Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2023, Тошкент вақти: 05:14

Россия Бишкек шаҳридаги туманларнинг номлари қирғизчалаштирилишига қарши чиқмоқда


Бишкек манзараси.

Жорий йилнинг 25-26 ноябрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтган Халқ қурултойида Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши раиси Нурланбек Шакиев миллий тил масаласини кўтариб, пойтахт Бишкекдаги тўрт туман номини ўзгартиришни таклиф қилди.

Москва бу таклифига зудлик билан муносабат билдирди. Россия Давлат думаси депутатлари Қирғизистонда “рус тили камситиляпти” деган иддаони олға сура бошладилар.

Қирғиз жамоатчилиги россиялик депутатларнинг бу ҳаракатини “мамлакат ички ишларига аралашиш” деб баҳоламоқда. Ҳозирча на Жўғўрқу Кенеш, на ҳукумат бу борада расман муносабат билдирмади.

Жўғўрқу Кенеш раиси Нурланбек Шакиев Халқ қурултойининг очилишида “Aфсуски, кўпчилик вилоятларимизда ҳанузгача бошқа тилда, бошқа номдаги ер-сувлар мавжуд, уларнинг барчасини тезроқ қирғизчалаштиришимиз керак. Жумладан, пойтахтимиз Бишкекнинг тўрт туманини тезда қирғиз тилида номлашимиз керак”, — деган эди.

Шакиевнинг бу баёнотидан сўнг, Россия Давлат думаси Халқаро ишлар қўмитаси раиси ўринбосари Светлана Журова “Говорит Москва” радиосига берган интервюсида бундай ташаббус “Қирғизистонда яшовчи русийзабонларнинг ҳуқуқларини поймол қилади”, деди.

"Бу оддий нарса эмас. Бу рус тилини бутунлай бостиришга қаратилган кичик қадамлардир. Бундан шубҳам йўқ. Балки биз ҳозирча бундай қилмасликни сўраб, Қирғизистондаги рус миллати вакиллари ҳуқуқларини бузмаслик чақирармиз. Aгар шундай бўлаверса, алоқаларимиз узилади”, — деди Журова.

Давлат думаси депутати Грузия ва Украинада ҳам “барчаси рус тилини бостиришдан бошлангани”дан огоҳлантирди ва бу масалага Россия президентининг аралашуви зарурлигини қайд этди.

Россия Коммунистик партияси аъзоси, Давлат думаси депутати Aлександр Юшченко спикер Шакиевнинг ташаббусини “Қирғизистон ҳукумати совет ўтмишига тупурмоқда”, деб баҳолади. Бу ҳақда Россиянинг “Газета.ру” нашри ёзди.

"Мен туманлар номини ўзгартиришни қўлламайман. Болтиқбўйи, Украинадан бошлаб собиқ Совет Иттифоқи республикалари, жумладан, Қирғизистон ҳам худди шундай йўлдан кетмоқда. Қирғизистон Совет Иттифоқида иқтисодий жиҳатдан кучли, мустақил республика сифатида шаклланган. Унинг потенциалы - “совет”ники. Шунинг учун совет ўтмишига тупуриш узоққа олиб бормайди”, -дер экан Юшченко, посцовет минтақасидаги "антисовет тенденцияси ортида Ғарб турибди" дея фикр билдирган.

Давлат думаси Халқаро ишлар қўмитаси раиси ўринбосари Дмитрий Новиков ҳам туманлар номини қирғиз тилига ўтказиш ташаббусини танқид қилиб, Қирғизистонда “антисовет рецидив” бошланганини айтган.

Дума вакилларининг бу баёнотлари қирғиз жамоатчилигида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик буни Москванинг суверен давлатнинг ички ишларига аралашуви деб баҳоламоқда.

Депутат Камила Талиева россиялик ҳамкасби Журовага жавоб қайтарди ва унинг сўзларини “Қирғизистон ички ишларига аралашиш” деб ҳисоблашини айтди:

"Рус тили фақат Қирғизистонда расмий тил мақомига эга. Шу боис Россия Давлат думаси депутати Светлана Журованинг халқаро қоидаларга тўғри келмайдиган, давлат муносабатларига соя солувчи ва ҳамкор давлатнинг ички ишларга аралашган баёноти асоссиздир. Негаки, рус тилининг Қирғизистондаги ўрни алоҳида, қонунларимиздан бошлаб, кўчадаги рекламаларгача давлат тили билан ёнма-ён қўлланилади”.

Баёнотда халқ вакили маъмурий-ҳудудий номларни ўзгартириш суверен давлатнинг ички иши эканини таъкидлаб, бу ишнинг Қирғизистон ва Россия ўртасидаги муносабатларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди.

Шу билан бирга, пойтахт туманлари номларини қирғизчалаштириш ташаббуси амалга ошмайди деб ҳисобловчилар ҳам мавжуд. Улардан бири фуқаролик жамияти фаоли Чўрўбек Саданбек бу каби ташаббуслар аввал ҳам бўлганини эсга олди:

"Ҳукуматимиз туманлар номларини қирғиз тилига ўгиришига чиндан ишонмайман. Бунгача ҳам барча расмий ҳужжатларни қирғиз тилига ўгириш, расмий ёзишмаларни фақат қирғиз тилида олиб бориш ташаббуслари бўлган, лекин улар амалга оширилмаган. Сўнгги бор бош прокурор “ҳамма давлат ҳужжатларини қирғизча қилайлик”, деб таклиф қилган эди. Бироқ Россиянинг Қирғизистондаги элчиси бу баёнотдан хавотир билдирди. Шу тариқа бу ташаббус натижа бермади. Демак, бу ташаббус ҳам натижа бермайди".

Расман бир миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Бишкек шаҳри тўрт туманга бўлинган. Улар Биринчи Май, Свердлов, Октябрь ва Ленин туманларидир.

Туманлар номларини қирғизлаштириш ташаббуси бир неча йилдан бери кўтарилади.

Президент Садир Жапаров 16 ноябрь куни Боткен вилоятидаги учта қишлоқ ҳукумати ва 10 та қишлоқ номини қирғизчага алмаштириш тўғрисидаги қонунни имзолаган.

Қирғизистонда қишлоқ, ҳудуд, туман ва вилоятларга қирғиз тилида ном бериш 1991 йил, мустақилликка эришгандан сўнг бошланган.

Форум

XS
SM
MD
LG