Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:43

«Россия-24» робот костюмидаги одамни ҳақиқий робот деб кўрсатиб¸ кулгига қолди


11 декабрь куни Россиянинг Ярославль шаҳрида ўтказилган форум давомида робот тақдимоти бўлиб ўтди. «Россия-24» телеканали «Борис» исмли роботни дунëнинг «энг етук роботлардан бири» дея таърифлади. Телеканал мухбири робот рақсга тушишни ўрганганини ҳам айтиб ўтди.

Аммо тез орада «Борис» аслида робот костюмини кийиб олган одам эканлиги ошкор бўлди.

Бунинг ортидан «Россия-24» телеканали бошқа рус нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига кулги бўлди.

Хўш, Ярославлда ким ёки нима томошага қўйилди? Технологиялар билан боғлиқ мавзуларни ёритиб келаётган Tjournal.ru вебсайти бу саволга жавоб топди.

Ширкат ходимлари қароргоҳи Россияда бўлган Show Robots ширкати «Алёша» исмли робот костюмларини сотиши ва ижарага беришини аниқлади. Ширкат костюмлари Ярославлда кўз-кўз қилинган роботга жуда ўхшаш бўлиб, Show Robots сайтида бу костюмлар бичими ҳамда техник характеристикаси туфайли «кўз олдингизда ҳақиқий робот турганига ишонасиз» дейилади. Tjournal.ru сайтида ёзилишича, бундай костюмларни ижарага олиш ёки 250 минг рублга сотиб олиш мумкин.

Tjournal.ru ходимлари сўзларига кўра, форум уюштирувчилари «Борис»ни ҳақиқий робот деб атамаган. Костюмдан иш жойларида роботлар келажакда тутадиган ролга бағишланган муҳокама давомида фойдаланилган.

«Россиянинг бўлажак интеллектуал етакчилари» деб номланган форумни Россия Таълим вазирлиги молиялаштиради. Президент Владимир Путиннинг шахсан ўзи қўллаган форум ҳар йили ўтказилади.

Хабарларга кўра, форумни ўтказиш ғояси муаллифи ҳам айнан президент Путиндир. Ўтган йилги форумда президент иштирок этган эди.

Бу йилги форумнинг очилиш маросимида Россия Таълим вазири Ольга Васильева ҳамда Ярославль вилояти губернатори Дмитрий Мироновлар қатнашди.

News-Yaroslavl россиялик ўсмирлар «Борис» билан тушган суратларни Twitterга юклади. Роботнинг орқасидан олинган суратда тирик одам бўйнини яққол кўриш мумкин.

«Медуза» хабар сайти «Борис» аслида робот эмаслиги ошкор бўлиши ортидан «Россия-24» YouTubeга юклаган видеосини ўчириб ташлаганини хабар қилди. Аммо 12 декабрь куни канал сайтида мазкур видеони ҳали ҳам кўриш мумкин эди.

Tjournal.ru сайтидаги мақолада форум уюштирувчиларидан фарқли ўлароқ, «Россия-24» роботни ҳақиқий мослама деб кўрсатгани эътироф этилган.

XS
SM
MD
LG