Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:22

Сиёсатшунос: "Россия ва Беларусь КХШТни сақлаб қолиб, уни Ғарбга қарши қуролга айлантиришга интилмоқда"


Владимир Путин, Александр Лукашенко ва КХШТга аъзо бошқа давлатлар раҳбарлари.
Владимир Путин, Александр Лукашенко ва КХШТга аъзо бошқа давлатлар раҳбарлари.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо мамлакатлар раҳбарларининг Еревандаги охирги саммити кўча намойишлари манзарасида ўтди. Намойишчилар ҳукуматдан КХШТдан чиқишни талаб қилдилар. Улар Озарбайжон билан зиддият кескинлашиб, Арманистон ҳимояга муҳтож бўлган пайтда ушбу ташкилот қўл қовуштириб турди ва бирон амалий чора кўрмади, деб ҳисоблашмоқда.

“Бизнинг хавфсизлигимизга кўмаклашиш ўрнига улар Озарбайжонни сиёсий дастаклашди. Россия билан Беларусь Озарбайжонга ёнбосди, КХШТнинг бошқа аъзолари ҳеч вақо қилишмади. Путин, Лукашенко ва бошқалар мамлакатимизга оёқ босмаслиги керак эди. Энг камида Путин ва Лукашенкони қамаш керак, улар шунга лойиқ”, деди сиёсатчи Даниел Иоаннисян.

КХШТнинг Ереванда 24 ноябрь куни ўтган саммити арафасида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев “Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида Бокунинг дўстлари Арманистонникидан кўп”, дея баёнот берди. Еревандаги митингчилар унга қўшимча қилишди: “Алиев адашди. Унинг хатоси шуки, КХШТда Арманистоннинг дўсти йўқ, бўлмайди ҳам”, деди, жумладан, сиёсатшунос Рубен Меграбян.

Лукашенко Қозоғистондаги воқеалардан кейин расмий Тошкентни огоҳлантирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:14 0:00

Митинг қатнашчилари КХШТ ва Кремлдан қандай мадад кутишган эди? Аввало, ташкилот 44 кунлик урушнинг олдини олишига, қолаверса, Арманистон армиясига ёрдам беришига умид қилишганди. Амалда эса 2020 йилда мамлакат сон жиҳатидан устун ва қурол-аслаҳаси замонавийроқ бўлган Озарбайжон қуролли кучлари қаршисида ёлғиз қолди, дейишади намойиш етакчилари.

Боку ва Ереван 2020 йилнинг ноябрида Кремль воситачилигида имзолаган сулҳ шартномасига биноан Тоғли Қорабоғнинг айрим туманлари Озарбайжон назоратига ўтди. Москва ҳудудга тинчликпарвар кучларни киритди – қарийб икки минг ҳарбий, 90 та БТР, 380 та автомобиль ва махсус техника билан. Россия контингенти борлигига қарамай Армани-Озарбайжон можароси орада бир неча бор оловланди. Саммитга қарши чиққан халойиқнинг Кремлга энг катта эътирозларидан бири ҳам шу. “КХШТнинг куни битди. Путиннинг ташрифи ҳам охиргиси бўлади. Тамом, Арманистон Россия учун ёпилади. Биз қонхўр, террорчи мамлакатлар билан олди-берди қилмаймиз”, дейишди улар.

Бу айни руҳдаги биринчи акция эмас. КХШТга аъзо давлатлар раҳбарлари Ереванга келиши арафасида ҳам халқ шиор ва талабномаларни кўтариб намойиш ўтказган, кўчаларда “Путин – қотил! Йўқолсин уруш!” деган хитоблар янграган эди.

“Настояшчее время” сиёсатшунос Аркадий Дубнов КХШТнинг Ереван саммити натижаларини муҳокама қилди.

– Еревандаги намойишчилар Арманистон КХШТдан чиқишини талаб қилишди. Бу фикр мамлакатда қанчалик оммалашган?

– Жуда оммалашган, деб ўйлайман. Устун ёки мутлақ кўпчиликнинг фикри, дея олмайман лекин. Чунки кўплаб арманлар ҳамон Россияни Арманистон хавфсизлиги кафолати деб билишади. Бу бир анъана, камида бир асрлик – илдизи XIX аср бошларига тақалади. Ереван кўчаларида кўраётганимиз эҳтирослар икки позициянинг тўқнашувидир: бир томонда – армани жамиятининг ноиложлик ва мавҳумликдан тўйган қисми, иккинчи томонда эса Тоғли Қорабоғнинг Россия билан дўстликка интилишидан хижолат бўлаётган Арманистон раҳбарияти бор. Россия билан Беларусь, табиийки, КХШТни парчаланишдан сақлаб қолишни ва уни Ғарб билан курашда қуролга айлантиришни истайди.

Мен бу гапни КХШТнинг бўлажак раиси – Беларусь тарафининг баёнотларидан келиб чиқиб, айтяпман: ташқи ишлар вазири Макей, қолаверса Лукашенконинг ўзи ҳам ташкилот истиқболини айнан шундай тасаввур қилишларини етарлича очиқ англатишди. Ва, ниҳоят, ташкилотни эрозиядан сақлаб қолишга уриниш бўлаётганини кўрсатувчи яна бир нарса бор. Қозоғистон квотаси бўйича КХШТнинг янги бош котиби этиб кутилмаганда собиқ бош вазир, собиқ мудофаа вазири ва Қозоғистоннинг Россиядаги собиқ элчиси Имангали Тасмагамбетов тайинланди. Менинг назаримда, бу Москва билан Астана тарафидан бўлган анча жиддий муросавий қарор, шу билан бирга, Ереванга босим ўтказиш воситасидир. Саммит арафасида Арманистон ва Қозоғистон мудофаа вазирликлари делегациялари учрашиб, аллақандай қўшма режаларни муҳокама қилганига эътибор бердингизми? Хуллас, Москва билан Остона келишиб, арманларни ташкилотдан чиқишга шошмай туришга кўндиришга ҳаракат қилишмоқда.

– Ушбу тайинловда қанақа муроса бор?

– Бу, бир томондан, Қозоғистон билан Россиянинг нафақат КХШТ доирасидаги, балки икки томонлама алоқаларини ҳам мустаҳкамлайди. Чунки Тасмагамбетов Москвада катта обрў ва ҳурмат орттирган. У оғир вазнли сиёсатчи, адашмасам, Россияда бизнеси ҳам бор, ўзиники бўлмаса қариндошлариники аниқ бор. Москва буни ҳисобга олади. Тасмагамбетов ҳам Қозоғистон ва Россия муносабатларидаги бутун чигалликни идрок эта олади ва ишини уддалайди, деб ўйлайман.

Бошқа тарафдан эса, Арманистон Қозоғистонни ташкилотдаги барча мамлакатларнинг ҳамкори сифатида ва Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий амалиётига анча танқидий муносабати важидан ҳурмат қилишидан фойдаланиб, шу йўл билан унинг ташкилотга салбий муносабатини юмшатишмоқчи. Тоқаевнинг саммитдаги баёнотига эътибор беринг: у Россия билан Украина қардошлик ва биродарликдан абадий воз кечмаслиги чораларини кўрмоғимиз лозим, деди.

– У бу гапни “ҳаммамиз бир бўлиб тинчлик формуласини излайдиган фурсат етди”, деган маънода айтди. Шуни назарда тутяпсизми? Бироқ, айни чоғда Россия телевидениесида Қозоғистон шаънига Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини олдидан Украина шаънига айтилган барча сўзлар янграмоқда. “Қозоғистон ҳудуди бизнинг тарихий ерларимиз” ва шу мазмундаги иддаолар давом этяпти. Бу гаплар бир-бирига қанчалик боғлиқ?

– Ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ. Айтадилар-ку, карвон ўз йўлидан кетаверади, итлар ҳуриб қолаверади.

– Бу ҳолатда "итлар" ким?

– Ўша итлардан бири, масалан, бурноғи куни “Қозоғистонда ҳам нацистлар режими пайдо бўлиши мумкин”, деб алаҳсираган “сиёсатшунос”. Қозоғистон ТИВнинг ушбу мавзудаги кескин баёнотларини кўргандирсиз. Бир нарсани тушуниб олайлик: Россия телевидениесидаги сиёсий маргиналлар, хусусан, анов Соловьёв бунақа алаҳсирашлари билан Россия раҳбарияти учун муайян рол ижро қилиб беради. Яъни, Кремль уларни Ғарбга ва яна кимларгадир, масалан, аҳолининг баъзи қатламларига кўрсатиб: “Мана қаранглар, бизда қанақа телба, тажовузкор нусхалар бор. Аммо биз ҳушёр раҳбарлармиз, уларнинг тизгинини бўшатмаймиз. Бунақаларни қарор қабул қиладиган лавозимларга яқинлаштирмаймиз”, дейди.

Бу оддий тактика, аммо жирканч тактика. Турган гапки, бунга рози бўлиш мумкин эмас, у муаммони чуқурлаштиради, ғашга тегади. Москва билан Киев, россияликлар билан украиналиклар ўртасидаги алоқалар ўн йиллар давомида шу тахлит қурилган. Қозоқлар эса бунақа нарсаларни кечиришмайди. Бироқ, афсуски, сиёсий технологик найрангларга муккасидан кетган Кремль бунақа истиқболга парво қилмайди. Энг катта фалокат мана шунда.

Форум

XS
SM
MD
LG