Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:40

“Россиядан қўрқув қонимизга сингиб кетган”. Марказий Осиё Украинага қандай кўмаклашмоқда?


Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги Жайсан чегара ўтиш нуқтасида қозоғистонликлар кўнгиллилар россияликларга кўмаклашмоқда. 28 сентябрь, 2022
Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги Жайсан чегара ўтиш нуқтасида қозоғистонликлар кўнгиллилар россияликларга кўмаклашмоқда. 28 сентябрь, 2022

Россия босқини бошланган кундан бери Украина бошқа мамлакатлар ва чет эл ташкилотларидан 75 млрд долларлик ёрдам олди. Бу маблағ Украина бюджети даромадларидан 1,6 бараварга кўп. Урушнинг илк кунларидан бери украинларга нафақат Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари ва фуқаролари, балки Марказий Осиё – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, шунингдек, Монголия ва бошқа давлатлар аҳолиси ҳам ёрдам бермоқда. Озодлик радиосининг "Сибирь.Реалии" лойиҳаси ёрдам ташкил қилишга бош-қош бўлаётган маҳаллий кўнгиллилар билан суҳбатлашди.

“Путин СССРни тиклаш ҳаракатига тушганидан хавотирдамиз”

“Биринчи ойда бизга 20 минг киши пул жўнатди. Қозоғистон тарихида хайрия йиғиш тезлиги бўйича рекорд бўлди бу. Жами 500 млн танга тўпладик, бу фақат банк орқали тушган пул, айримлар ўзлари товар сотиб олиб бизга жўнатди. Юридик шахслар 20 минг доллар беришди, бир миллион доллар хайрия қилганлар ҳам бор. Шу ёзда Қозоғистон фуқаролигини олган россиялик йигит 1 млн доллар ажратди, ҳадемай яна 2 млн доллар бермоқчи. Яна бир киши бор – уруш бошланганидан буён ҳар ҳафта 1,5 минг танга (тахминан 4 доллар) пул ўтказишни канда қилмайди. Тайин куни, тайин соатда тушади пул, гоҳида, бир-икки кун кечикса, хабар ёзади: узр, бу гал бир оз кечикди, деб. Ҳар ким қурбига қараб ёрдам қиляпти: 100-200 танга берадиганлар ҳам бор, ҳар ой пенсия олганида атаганини ташлаб кетадиган чоллар, кампирлар ҳам”, дейди олмаоталик Тоғжан Қожалиева.

Унинг “HAQ” фонди урушнинг дастлабки кунларидан Украина аҳолиси учун гуманитар ёрдам йиғиш билан шуғулланади. Қозоғистонда бир нечта волонтёрлик штаби ишлаб турибди – хоҳловчилар зарур нарсаларни у ерга ўзлари олиб боришлари мумкин. Волонтёрлар Украина ҳарбий маъмуриятлари билан боғланиб, уларнинг эҳтиёжига кўра гуманитар юкларни ташкил қилишади: бошида юклар учоқларда ташилган бўлса, ҳозир фураларда, Россияни четлаб ўтган ҳолда етказилмоқда. Асосан дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, озиқ-овқат, қопкўрпа, газўчоқ, генератор каби зарур нарсаларни жўнатишади.

“Тўғри, хайрия ишлари бир оз сусайди: дастлабки кунлар ҳар сонияда пул тушарди. Бир соатда миллион танга тушгани ёдимда. Биринчи ўнкунликда 120 млн танга йиққанмиз (миллион танга = тахминан 2100 доллар). Ҳозир ишлар унчалик эмас, аммо тадбиркорлар, юридик шахслар қўшиляпти. Битта тадбиркор юзлаб, минглаб оддий фуқародан кўп хайрия қилиши мумкин. Масалан, бошида жисмоний шахсларданжами 150 млн танга тўплаган бўлсак, битта тадбиркорнинг ўзи 360 млн берган. Фаоллик барибир бор, у энди кўпроқ ўзимизга боғлиқ: эслатиб турсак, ҳисобрақамларимизни қайтадан тарқатсак, яна қимирлаб қолишади”, “HAQ” фонди раҳбари.

Тоғжан Қожалиева.
Тоғжан Қожалиева.

Йога муаллими Зарина Шоҳмуҳамбетова сўнгги йилларни Украинада яшаган: унинг эри Запорожьедаги заводлардан бирида ишларди. Уруш бошланган пайтда Зарина Қозоғистонда – оғир бетоб онасининг ёнида эди. Сентябрда у Запорожье шаҳрига қайтиб борди. Қозоғистонда бўлган вақтида Зарина “Посилка” фондининг Олма-Ота штабида волонтёр бўлиб ишлаган.

“Оддий қозоғистонликларнинг бу яхшиликлари – мен ўз ҳаётимда дуч келган энг ғаройиб ҳодисаки, ҳар эслаганимда тўлқинланиб кетаман. Улар Украина билан ҳеч бир тариқа боғланмаган, шунга қарамай дардимизга шерик бўлишяпти. Улар фақат битта нарсани: Украинада уруш кетаётганини, тинч аҳоли бошпана ва зарур турмуш шароитларидан маҳрум бўлганини билишади холос. Юртдошларимнинг бағрикенглиги ҳақида ўйлаганимда узоқ ўтмиш – қатағон йилларида Қозоғистонга поляклар, немислар, қримтатарлар ва бошқа халқлар қувғин қилингани ёдимга тушади. Ўлиб кетсин деб тақир чўлга ташлаб кетилган минглаб одамлар ўшанда қозоқлар туфайли жон сақлаб қолишган эди”, – дейди Зарина.

Тоғжан Қожалиева бошқача фикрда: қозоғистонликлар Украина ўрнида ўз мамлакатларини тасаввур қилиб, украинларга ҳамдард бўлишмоқда, дейди у. Россия сиёсатчиларининг Шимолий Қозоғистонга даъволари ҳамиша мамлакатда жуда нохуш реакция беради. Россия ҳудудий даъво билан Украинага бостириб киргач, қозоғистонликларнинг хавотири икки карра ортди.

“Биз Путин СССРни тиклаш кўйига тушганидан хавотирдамиз. Ортга қайтишни хоҳламаймиз, чунки Совет Иттифоқи ёмонлик салтанати эди. Россиядан қўрқув қон-қонимизга сингиб кетган. 1930-йилларда Қозоғистонда очарчилик бўлганида 3 млн қозоқдан атиги ярми қолган эди. Бу – большевизм ҳукмронлигининг илк босқичи натижаси. Қозоғистон қатағонлардан ҳам кўп жабр чеккан. Мухторият олишга интилган қарийб барча раҳбарлар, таъбир жоиз бўлса, миллатнинг олтин авлоди қириб ташланган. Улар тараққиётнинг японча моделига интилган эдилар, 30-йилларда Қозоғистонда бу мавзу кўп муҳокама қилинган.

Сўнгра тилимиздан айрилишимизга бир баҳя қолди. Масалан, мен мактабни 1989 йилда тамомлаганман. Эсимда: қозоқча гапириш қолоқлик белгиси ҳисобланарди. Ўзини илғор, замонавий санагувчи одам албатта рус тилида сўзлашиши керак эди. Ўз тарихимизни билмасдик, аммо Россия тарихи муфассал ўқитиларди. Ўз маданиятимиздан бехабар эдик, лекин Тютчев ва Тургеневларни билардик. Биздан маданияти йўқ, илдизи йўқ миллат ясамоқчи бўлишди. Шу боис миллат ўлароқ ўзлигимизни йўқотиб қўйишдан ҳамон қўрқамиз”, ҳикоясида давом этади Қожалиева.

Зарина Шоҳмуҳамбетова эса қозоғистонликлар Украинага фақат инсонийлик нуқтаи назаридан ёрдам бераётганига ва мамлакатда яққол аксилроссия кайфияти йўқлигига амин. Боз устига, у кўплаб аҳоли, ҳатто асл қозоқлар ҳам Кремль пропагандаси иддаоларига хайрихоҳ, деб ҳисоблайди.

“Баъзан қариндошларим қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрашади. “Рус босқинчилари ҳали бизгача етиб келмади”, дейман. Шундай жавоб беришади: “Ҳеч қиси йўқ, бориб қолишар. Сизларни ҳам озод қилишади. Айб украинларнинг ўзида – НАТО билан айланишиб бекор қилишди. Умуман, ҳаммаси нацист улар”. Шундай пайтларда “Украинада бир марта ҳам бўлмагансиз, бу ерда нималар бўлаётганидан мутлақо ғофилсиз”, деб оғзиларига ураман. “Мариуполни дарров топширишганида ҳаммаси яхши бўларди”, деб таъна қиладиган ашаддий россияпарастлар ҳам бор”, дейди аллақачон Украинага қайтган Зарина.

Зарина Шоҳмуҳамбетова.
Зарина Шоҳмуҳамбетова.

Таҳдидли қўнғироқлар

Қирғизистонлик фаол Динара Аляева апрелда Украина учун ёрдам йиғишни ташкил қилган эди. У “Facebook”да эълон берди, эълонни маҳаллий ОАВлар ҳам тарқатди. Кейинроқ ёрдам тўплаётган бошқа гуруҳни топишди. Одамлар топган-тутганларини Бишкекдаги болалар хосписи берган хонага келтира бошладилар. Жунчойшаблар, қопкўрпалар, қуруқ мевалар, болалар тагликлари, узоқ сақланадиган егуликлардан анча-мунча жамғарилди. Пул ўтказмоқчи бўлганларга эса Украина элчихонаси реквизитлари берилди.

“Одамлар чақириғимизга “лаббай” деб жавоб беришди. Жилғалар бирлашиб, дарё бўлди. Кимдир битта топ-тоза, эскироқ жунчойшаб келтирди, биров бир ўрам памперс. Бир тадбиркор нақ 200 та иссиқ жунчойшаб хайрия қилди. Одамлар қўнғироқ қилиб, украинларга ҳамдардлик билдиришар, кўпроқ ёрдамга қўллари калталигини айтиб узр сўрашарди... Бир чеккасига Қирғизистон байроғи туширилган яп-янги қавима кўрпа олиб келган момони ҳеч унутолмайман. Россия ҳарбийларининг Украинада тинч аҳолига қилган ваҳшийликларидан сўнг бефарқ бўлиш мумкин эмасди. Мазлумларга ёрдам беришга ожизлигимизни ўйлаб қаттиқ сиқилардик. Сўнгра Буча воқеалари юз берди. Ҳукуматимиз бетарафлик баҳонасида мум тишлагани бизга қаттиқ алам қилди. Болаларни ўлдиришаётган пайтда қандай сукут қилиш мумкин ахир?” ҳикоя қилади Динара.

Айтишича, хайрия эълон қилганидан сўнг унга номаълум кимсалар телефонда таҳдид қила бошлабди. Динара бунда маҳаллий ҳукуматнинг қўли бор деб билади – унинг фикрича, ҳукумат Украинани қўллаб-қувватлаётган ўта фаол маҳаллий фуқароларни деб Россия билан алоқаларига совуқчилик тушишини истамаган. Март ойида президент Садир Жапаров “Қирғизистон – кичик мамлакат, урушни тўхтатишга қурбимиз етмайди, шу боис бетараф қолишимиз лозим”, деган эди. Февралда эса Кремль Жапаров президент Путин билан телефонда сўзлашар экан, “махсус амалиёт”ни маъқуллаганини маълум қилди.

“Қирғизистон иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан Россияга қаттиқ боғланиб қолган. Бизнинг раҳбарларнинг Россия олдида тиллари қисиқ: қанчадан-қанча кредитлар, грантлар олиб қарзга ботишган. Шу боис уруш бошланиши билан ҳукуматимиз ўзини кўр, кар ва гунг каби тутмоқда. Бизнинг хайрия эълонимиз эса исён ўлароқ баҳоланди. Телефоним эшитиларди. Шундай қилиб, “фашистлар ва бандерачилар”га ёрдам бераётганим учун ҳар куни таҳдидли қўнғироқлар ола бошладим.

Улар оддий фуқаролар эмас, “орган” ходимлари, деб ўйлайман. Бир ой ишга чиқишга қўрқиб юрдим, чунки гуманитар ёрдам йиғиш манзиллари ОАВлар орқали барчага маълум қилинган эди. Бироқ, хайриятки, ақл-ҳушли қирғизистонликлар бегуноҳ инсонларнинг ўлдирилишини маъқуллайдиган манқуртларга қараганда анча кўп экан, бора-бора қулоғимиз тинчиди, ҳарқалай”, дея сўзини якунлади Динара.

“Россия бизга нима бера олади: шинель билан кирза этикми?”

Уруш бошланганидан сўнг Монголияда Украина билан бирга, айирмачи “ДХР” ва “ЛХР” учун ҳам гуманитар ёрдам тўплаш ташкил қилинади. Айирмачилар учун тўпланган жами 600 минг рубль қийматли 5 тонна юк россияликлар орқали жўнатилади. Монголия ҳукумати ва “Монголиядаги украиналиклар” жамоат ташкилоти эса Украина учун маблағ йиғишни бошлайди: ҳукумат БМТнинг Фавқулодда вазиятлар учун махсус фонди орқали 150 минг доллар ва Қизил хоч билан Қизил яримой орқали 50 минг доллар ўтказишга ваъда беради.

Улан-баторлик Чечен болалигидан Монголияда яшайди, аммо унинг ота-онаси асли Тува Республикасидан.

Ўзбек муҳожири: Урушга боришдан кўра баклажка териб юрганим яхши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:53 0:00

Чечен шундай ҳикоя қилади:

“Хайрия йиғиш бошланганида мен ҳам 100 доллар бердим. Биласизми, нега? Кучли билан ожиз урушаётганида ожизнинг тарафида бўлиш керак. Бу ўта адолатсиз уруш: бир мамлакат бўлмағур баҳона билан қўшни мамлакатга ҳужум қилди. 2014 йилдан 2022 йил 24 февралга бўлган воқеаларга “ҳарқалай фуқаролар уруши, икки томоннинг ҳам ўз ҳақиқатлари бор”, деб муносабат билдирса бўларди. Аммо 24 февралда ҳаммаси ўзгариб кетди: бир тараф босқинчи, бир тараф қурбон”.

Бироқ, Чечен айтишича, Монголияда кўпчилик Россияга хайрихоҳ, ҳатто Улан-Баторда Россиянинг Украинага босқинини ёқлаб кичикроқ митинг ҳам ўтказишибди. Митингчилар “Бандера фашист ва Гитлернинг жосуси эди”, “Биз Россияни қўллаймиз” деган шиорларни кўтариб Жуков ҳайкали ёнида олағовур қилишган.

“Уларни сира тушунмайман. Украинада нацизм борлигини тасдиқлайдиган биронта факт йўқ. Пропаганданинг бу уйдирмасига шунча одам лаққа тушганини ақлимга сиғдиролмайман. Монголия жаҳон ҳамжамияти билан бўлишни истаса (исташига ишончим комил), Россиядан узоқлашган маъқул. Россия бизга нима берарди: шинель билан кирза этикми? Улардан юз ўгирайлик, демоқчимасман, шунчаки мувозанатни сақлаш керак. Мана ҳозир россияликлар мобилизациядан қочиб Монголияга ҳам келишяпти. Келаверишсин, бош устига, урушга боришганидан кўра шуниси тузук”, дейди Чечен.

Ўн минглаб россияликлар мобилизациядан қўшни ва собиқ совет давлатларига қочган.
Ўн минглаб россияликлар мобилизациядан қўшни ва собиқ совет давлатларига қочган.

"Ё ҳурмат қил, ё юртингга жўна"

Сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг россияликлар оқими қўшни мамлакатларга йўл олди. Ҳозиргача 260 мингдан ортиқ киши мамлакатни тарк этган бўлиб, шундан қарийб 98 минги – Қозоғистонга, тахминан 60 минги – Грузияга, 3 мингдан кўпроғи Монголиядан қўним топган. Аксар мамлакатларда россияликлар нейтрал ёки ижобий қабул қилинмоқда. Масалан, Қозоғистонда кўчада қолган россияликлар кинотеатр ва болалар оромгоҳига жойлаштирилди. Сибирь.Реалии мухбири волонтёрлардан сўради: вайрон бўлган Украинага ҳам, уни вайрон қилган мамлакатдан қочиб келаётган россияликларга ҳам ёрдам бериш қанчалик уйғун?

“Биз одатларимизга риоя қиляпмиз холос: қозоқлар сиёсий қарашларидан қатъий назар муҳтожларга ёрдам бериб келганлар. Доим шунақа бўлган. Қолаверса, қочиб келаётганлар орасида уруш тарафдорлари кўп деб ўйламайман. Уларнинг аксари Россияда қоляпти”, дея жавоб беради Тоғжан Қожалиева.

Зарина Шоҳмуҳамбетова эса шундай дейди:

“Назаримда, россияликлар ёпирилиб келиши кўпчиликка ёқмади. Шахсан ўзим ҳам чегарани ёпиш тарафдориман. Путиннинг “ватник”лари Қозоғистонда тўполон кўтаришса, оқибати яхши бўлмайди. Ўзимизнинг манқуртлар ҳам етиб ортади бизга: чунончи, ўз отам ўшанақа тоифадан. Битта вилоятга шунақа россияликлардан анча-мунчаси жойлашиб олса, бу вилоят худди Қозоғистонга бегонадек бўлиб қолиши мумкин. Бошқа томондан, гоҳида “улар ҳам одам-ку”, деб ўйлайман. Ана, Грузия яқиндагина урушни бошидан кечирганига қарамай россияликларни киритяпти. Бу энг олий даражадаги ҳамдардлик белгиси. Аммо улар бизга ўхшаб, ўзларини ҳурмат қилишни талаб қилишмоқда. Ё ҳурмат қил, ё юртингга жўна”.

Форум

XS
SM
MD
LG