Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:10

Владимир вилоятида террорчиликда гумонланган икки марказий осиёлик ўлдирилди (ВИДЕО)


ФСБнинг Колчугинодаги махсус амалиёти
ФСБнинг Колчугинодаги махсус амалиёти

22 майга ўтар кечаси Россиянинг Владимир вилоятида ФСБ олиб борган махсус амалиёт вақтида икки шахс ўлдирилди. Махсус хизматлар бу шахслар Россия ҳудудида террорчилик актларини ҳозирлаётгани ва улардан портловчи моддалар, қурол мусодара қилинганини айтмоқда. Маҳаллий матбуот ўлдирилганлар марказий осиёлик эканини хабар қилди.

Владимир вилоятининг Колчугино шаҳарчасида 22 майга ўтар кечаси КТО (Террорчиликка қарши амалиёт- таҳр.) режими киритилди.

У ерда соат 00:35ларда ўтказилган махсус операция давомида иккита жангари ўлдирилгани, улардан иккита “Калашников” автомати, пистолет мусодара қилинганини хабар берди Россия Федерал хавфсизлик хизмати.

- Қуролни ташлаш ва таслим бўлиш таклифига жиноятчилар ҳуқуқ муҳофазаси органлари ходимларига қарата ўқ отди ва юзага келган отишма пайтида отиб ўлдирилди. Бандитлар шахслари аниқланди. Оператив штаб маълумотича, улар террорчилик ташкилотларидан бири тарафдори экани, хориждаги эмиссарлар билан алоқада бўлгани, улар буйруғи асосида одамлар оммавий тўпланадиган жойларида теракт ҳозирлаётгани аниқланди, - деди журналистлар олдида қилган чиқишида Террорчиликка қарши миллий қўмита (НАК) расмийси Александр Поляков.

Отишма жойида оператив ходимлар жанговар “қурол-аслаҳадан ташқари фойдаланишга тайёр бўлган ясама портловчи мослама ва диний-экстремистик адабиёт” топилгани хабар қилинди Террорчиликка қарши миллий қўмита расмий сайтида.

Айни дамда, Колчугино шаҳарчасининг амалиёт олиб борилган даҳаси тўлиқ полиция билан ўраб олинди, маҳаллий аҳоли эвакуация қилинди.

ФСБ оммавий ахборот воситалари орқали ушбу амалиёт борасида видео ва фотоматериалларни тарқатди.

Бироқ тақдим этилган видеода террорчилар билан олиб борилган сўзлашувлар ёки отишма акс этган маълумотлар йўқлигини ҳам кўриш мумкин.

Махсус амалиёт вақтида оператив штабда Владимир вилояти губернатори Владимир Сипягин ҳам бўлгани маълум қилинди.

Озодлик ўз манбаларидан ФСБ махсус амалиёти давомида отиб ўлдирилган шахслардан бири Тожикистон ватандоши Сайфулло ва Россия граждани бўлган Асомиддин исмли шахслар эканини аниқлади. Бу шахслардан бири маҳаллий қурилишларда қурувчилар бригадасини бошқариб келгани, иккинчиси машина ремонти билан кун кечиргани маълум бўлди. Хусусий мулк сифатида сотиб олинган ҳовлида Сайфулло билан бирга унинг хотини Наргиза ҳам яшаб келгани, улар фарзандлари борлиги маълум бўлди.

ФСБ бу шахслар қайси террорчилик ташкилоти аъзоси экани тўғрисида маълумот тарқатганича йўқ.

Айрим рус блогерлари бу амалиётлар махсус хизматлар томонидан уюштирилган бўлиши мумкинлиги тўғрисида мулоҳаза билдирди.

Эслатиш жойизки, Россия ФСБси шу йилнинг 12 апрелида Тюмень шаҳрида ҳам махсус амалиёт вақтида террорчиликда ва “Ислом давлати” гуруҳи тарафдори эканликда гумонланаётган икки шахсни отиб ўлдирганини хабар қилганди. 23 апрель куни махсус кучлар Махачқала ва Грознийда “Ислом давлати” жангарилари экани айтилган яна 5 кишини “таслим бўлишдан бош тортгани учун” йўқ қилгани хабар қилинган эди.

13 март куни эса Самара вилоят фсбчилари “уларга граната отмоқчи бўлган” яна бир одамни отиб ташлагани тўғрисида ҳисобот берганди.

Бундан олдинроқ, шу йилнинг 27 февралида, Кабардин-Болқор Республикасининг Нальчик шаҳрида қуршаб олинган уйлардан бирида яна бир террорчиликда гумонланган шахс портлатиб юборилганди.

XS
SM
MD
LG