб келиб, бир йил мана шу ерда сарсон қилган. Бу аёлнинг айтишига кўра, у Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиб кўрган экан, улар инобатга олмабди мурожаатини. Ҳар ҳолда, 12 яшар болачага қилинган зўравонлик масаласида тергов олиб борилиши керак, деди Усмон Баратов.

Тергов қўмитаси расмий сайтида ҳам ўзбекистонликлар билан боғлиқ бу ҳодиса тафсилотлари очиқланмаган.

Тергов қўмитаси расмийларидан жараëнга оид қўшимча маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG