Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2018, Тошкент вақти: 00:40

Россиядаги чемпионат очилишида МДҲ ва Лотин Америкаси раҳбарларигина қатнашади


14 июнда Россияда Футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланади.Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Чемпионат очилишига 17 мамлакат раҳбари келишини эълон қилди. Рўйхатда асосан МДҲ ва Лотин Америкаси давлатлари раҳбарлари номлари келтирилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Дмитрий Песков ЖЧ-2018 очилиш маросимига келаётган давлат раҳбарлари исмларини очиқлади. Журналистлар олдида бу ҳақда гапирган Дмитрий Песков Владимир Путин уларнинг айримлари билан алоҳида учрашишини ҳам айтди.

- Бугун (13 июнь куни) Путин Озарбайжон президенти (Илҳом Алиев), Руанда (Пол Кагаме), Боливия (Эво Моралес) президентлари, шунингдек, Ливан (Саад Ҳарири) ва Арманистон (Никол Пашинян) бош вазирлари билан алоҳида учрашувлар ўтказади, деди Кремль расмийси.

Дмитрий Песков Москва Футбол бўйича жаҳон чемпионати очилиши маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этишини ҳам билдирди.

Матбуот хизмати журналистларга эълон қилган рўйхатга кўра, Москвага қуйидаги давлат раҳбарлари ҳам келади:

Қозоғистон— Нурсултон Назарбоев,

Беларус — Александр Лукашенко,

Қирғизистон — Сооронбай Жээнбеков,

Молдавия — Игорь Додон,

Панама — Хуан Карлос Варела,

Тожикистон — Эмомали Раҳмон,

Парагвай - Марио Абдо Бенитес.

Булардан ташқари, Дмитрий Песковга кўра, очилиш маросимига Саудия Арабистони тахт вориси шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ал-Сауд, Шимолий Корея республикаси Олий халқ йиғини раиси Ким Ён Намлар ташриф буюради. Россия президенти матбуот хизмати 14 июндан 15 июлга қадар давом этиши режалаштирилган бир ойлик финал баҳслари давомида ўз жамоаларини қўллаб-қувватлашга яна бир нечта давлат раҳбари келиши кутилаётганини маълум қилди.

Россияда ўтказилувчи энг нуфузли футбол мусобақасига бирорта Ғарб давлати ёки “Катта 7лик”, “Катта 20”лик давлат етакчилари келмаётгани чемпионатга тайёргарликни кузатиб бораётган журналистлар эътиборидан четда қолмади.

Рассом Андрий Ермоленконинг сиёсий карикатураси
Рассом Андрий Ермоленконинг сиёсий карикатураси

ЖЧ-2018 турнири ташкилий қўмитаси раҳбари Алексей Сорокин чемпионат тайёргарлигига аллақачон 678 миллиард рубл (~10 млрд. АҚШ доллари) миқдорида маблағ сарфлангани ва кейинги бир ой давомида яна ҳаражатлар бўлишини билдирди.

- Бу пулнинг ярмини биз транспортга сарфладик, деди чемпионатга чиқарилган чипталар деярли ҳаммаси сотиб бўлинганини ҳам билдирган Алексей Сорокин. У бу мусобақа “тарихда энг қиммат баҳоланган чемпионат бўлиши” тўғрисидаги гапларга ишонмасликка чақирди.

Жаҳоннинг ривожланган давлатлари ва Россия ўртасида давом этаётган совуқчиликка изоҳ берган Владимир Путин “Россия G8-дан чиққани йўқ, улар ўзлари Россияга келишдан бош тортди”, деди.

- Россиянинг “еттилик”, “саккизлик”ка қайтиш масаласида: биз улардан чиққанимиз йўқ. Ҳамкасбларимиз маълум сабабларга кўра Россияга келишдан ўзлари воз кечишди. Марҳамат, биз Москвада ҳаммани кўришдан хурсанд бўламиз, деди Владимир Путин.

Айни дамда, Россиядаги чемпионатни бойкот қилган яна бир давлат - Буюк Британия жамоатчилиги очилиш маросимида қўшиқ куйлашини билдирган таниқли инглиз хонандаси Робби Уильямсни “Путиннинг шармандаларча режимига” пул ишлаш учун хизмат қилувчи “хоин”га чиқарди.Буюк Британия ҳукумати Россиядаги ЖЧ-2018-га расман бойкот эълон қилиши ортидан Исландия, Польша, Украина ҳам бу акцияга қўшилди. Бундан олдинроқ, Австралия ҳукумат раҳбарияти Россияда ўтказилажак чемпионатига келмаслигини эълон қилган эди.

Мусобақани бойкот қилиш масаласи Европа парламентида ҳам муҳокама қилингани хабари тарқалганди.

Россиядаги футбол чемпионатига қатнашмасликка кўплаб халқаро ҳуқуқ ҳимояси, жумладан Human Rights Watch, ташкилотлари даъват этди. Бойкотга қўшилган ташкилотлар ва давлатлар Россияни инсон ҳақлари топталиши, “Скрипаллар иши”, Донбассдаги қонли можаро, Қрим аннексияси, Малайзия учоғининг уриб туширилиши, Суриядаги уруш ва допинг-можарода айблаётгани маълум.

10 июн куни Германия канцлери Ангела Меркел ARD нашрига берган интервьюсида футболни севиши, аммо ҳозирги вазиятда унинг чемпионатга бориши “айрим тортишувларни келтириб чиқариши мумкинлиги”дан огоҳлантирди.

Бироқ, Меркель ўз терма жамоасини бориб қўллаб-қувватлаши мумкинлигини билдирди. Франция президенти Эммануэль Макрон, аксинча, Россиядаги мундиалга боришини инкор этмади.

Фақат очилиш маросимига эмас.

Эслатиб ўтамиз, 21 маротаба ўтказилиши кутилаётган футбол бўйича Жаҳон биринчилиги 14 июнь куни Москвада “Лужники” стадионида Москва вақти билан соат 18:00да очилади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG