Линклар

Шошилинч хабар
16 август 2025, Тошкент вақти: 08:40

Жонсон: Россия ва Британия хавфсизлик бўйича ҳамкорлик қилиши керак


Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон (чапда) Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан. Москва, 22 декабрь.
Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон (чапда) Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан. Москва, 22 декабрь.

Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Лондон ва Москва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик қилиши керкалигини айтди. Жонсон кейинги беш йил ичида Россияга хизмат сафари билан келган илк Британия вазиридир.

22 декабрь куни Жонсон Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан суҳбатда Россия ва Британия ўртасидаги алоқалардаги “муаммоларга” қарамасдан, икки давлат тинчлик ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидлади.

Хусусан, Жонсон Россия ва Британия Эрон ядровий келишувини сақлаб қолиш, Шимолий Корея ядровий ва ракета дастурларига қарши курашиш ҳамда Сурияда тинчлик ўрнатиш каби халқаро масалалар бўйича ҳамкорлик қилиши кераклигини айтди.

Лавров эса, Москва музокаралар алоқаларни тиклашга ёрдам берадиган “муайян қадамларга” бошлашига умид қилишини айтди.

- Алоқаларимиз – бу ҳеч кимга сир эмас – жуда пастлаб кетган, - деди Лавров.

Лондон ва Москва ўртасидаги алоқалар Украина ва Сурия бўйича қарама-қарши қарашлар ҳамда Россиянинг АҚШ ва Европа давлатларининг ички сиёсатига аралашгани ҳақидаги иддаолар туфайли совуб кетган. Россия бу айбловларни рад этиб келади. Россия Хавфсизлик хизмати собиқ зобити Александр Литвиненконинг Лондонда заҳарлангани ҳам икки давлат ўртасидаги алоқаларга салбий таъсир кўрсатган.

Бош вазир Тереза Мэй Жонсон Москвадаги музокараларга қаттиққўллик билан ёндашишини айтди.

Ташриф арафасида Жонсон Москва Европа давлатларини “беқарорлаштиришда давом этар экан, Россия билан алоқаларимиз ҳар доимгидек бўла олмайди”, деди.

- Аммо, халқаро хавфсизлик учун бир-биримиз билан гаплашишимиз ўта муҳим, чунки англашилмовчиликлар ёки тушунмовчиликлар кескин оқибатларга олиб келади, - деди Жонсон.

Вазир 2015 йилда Эрон ва дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида эришилган келишувни сақлаб қолиш, Шимолий Корея солаётган таҳдид ҳамда 2018 йилда Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати давомида хавфсизликни таъминлаш масалаларини ҳам муҳокама қилишини айтди.

Жонсон 17 декабрь куни The Sunday Times газетасига берган интервьюсида Россияни қадимги юнон шаҳри Спарта каби “ёпиқ, ёқимсиз, жанговар ҳамда антидемократик” ўлароқ таърифлаб, Кремль ғазабини қўзғатган эди.

21 декабрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Москва ва Лондон ўртасидаги танг алоқалар учун Британия айбдор эканлигини таъкидлади.

Захарова бундан аввал Жонсонни ўз иши устаси эмаслигини айтиб, уни масхараловчи расмлар чизиш бўйича онлайн танлов ўтказган.

XS
SM
MD
LG