Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:20

Суворовчи курсантлар заҳарланди. Сабаблар орасида "таркибида товуқ ахлати мавжуд нос" ҳам тилга олинди


Россиянинг Ульяновск шаҳридаги Суворовчилар ҳарбий билим юртида эхиноккокоз билан касалланган курсантлар нос чеккан бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақда терговчиларнинг баёнотларига таяниб Россиядаги ахборот воситалари хабар қилди.

Ҳарбий мактабда содир бўлган оммавий заҳарланиш сабаблари тўғрисида гапирган терговчилар фикрича, ўқувчилар “нос таркибида мавжуд... товуқ ва туя ахлатидан” заҳарланган бўлиши мумкин.

Бироқ, заҳарланган 52 курсантнинг ота-оналари фарзандларига касаллик сифатсиз овқатдан юққанига ишонмоқда.

"Носга ҳайвонлар ахлати қўшилади!"

Ульяновскда эхинококкоз билан заҳарланган ва ҳозирда шифохонага ётқизилган Суворов ҳарбий билим юрти курсантлари нос чеккан бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги иддаолар Россиянинг “Известия” газетасида пайдо бўлди.

Нашр журналистлари ўз тахминларини “терговга яқин бўлган манба” маълумотларига таяниб ёзаётганини маълум қилди.

“Агарда носвой таркибига ҳақиқатан ахлат солинса, унда касаллик айнан шундан тарқаган бўлиши мумкин”, деб хулоса чиқарган “Известия”нинг тиббиёт доираларидаги бошқа манбаси.

Курсантларнинг ота-оналари билим юртида касалланган болалар сони 52 кишига етганини ҳисоблаган бўлса, Россия Мудофаа вазирлиги касалланганлар сони 26 киши эканини айтмоқда.

Лентасимон паразит ҳисобланган эхинококк қурти курсантларнинг жигар, ўт, ўпка ва бошқа тана аъзоларини заҳарлагани январь охирларида аниқланди.

Бироқ, ота-оналар расмийлар тарқатаётган бу гап-сўзларга асос йўқлигини гапирмоқда.

10 синфда ўқиётган боланинг онаси Елена фарзандини бу билим юртидан олиб кетганини айтди:

- Болалар доимо бу ерда берилаётган озиқ-овқат сифатсизлигидан шикоят қилиб келарди – овқатдан қурт, соч, мих чиқишини, столлардан исқирт латта ҳиди анқишини гапирганда биз ишонмас эдик. Уларга берилган ички кийимларнинг йиртиқ-ямоқлиги ёки ботинкаларининг дабдаласи чиқиб кетганини гапирмасам ҳам бўлади! Бу Россиянинг элита гвардия билим юрти ҳисоблангани учун болаларимизнинг шикоятларига ишонгимиз келмасди.

Суҳбатдош вояга етмаган ўғли Россия армиясини “жаҳаннам” деб аташидан хафа бўлганини ҳам эслади.

Тиббиёт мутахассислари эхиноккок ташқи муҳитнинг барча ўзгарувчан шароитларига мослаша оладиган ўта хавфли қурт эканини айтар экан, у одам организмининг истаган жойига кириб бориши ва тухум қўйиши мумкинлигидан огоҳлантириб келади. Шифокорлар эхиноккок билан бундай оммавий тарзда касалланиш илгари кузатилмаганига ҳам эътибор қаратмоқда.

Мудофаа вазирлигининг Бош паразитологи Сергей Козлов бу масалада фикр билдираркан, бундай деди:

- Тахминлар кўп, аммо мен “болалар айнан ёмон овқатдан заҳарланди”, дея олмайман. Тергов ишлари натижаларини ҳозирча билмаймиз.

Россельхознадзор ва бошқа қатор идоралар носдан заҳарланиш тўғрисидаги версияга ҳатто тўхталмасдан, Суворов билим юртидаги ҳодиса антисанитария ҳолатлари билан боғлиқлигини алоҳида урғулади.

Касалланган болалардан бирининг отаси Сергей Кузнецов тафтиш учун тузилган комиссия охир-оқибат “ё итларни, ё болаларнинг ўзларини айбдор қилади”, дея тахмин қилди.

Муҳожирлар носни "баклашка"да Россияга олиб киради
Муҳожирлар носни "баклашка"да Россияга олиб киради

Россияда ишлаб чиқарилиши тақиқланган маҳсулот

Суворовчилар билим юртида содир бўлган оммавий касалланиш ва бошқа балоларга сабабчи қилиб кўрсатилиб келадиган носни Россияга одатда марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари олиб келади.

Сўнгги йилларда нос чекиш одати миллионлаб меҳнат мигрантларидан рус ёшларига ҳам юққани, натижада Россияда носга бўлган талабни ортгани кузатилмоқда.

Россия носни мамлакатга олиб кириш, мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришни қонунан тақиқлаган. Россияга нос олиб кирган шахс ушланган тақдирда маъмурий жазога тортилиши мумкин.

Носга нисбатан Россия ҳукумати олиб бораётган чекловларга қарамасдан, мамлакатда нос ишлаб чиқарувчи яширин цехлар мавжудлиги тўғрисида маълумотлар бор.

Нос Россия шаҳарларининг асосан меҳнат муҳожирлари гавжум бўлган жойларида, майда хусусий дўкон ва бозорларда сотилади. Россияга ишлагани келаётган ўзбек муҳожирлари ўзлари билан идишларга босиб солинган нос олиб келадилар.

Бирмунча вақт олдин Россия Давлат Думасининг айрим депутатлари носни наркотик модда деб тан олинишини қонунийлаштирмоқчи бўлишган эди.

2019 йилнинг январи охирларида Москвада марказий осиёлик муҳожирлар ижарага олган омборхона ва квартирадан 1,5 тонна нос мусодара қилинган эди.

XS
SM
MD
LG