Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:43

Эри қидирувда бўлган ўзбек аёли фарзандлари билан Россияга киритилмади


Аброр Хидиров оила аъзолари билан
Аброр Хидиров оила аъзолари билан

26 июл куни Ўзбекистондан 2 ёш боласи билан Москвага учиб келган аёл Россияга киритилмади ва Ўзбекистонга қайтариб юборилди.

8 август куни эса, аёлнинг турмуш ўртоғи - 38 яшар Аброр Хидиров Москвада Ўзбекистон маъмурлари талаби билан қўлга олинди.

Ўзбекистонда диний мотивлар билан қидирувга берилгани айтилаётган Хидировни Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти​ ўз ҳимоясига олди.

“Улар мени болларим билан 8,5 соат гаровда ушлашди!”

Шу йилнинг 26 июлида Москванинг Домодедово аэропортига Бухородан келиб қўнган учоқдан икки ёш боласи - ўғли ва қизи билан тушган Муҳайё Саидова рус чегарачилари томонидан тўхтатилиб, 8,5 соат ушлаб турилганидан кейин ортга қайтариб юборилди.

Озодлик билан суҳбатда Муҳайё фсбчилар унинг ортга қайтарилиши сабабларини тушунтиришга ҳам уриниб ўтирмаганини айтди:

- Эрталаб 6 да чиқиб кетганмиз, болаларим чарчаган, қорни очган, бирининг ҳарорати кўтарилган... Булар эса менга “Эринг келса, у тасдиқласа, қўйворамиз”, деяпти. Мен дарров бу тузоқ эканини тушундим. Мен уларга “Йўқ, мен меҳмонга келганман, қизимни дўхтирга кўрсатаман. Бирйўла отасини ҳам кўриб кетамиз”, дедим. Бизларни нейтрал зонада 8,5 соат гаровда ушлашди, деди Муҳайё.

Суҳбатдош унинг олдига Москвадан келган адвокатни ҳам қўйишмагани, турли алдов йўллари билан уларни “Россия миграция қонунчилигини бузгани учун” Тошкент учоғига чиқариб, ортга қайтариб юборишганини билдирди.

Отаси билан учраша олмаган Аброр ва Муҳайёнинг фарзандлари
Отаси билан учраша олмаган Аброр ва Муҳайёнинг фарзандлари

Муҳайё Саидова бу саргузаштларга эрининг диний айбловлар билан 2014 йилдан буён Ўзбекистонда қидирувда экани сабаб бўлганини тахмин қилди.

- Қизчам 6 ойлигида турмуш ўртоғим Россияга ҳамма қатори ишлагани кетганди. Чунки даромадимиз йўқ, уйимиз ҳам йўқ. У намоз ўқишни билмайди. 2014 йилда акамнинг ўғли Амриддин Ашрапов қамалиб қолди. У ҳам Россияга бориб келувди. Шу жияним “Мени поччам кутиб олди, ишга жойлаштирди, ҳар ҳафта ўтириб, чойхўрлик қилардик”, дегани учун диний моддалар билан эримни ҳам 2014 йил охирида қидирувга берворишган эди. Гўё улар диний ташкилот тузган эмиш, деди Муҳайё Саидова.

Муҳайё Саидова Навоийдан. У 2014 йилдан бошлаб Навоий вилоят Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати тўлиқ назоратига тушгани, саноқсиз сўроқ ва “суҳбатлари”, шантаж ва қўрқитишларидан безор бўлиб кетганидан арз қилди.

Муҳайё Саидова билан тўлиқ суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:03 0:00
Бевосита линк

Аброр Хидиров экстремизмда айбланмоқда

8 август куни Москвада Муҳайёнинг турмуш ўртоғи, 1979 йилда туғилган Аброр Хидиров ҳибсга олингани Озодликка маълум бўлди.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти тайинланган ҳимоячи Абусуфён Гайтаев Озодлик радиосига ўзбекистонлик қочқин Аброр Хидиров 8 август куни тонг саҳарда ўз уйида қўлга олинганини айтди.

Москва шаҳар прокуратураси, Озодлик сўровига жавобан, Аброр Хидиров, дарҳақиқат, Ўзбекистон сўрови билан қўлга олингани ва дастлабки тафтиш ишлари бошлаб юборилганини билдирди.

Адвокат Хидировнинг ҳибсга олиниши ва 26 июл куни хотин-бола-чақасининг Россияга киритилмагани ўртасида бевосита алоқа борлигига ишора қилди.

- Хотинига берган саволлардан улар Аброрни қўлга олишмоқчи бўлганини пайқадим. “Нега уни депортация қилаяпсиз?”, дея берган саволимга чегарачилар “Унинг бу ерга келиши мақсади тасдиқланмаган!”, дейишди, яъни эри Россияда экани тасдиқланмаган эмиш. Биз чегарачиларнинг бу ҳаракатлари устидан арз қилишга тайёрланаяпмиз. Менимча, Ўзбекистон махфий хизматлари бечора аёлни болалари билан Москвагача кузатиб келишган ва маҳаллий ФСБ билан келишган ҳолда, эрининг қаерда эканини телефон орқали аниқлаб, қўлга олишган, деди Абусуфён Гайтаев.

Аброр Хидиров диний ташкилотларга аъзоликда айбланмоқда
Аброр Хидиров диний ташкилотларга аъзоликда айбланмоқда

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда 244-2 (Диний экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш) ва 223 (давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) моддалари асосида халқаро қидирувга берилган Аброр 2016 йилда Россия расмий идораларига қочқинлик мақомини сўраб, мурожаат қилган, аммо рад жавобини олган.

Адвокат Гайтаев Москвада ўзбекистонлик журналист Али Ферузнинг ҳибс этилгани ва бериб юборилиши тўхтатилгани юзасидан кўтарилган катта шов-шув жараёнида айни моддалар билан айбланаётган Аброр Хидировнинг Ўзбекистонга бериб юборилиши адолатдан бўлмаслигини айтди.

Озодлик вазиятни кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG